Эргашева Суғдиёна Санжарбек қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тарихий реалияларни ўзбек тилидан турк тилига таржима қилишнинг прагматик аспектлари (Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи мисолида)”, 10.00.13 – Қиёсий ва чоғиштирма тилшунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Fil5843.
Илмий раҳбар: Давлатов Олим Давлатович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қўқон университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Қўқон университети, PhD.03/2025.27.12.Fil.25.03.
Расмий оппонентлар: Хошимова Наргис Абдуллаевна, филология фанлари доктори, доцент; Хакимов Муҳаммадхон Хўжахонович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи ва унинг Сема Эйнел томонидан амалга оширилган туркча “Али Şир Неваи” таржимаси мисолида ўзбек тилидаги тарихий реалияларнинг турк тилига ўгирилишидаги прагматик хусусиятларни, таржима усуллари ва стратегияларини илмий жиҳатдан таҳлил этиб, тарихий колоритни сақлаш ва прагматик эквивалентликка эришишнинг оптимал йўлларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзбек-турк таржима жуфтлиги доирасида тарихий реалияларнинг прагматик табиати илк бор махсус тадқиқот обектига айлантирилиб, Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи мисолида икки тилнинг генетик-типологик қариндошлиги реалия таржимасини енгиллаштиради деган анъанавий қарашга зид ўлароқ, айнан шу яқинлик таржимонни сохта муқобиллик томон етакловчи прагматик тузоқ “яқинлик иллузияси” – яратиши ва шу сабабли қардош тиллараро таржимада прагматик эквивалентлик мезони қайта талқин қилиниши зарурлиги асосланган;
романдаги тарихий реалиялар Темурийлар даври тарихий-бадиий насрининг конкрет лексик қатламига мослаб, ўзбек таржимашунослигида янги бўлган олтита предмет-мазмуний гуруҳга (жуғрофий хос сўзлар, қаҳрамонларнинг исм ва тахаллуслари, моддий маданият, маъмурий-ҳуқуқий, ҳарбий ҳамда диний-маърифий) таснифланиб, ҳар бир гуруҳнинг чегаралари асар матнидан олинган мисоллар билан далилланган ва мазкур таснифнинг классик (Влахов–Флорин) моделларидан фарқли амалий аҳамияти кўрсатиб берилган;
ўзбек-турк бадиий таржимасида прагматик йўқотишнинг уч асосий кўриниши – маъно йўқотилиши (чодра/чиммат/паранжи фарқларининг ягона пеçе билан нейтраллашуви), маданий лакунанинг нотўғри тўлдирилиши (диний-меъморий реалия бўлмиш обхонанинг таҳорат олиш жойи семаси йўқолиб, дунёвий ҳавуз билан ўгирилиши) ва коммуникатив-эстетик таъсир йўқотилиши (тумоқ → şапка, қарқара ўтоғаси → çенгелли иğне тарзидаги асоссиз замонавийлаштириш) – конкрет бирликлар таҳлили орқали аниқланиб, уларнинг лингвистик ва маданий сабаблари очиб берилган ҳамда прагматик йўқотиш назарий тушунчадан амалий-таҳлилий мезонга айлантирилган;
Темурийлар даври тарихий реалияларини ўгиришдаги прагматик муаммолар уч йўналишда (тушириб қолдириш, семантик-прагматик йўқотиш, асоссиз замонавийлаштириш) тизимлаштирилиб, ҳар бирига мақбул муқобил вариантлар таклиф этилган ҳамда транслитерация+изоҳ уйғунлиги, иерархик унвонларни сақлаш ва изчиллик тамойилларига таянган амалий-методик тавсиялар билан бирга ўзбек тарихий реалияларининг туркча муқобилини қамровчи икки тилли изоҳли терминологик луғат ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертацияда ишлаб чиқилган назарий ва амалий хулоса, тавсия ва ишланмалар асосида:
Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи мисолида ўзбек–турк таржима жуфтлиги доирасида тарихий реалияларнинг прагматик табиати илк бор махсус ўрганилиб, икки тилнинг генетик-типологик қариндошлиги таржимонни сохта муқобиллик томон етакловчи “яқинлик иллузияси” яратиши асосланган ўринлардан ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтида бажарилган № ИЛ 5221091448 рақамли “Жаҳон навоийшунослиги электрон платформасини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳада фойдаланилган (Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтининг 2026 йил 5-майдаги № 178 сонли маълумотномаси). Натижада электрон платформа янги маълумотлар билан бойитилган;
романдаги тарихий реалиялар Темурийлар даври тарихий-бадиий насрининг конкрет лексик қатламига мослаб, ўзбек таржимашунослигида янги бўлган олтита предмет-мазмуний гуруҳга (жуғрофий хос сўзлар, қаҳрамонларнинг исм ва тахаллуслари, моддий маданият, маъмурий-ҳуқуқий, ҳарбий ҳамда диний-маърифий) таснифланиб, классик моделлардан фарқли равишда мисоллар билан далилланган ўринлардан Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги ижтимоий ва маънавий тадқиқотлар институтида ўтказилиб келинаётган анжуманлар, семинарларда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги ижтимоий маънавий тадқиқотлар институтининг 2026-йил, 22-майдаги 10/268-сон маълумотномаси). Натижада тарихий хотира ва миллий ўзликни англашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар мазмуни илмий асосланган мисоллар билан бойитилган;
Темурийлар даври тарихий реалияларини ўгиришдаги прагматик муаммолар уч йўналишда (тушириб қолдириш, семантик-прагматик йўқотиш, асоссиз замонавийлаштириш) тизимлаштирилиб, уларнинг мақбул ечимлари ҳамда транслитерация+изоҳ уйғунлиги ва изчиллик тамойилларига таянган амалий-методик тавсиялардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бадиий таржима кенгаши йиғинларида фойдаланилган. (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2026-йил 2-мартдаги 01-03/99-сон маълумотномаси). Натижада ёш ижодкорлар ва таржимашуносларнинг тарихий реалиялар бўйича тасаввурлари кенгайган, бадиий матнга тўғри ёндашув кўникмалари ошган;
ўзбек–турк бадиий таржимасида прагматик йўқотишнинг уч асосий кўриниши — маъно йўқотилиши, коммуникатив-эстетик таъсир йўқотилиши ҳамда маданий лакунанинг нотўғри тўлдирилиши (обхона → ҳавуз) — конкрет бирликлар таҳлили асосида аниқланган ўринлардан Ўзбекистон Миллий телерадикомпанияси “Ўзбекистон-24” ижодий бирлашмаси “Ўзбекистон” телерадиоканали ижодкорлари томонидан тайёрланган “Таълим ва тараққиёт” номли дастур ссенарийларининг 2024-2025-йил сонларида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадикомпаниясининг 05.03.2025 даги 05-09-390-сонли маълумотномаси). Натижада ушбу дастур орқали таржимашунослик бўйича илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларга тарихий реалиялар таржимасида эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатлар етказилган.