Ижтимоий тармоқлардаги текшириб кўрилмасдан аноним равишда тарқатилган баъзи хабарларга кўра айрим илмий кенгашлар аъзолари томонидан “...илмий ишларни ҳимояга тайёрлаш ва Илмий кенгашдан ўтказиб бериш” каби важлар билан тадқиқотчилардан маълум миқдордаги маблағларни талаб қилиш ҳолатлари учраётгани билдирилган.
Шу каби фикрлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. 

Энг аввало, барчадан ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни текшириб кўрмасдан ишониш ахборот маданиятига зидлигини эслатиб ўтиш жоиз. Зеро, ҳар қандай ахборотни тарқатишда турли мақсадлар, айрим ҳолларда ғаразли манфаат билан шахс дахлсизлигига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотлар ҳам тарқатилиши эҳтимоли юқори. 
Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолиятининг самарали, очиқ ва шаффоф йўлга қўйилишида олий таълим ёки илмий тадқиқот ташкилотлари раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этади.  
Бинобарин, «Илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш тўғрисида низом»нинг 24-бандида “Илмий кенгаш ўзи фаолият юритаётган муассасанинг расмий бланки ва Давлат герби тасвири туширилган муҳридан фойдаланади. Муассаса раҳбарияти томонидан Илмий кенгаш фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилади”, деб аниқ белгиланган.
Шунга кўра, Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар томонидан тадқиқотчилардан Илмий кенгаш фаолиятини ташкил этиш ва таъминлаш билан боғлиқ харажатларни рўкач қилиб, хусусан, аттестация ҳужжатларини расмийлаштириш, уларни тизимга юклаш ва бошқа ташкилий ишлар учун моддий манфаатдорлик талаб қилиниши қатъиян тақиқланади. 
Ушбу ҳолатлар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиб, илмий тадқиқотлар сифати ва ҳимоя жараёнларининг низом талаблари асосида холислик ва очиқлик билан ўтказилишига салбий таъсир кўрсатади. 
Агарда кимдир ноқонуний тўловлар каби коррупциявий ҳолатларга дуч келса, бу ҳақда ОАКнинг ишонч телефони (95 193-11-43), “OAK. Onlayn maslahat”  Telegram бот, электрон почта манзили (info@oak.uz) орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Олий аттестация комиссияси ҳар қандай коррупциявий ҳолатларни қоралайди ва илмий фаолиятда очиқлик, адолат ва холислик тамойилларининг устуворлигини таъминлашни доимо муҳим ҳисоблайди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish