Шарифходжаев Усман Улфатовичнинг
докторлик диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари бренд бошқаруви услубий ёндашувини такомиллаштириш», 08.00.13 – Менежмент (иқтисодиёт фанлари).
Талабгорнинг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича тест синовидан ўтгани ҳақида маълумот: LA 0000190 03.06.2013 йил.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:30.09.2014/В2014.3-4.I187 .
Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: А.В. Ваҳобов, иқтисод фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети,16.07.2013.I.03.01
Расмий оппонентлар: Н.Қ.Йўлдошев иқтисод фанлар доктори, профессор; Д.Н.Рахимова, иқтисод фанлар доктори, профессор; А.А.Хошимов, иқтисод фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент ахборот технологиялари университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади – миллий электрон оммавий ахборот воситалари ва радиоканалларнинг ижтимоий ва бозор талаблари асосида самарали бошқарувини ташкил этиш бўйича таклифларни ҳамда миллий брендлар таснифини ишлаб чиқиш, бренд самарали бошқарувининг ташкилий тузилмасини асослаш ҳамда бренд даражаси ва самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлар тизимини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
илк бор миллий оммавий ахборот воситалари, хусусан радиоканаллар ва электрон оммавий ахборот воситалари миллий брендлари таснифининг тегишли сегмент белгилари (мулкчилик, ҳудудий фаолият, фаолият тури, бозор сегментлари, ижтимоий йўналтирилганлик, мақсадли аудиториялар, контент мазмуни ва бошқалар) асосида ишлаб чиқилган;
радиоканал(лар) самарали бошқарувининг ташкилий тузилмаси бренд бошқарувини мақсадли ташкил этиш асосида яратилган;
мақсадли бошқарув қарорларини қабул қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва «prime-time» (пик) даврларни аниқлаш натижасида иқтисодий самарадор янги контент ва лойиҳаларни жорий этиш бўйича таклифлар асослаб берилган;
бренд даражаси ва самарадорлигини баҳолаш жаҳон кўрсаткичлари асосида миллий электрон оммавий ахборот воситалари бозорининг ўзига хос хусусиятлари (минтақавий ихтисослашув, мақсадли сегмент, ривожланиш даражаси, самарадорлик ва бошқалар)ни эътиборга олган ҳолда, ижтимоий тармоқларда уни баҳолашнинг такомиллаштирилган тизими ишлаб чиқилган;
натижавийлик, бозор сегменти, бошқарувнинг горизонтал-вертикал муносабатлари ва мақсадли аудиторияни инобатга олган ҳолда электрон оммавий ахборот воситаларини ижтимоий ва бозор талаблари асосида самарали бошқарувини ташкил этиш бўйича таклифлар асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Электрон оммавий ахборот воситалари ва радиоканаллар фаолиятининг бренд бошқаруви бўйича илмий тадқиқот ишининг натижалари асосида:
ишлаб чиқилган миллий брендлар таснифи Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг амалий фаолиятига жорий қилинган (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг 2015 йил 23 ноябрдаги 05-2563-сон маълумотномаси). Таснифнинг агентлик иш жараёнида қўлланилиши натижасида янги очилаётган медиаларнинг шакли ва фаолият йўналишини таснифлаш жараёни такомиллаштирилган;
таклиф этилган радиоканал(лар) бренд бошқарувининг ташкилий тузилмаси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан маъқулланиб, жумладан, тизимдаги “Водий садоси” радиоканали фаолиятига жорий қилинган (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг 2015 йил 27 майдаги 01-1112-сон маълумотномаси). Бренд бошқаруви бўйича ташкилий тузилманинг жорий қилиниши, мақсадли аудитория билан ишлаш ва реклама берувчиларни жалб қилиш натижасида радиостанция даромади 54 фоизга ва тингловчилар сонининг 7 фоизга кўтарилишини таъминлаган;
электрон оммавий ахборот воситаларининг самарали бошқарувини ташкил этиш бўйича таклифлар Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан маъқулланиб, жумладан, тизимдаги “Daryo.uz” электрон медианинг фаолиятига жорий қилинган (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг 2015 йил 3 сентябрдаги 01-1943-сон маълумотномаси). Ижтимоий тармоқларда бренднинг танилишига оид ишларни амалга оширилиши, бошқа сегмент вакиллари билан ҳамкорликнинг кучайтирилиши натижасида веб-сайт фойдаланувчилари сони 3 марта ошган ва ушбу электрон оммавий ахборот воситасини интернет рейтингида юқори поғоналарга чиқишига олиб келган.