Мирахатова Диёра Миразим қизининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Араб расмий дискурсида имконият/имконсизлик модаллигининг ифодаланиш воситалари”, 10.00.05 – “Осиё ва Африка халқлари тили ва адабиёти” (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/Fil.3424.
Илмий раҳбар: Муталова Гулнора Сатторовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.         
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.05.03.
Расмий оппонентлар: Сафаров Шахриёр Сафарович, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Насирова Малика Анваровна, филология фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади араб тилининг расмий дискурсида имконият ва имконсизлик модаллигини ифодаловчи воситаларни асослаш ҳамда уларнинг функсионал-семантик тавсифини беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
расмий дискурсда модаллик жумланинг воқеликка бўлган турли муносабатни ҳамда баён этилаётган мазмунга бўлган субектив баҳони ифодаловчи функсионал-семантик категория сифатида намоён бўлиши аниқланган;
модаллик категориясини белгиловчи машрūțийя, wажҳ, маwқифийя, машрūțийя, маwқиф, мūдалайти ва мūдал каби терминлар аниқланиб, улар орасида, маwқифийя ва маwқиф  кабилар модалликнинг моҳиятини тўлиқ очиб берувчи ва энг мақбул терминлар сифатида  белгиланган;
араб тилининг расмий дискурсида модалликнинг лексик (турли сўз туркумларига мансуб сўзларнинг семантик таркибига кирувчи модаллик ва модал сўзлар), синтактик (киритма сўзлар ва конструксиялар) ҳамда морфологик (шарт-истак майли) даражаларда амалга ошиши илмий жиҳатдан исботланган;
Миср Араб Республикаси президенти расмий нутқларида модал бўёқларни ифодалашда  модал шаклларнинг устуворлиги аниқланган (истаṭāʿа /қодир бўлиш, имконига эга бўлмоқ/; предикативлар мумкин/юмкин /мумкин/ ва лā яжūз /мумкин эмас/ сўзлари бўлиб, улар асосан шарт майли ва асосий семантик феъл билан бирикиб қўлланади), шунингдек, яқин перифериянинг барқарор роли (модал феъллар: тамакканна /бирор ишни бажариш имконига эга бўлмоқ; қодир бўлмоқ/, мин ал-мумкин /мумкин/, лā юмкин /имконсиз/, фī имкāни /имкониятга эга/, қāдир  /қодир/) аниқланган; 
араб расмий дискурсида имконият ва имконсизлик модаллиги категориясини ифодалашнинг энг маҳсулдор усули аниқланиб, булар феълни шарт майлига келтирувчи юкламалар билан бириккан шарт майли, модал феъллар, қад юкламаси билан бириккан имперфектнинг аниқлик майли, шунингдек, шахссиз қурилмалар, сифатдошлар, синтактик конструксиялар ва оҳанг эканлиги ойдинлаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Араб расмий дискурсида имконият ва имконсизлик модаллигини ўрганиш натижасида олинган илмий натижалар ва амалий тавсиялар асосида:
модаллик категориясини белгиловчи машрūțийя, wажҳ, маwқифийя, маwқиф, мūдалайти ва мūдал каби терминлар аниқланиб, улар орасида маwқифийя ва маwқиф терминлари модалликнинг моҳиятини тўлиқ очиб берувчи ва энг мақбул терминлар сифатида белгиланганлиги асосидаги илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ДУК телерадиоканали томонидан тайёрланган “Таълим ва тараққиёт” ҳамда “Жаҳон адабиёти” радиоешиттиришлари ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ДУК телерадиоканалининг 2025-йил 12-августдаги 05-09-1296-сон маълумотномаси). Натижада, араб тилидаги модалликка оид назарий маълумотлар радиоешиттиришлар мазмунини бойитишга ҳамда ушбу мавзунинг оммалашувига хизмат қилган;
расмий дискурсда модаллик жумланинг воқеликка бўлган турли муносабатни ҳамда баён этилаётган мазмунга бўлган субектив баҳони ифодаловчи функсионал-семантик категория сифатида намоён бўлиши аниқланганлиги, Миср Араб Республикаси президенти расмий нутқларида модал бўёқларни ифодалашда модал шаклларнинг устуворлиги ҳамда яқин перифериянинг барқарор роли аниқланганлиги асосидаги илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро тадқиқот марказида тадқиқ қилинаётган диний манбалар ва ҳадисларнинг арабча матнларини илмий-лингвистик ўрганишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро тадқиқот марказининг 2025-йил 25-декабрдаги 02/616-сон маълумотномаси). Натижада, араб тилида модалликнинг функсионал хусусиятлари ва унинг расмий дискурсда намоён бўлишига оид мазкур илмий натижалар диний манбаларда ушбу ҳодисани аниқроқ талқин қилиш ҳамда илмий-лингвистик тадқиқотларни такомиллаштиришга хизмат қилган;
араб тилининг расмий дискурсида модалликнинг лексик, синтактик ҳамда морфологик даражаларда амалга ошиши илмий жиҳатдан исботланганлиги ҳамда араб расмий дискурсида имконият ва имконсизлик модаллиги категориясини ифодалашнинг энг маҳсулдор усуллари, жумладан, шарт майли, модал феъллар, қад юкламаси билан бириккан имперфектнинг аниқлик майли, шахссиз қурилмалар, сифатдошлар, синтактик конструксиялар ва оҳанг аниқланганлиги асосидаги илмий хулосалардан Тошкент давлат шарқшунослик университетининг “Холид Абдулазизнинг амалий грамматика дарслигини таржима қилиш” номли илмий-амалий лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 2025-йил 6-августдаги 01-04-01/1914-сон маълумотномаси) Натижада, мазкур илмий хулосалар талабаларда араб тили грамматикасини ўзлаштириш бўйича муайян кўникмаларни шакллантиришга, араб тилини чуқурроқ ўрганишга,  шунингдек имконият ва имконсизлик модаллигини ифодалаш воситаларига оид ўқув фанлари мазмунини бойитишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish