Sayt test rejimida ishlamoqda

Камалов Ойбек Ахматовичнинг

докторлик диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

    I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Бозор иқтисодиёти шароитида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномавий муносабатларни такомиллаштириш», 12.00.03 − Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).

Талабгорнинг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича тест синовидан ўтгани ҳақида маълумот: юридик фанлар номзоди.

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 30.09.2014/B2014.3-4.Yu38.

Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Н.С. Нарматов, юридик фанлар доктори, доцент.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, 16.07.2013.Yu.26.01.

Расмий оппонентлар: Р.Ж.Рўзиев, юридик фанлар доктори, профессор; К.О.Синдаров, юридик фанлар доктори; И.И.Насриев, юридик фанлар доктори.

Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

    II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳсулот етказиб бериш соҳасида фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни такомиллаштириш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятида қўллаш самарадорлигини ошириш бўйича илмий хулосалар ва қонунчиликни ривожлантиришга тавсиялар беришдан иборат.

    III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтириш, маҳсулот етказиб бериш соҳасида уларнинг иштироки доирасини кенгайтириш бўйича тавсиялар асосланган;

хўжалик судларида тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатлар устидан даъвони таъминлаш чораларининг кўрилиши шартлиги асосланган;

маҳсулот етказиб бериш шартномалари билан боғлиқ муносабатларда тадбиркорлик субъектлари ҳамда истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган илмий ечимлар таклиф этилган;

«Халқаро товарлар олди-сотдиси шартномалари тўғрисида»ги конвенциянинг маҳсулот етказиб бериш тартиб-таомиллари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартноманинг бузилишини олдиндан кўриш каби қоидалари асосида Фуқаролик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш асослантирилган;

Фуқаролик кодексининг 366-моддаси ва 108-моддаси талабларини ўзаро мувофиқлаштиришга бўлган зарурат аниқланган, бу борада халқаро ҳужжатларнинг қоидалари асосида ФКда «Битимларнинг электрон шакли» деб номланувчи янги 1101-моддани ифодалаш лозимлиги асослантирилган;

маҳсулот етказиб бериш шартномалари билан боғлиқ амалиёт таҳлили асосида сотиб олувчи маҳсулот етказиб берувчи топширган товарни масъулиятли сақлаши билан боғлиқ муносабатларга ФКнинг 51-боби («Омонат сақлаш») қоидаларини ҳам тадбиқ этиш зарурати асослаб берилган;

маҳсулотларни ўзлари ишлаб чиқарган тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда, маҳсулот етказиб бериш фаолияти билан шуғулланаётган ҳар қандай маҳсулот етказиб берувчи-сотувчига ҳам саноат ярмаркаларида қатнашиш, улар маҳсулотлари харидини электрон савдоларда, шунингдек биржа фаолиятида махсус ахборот портали орқали амалга ошириш лозимлиги асослантирилган.

    IV. Диссертацияни амалиётга жорий этилган илмий натижалари. Илмий ишнинг натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 76-моддаси, «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддаси, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддаси, «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш ҳамда ушбу қонунда «Тадбиркорлик фаолияти субъектларига берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллашнинг кафолатлари» номли янги 301-модда билан тўлдириш юзасидан таклифлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқилишида фойдаланилган. Ушбу таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли қонунининг 1, 14, 19, 23, 29-моддаларида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йил 16 ноябрдаги 02/1-5-сонли далолатномаси);

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорининг қуйидаги йўналишларида фойдаланилган: Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 4 мартдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 103-сонли қарорининг 9-банди ҳамда 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 162-сонли қарорининг 17-бандига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда инобатга олинган. Мазкур таклифларнинг амалга оширилиши хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хўжалик шартномаларини тузишда қонунийликни таъминлашга, тадбиркорлик субъектларининг тақдим этган аризалар асосида хўжалик судлари томонидан даъвони таъминлашнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Ушбу таклифлар 2015 йил 30 сентябрь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 1,3-бандларида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2015 йил 30 октябрдаги 4359-сонли далолатномаси).

Yangiliklarga obuna bo‘lish