Мамедов Нормухаммад Мардановичнинг
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ғўзада сифатли уруғлик етиштиришда биоэкологик омилларнинг таъсирини илмий асослаш”, 06.01.05 -Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам B2023.3.DSc/Qx265.
Илмий маслаҳатчи: Рашидова Дилбар Каримовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.08/2025.27.12.Qх.01.02.
Расмий оппонентлар: Набиев Саидғани Мухторович, биология фанлари доктори, профессор; Алиқулов Сафар Менгликулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Тореев Фозилбек Нуруллаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ғўзада сифатли уруғлик етиштиришда биоэкологик омилларнинг уруғлик сифат кўрсаткичларига, генетик, матрикал хилма-хиллигига, физиологик хусусиятлари ҳамда қимматли хўжалик белгиларига таъсирини илмий асослаш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
турли экологик шароитларда етиштирилган тезпишар ва ўртапишар ўрта толали ғўза навларида 3-14 ҳосил шохларининг I-III тартибларида шаклланган уруғларнинг ривожланиш босқичлари таҳлил қилинган, уруғ сифати шаклланишида ташқи муҳит омилларининг таъсир механизми очиб берилган, уларнинг тўлиқ физиологик етилиши ва унинг юқори унувчанлик кўрсаткичлари ўртасида узвий боғлиқлик мавжудлиги, экинбоплик сифатлари ўртасидаги корреляцион боғлиқлик исботланган, шунингдек, ҳудудлар бўйича дифференциацияланиш қонуниятлари аниқланган;
ғўзанинг (G. hirsutum L.) турли навларида матрикал хилма-хиллик асосида шаклланган уруғлик материалининг агробиологик аҳамияти аниқланиб, ўсимликнинг турли ҳосил шохларида шаклланган уруғларнинг экинбоплик ва маҳсулдорлик хусусиятларида фарқлар мавжудлиги илмий асосланган ҳамда уруғчилик тизимида энг самарали уруғ шаклланиш зоналари белгиланган;
ғўза ўсимликларининг ўсиши ва ривожланишида фотосинтетик пигментлар (хлорофилл а, хлорофилл b ва каротиноидлар) миқдори ҳамда уларнинг нисбати, уруғ ҳосилдорлиги ва сифат кўрсаткичлари билан ўзаро боғлиқлиги илмий жиҳатдан асосланган, уруғ маҳсулдорлиги ва сифатининг шаклланишида фотосинтетик пигментлар, оқсил, мой миқдори, хлорофиллар ва каротиноидлар миқдорининг уруғ унувчанлиги ҳамда ҳаётчанлиги билан боғлиқлиги исботланган;
турли экологик шароитларда етиштирилган ғўза навлари уруғлик чигитларининг униб чиқиш қуввати, унувчанлиги, ҳаётчанлиги, 1000 дона уруғ вазни, оқсил ва мой миқдори каби қимматли хўжалик белгилари ва улар ўртасидаги корреляцион боғлиқлиги аниқланган, натижада уруғлик материалнинг экинбоплик ҳамда ҳосилдорлик салоҳиятини комплекс баҳолаш имконини берувчи интеграл баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган;
фузариоз вилт касаллиги билан зарарланган ғўза ўсимликларидан ажратиб олинган F. oxysporum замбуруғининг биологик хусусиятлари ва патогенлик даражаси аниқланган, шунингдек вертициллёз вилт касаллигининг ғўза навларининг қимматли хўжалик белгилари, тола технологик хусусиятлари ва уруғлик сифати кўрсаткичларига таъсири илмий жиҳатдан исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ғўзада сифатли уруғлик етиштиришда биоэкологик омилларнинг таъсирини илмий асослаш мавзусида ўтказилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
ўсимликнинг 9-14 ҳосил шохлари I ва II тартиб кўсакларида шаклланган уруғлик чигитларнинг юқори экинбоплик хусусиятларига эга эканлиги асосида уруғлик пахталарда тола ва уруғ чиқими ҳамда экиш сифатларини баҳолаш асосида ишлаб чиқилган саралаш мезонлари Хоразм вилояти Хива туманидаги “Беруний Элита Хусусий Уруғчилик Хўжалиги”да 70,0 га, “Хива Элита Уруғчилик Хўжалиги” МЧЖнинг 40,0 га, Урганч туманидаги ПСУЕАИТИ Хоразм ИТСда 70,0 га, вилоят бўйича жами 180,0 (бир юз саксон) гектарга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 19-мартдаги 05/04-04/299-сонли маълумотномаси). Натижада, ишлаб чиқариш шароитида ғўза ўсимликларининг 9-11 ва 12-14-ҳосил шохларидаги I ҳамда II тартибидаги кўсакларидан териб олинганда Хоразм-127 навидан 4,8-5,3 ц/га қўшимча уруғлик пахта ҳосили олиш имконини берган;
тезпишар ва ўртапишар ўрта толали ғўза навларида 3-14 ҳосил шохларининг I-III тартибларида шаклланган уруғларнинг ривожланиш босқичларини таҳлил қилиш асосида олинган тавсиялар Наманган вилояти Уйчи туманида “Уйчи обод замини” фермер хўжалигининг 93,0 ҳамда “Қизилровот селекционер” МЧЖнинг 15,0 га, жами 108 гектар майдонга экилган ғўзанинг C-6575 навининг элита уруғларини етиштиришга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 19-мартдаги 05/04-04/299-сонли маълумотномаси). Натижада, ишлаб чиқариш шароитида ўсимликларининг 9-11 ва 12-14-ҳосил шохларидаги I ҳамда II тартибидаги кўсакларидан териб олинганда C-6575 навидан 5,2-5,7 ц/га қўшимча уруғлик пахта ҳосили олинишига эришилган;
такомиллаштирилган юқори маҳсулдорлик ва уруғлик қимматига эга бўлган кўсакларни саралаш мезонлари Хоразм-127 ва C-6575 нави уруғлик майдонларида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 19-мартдаги 05/04-04/299-сонли маълумотномаси). Натижада, ғўзанинг Хоразм-127 навида тола ва уруғ чиқими 37,0-39,3 ва 60,2-62,3 %, C-6575 навида 36,6-37,6 ва 60,2-62,4 %,  ўсув қуввати 81,3-83,8 ва 82,8-84,8 %, унувчанлик 94-97 ва 95-97 % га тенг бўлди. Натижада, юқори сифатли уруғлик чигитлар улушини ошириш, уруғлик етиштириш самарадорлигини юксалтириш ҳамда уруғчилик мақсадида қўшимча ҳосил олиш имконияти яратилган;
вилт касаллиги билан зарарланган ғўза ўсимликларидан олинган намуналар асосида F. oxysporum f. sp. vasinfectum патогенининг соф культураси ажратиб олинган ва ЎзР ФА Микробиология институти «Саноат учун муҳим микроорганизмлар тўплами»га сақлаш учун қабул қилинган, SKB-888 коллекция рақами берилган ҳамда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 19-мартдаги 05/04-04/299-сонли маълумотномаси). Натижада, ундан фузариоз вилтига чидамли ғўза навларини яратишга қаратилган селекция ишларида инфекцион фон сифатида фойдаланиш имконияти яратилган;
уруғ сифатига таъсир этувчи биологик омил сифатида F. oxysporum f. sp. vasinfectum A-1 штамми билан лаборатория шароитида сунъий зарарлантирилган тупроқда ўтказилган тажрибалар асосида олинган натижалар уруғлик мақсадида экилган Султон, С-6524, Хоразм-127, С-5707, С-6575, С-6580, С-8295, С-8296, С-8297 ва Бухоро-10 ғўза навларининг фузариоз вилтига чидамлилик даражасини баҳолашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 19-мартдаги №05/04-04/299-сонли маълумотномаси). Натижада, уруғларнинг унувчанлиги 52,5-90,0 %, ниҳолларнинг касалланиш даражаси эса 17,5-40,0 % оралиғида ўзгариши аниқланиб, мазкур штаммдан селекция материалларини касалликка чидамлилик бўйича баҳолашда юқори самарали тест-объект сифатида фойдаланиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish