Абдувахобов Дилшод Абдувахидовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ерларга экиш олдидан ишлов берадиган машиналарни такомиллаштиришнинг илмий-техникавий ечимлари”, 05.07.01 - Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.3.DSc/Т724.
Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Умурзаков Акрамжон Хакимович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган давлат техника университети, PhD.03/2025.27.12.Т.15.06.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Тожиев Расулжон Жумабоевич, техника фанлари доктори, профессор; Худаяров Бердирасул Мирзаевич, техника фанлари доктори, профессор; Имомқулов Қутбиддин Боқижонович, техника фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот номи: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади ерларга экиш олдидан ишлов беришда қўлланиладиган такомиллаштирилган машиналарни ишлаб чиқиш орқали иш сифати ва унумини ошириш ҳамда энергия-ресурстежамкорликни таъминлашдан иборат.
III. Диссертация тадқиқотининг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
тупроққа экиш олдидан ишлов берадиган такомиллаштирилган машиналар (чизел-култиватор, тебранма-тишли борона, мола-текислагич) ишчи органларининг тури ва рамада жойлашиш схемалари улар томонидан тупроқни кам энергия сарфлаб деформацияланиши ҳамда дала нотекисликларига мосланувчан бўлиши ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган; 
ишлаб чиқилган машиналарнинг параметрлари тупроқнинг уваланиш даражаси ва зичлиги белгиланган талаблар даражасида бўлиши, шунингдек, уларнинг тупроққа ишлов бериш чуқурлиги бўйича барқарор ҳаракати ҳамда ишчи звеноларнинг тебранишларини ифодаловчи аналитик боғланишлар асосида тортишга қаршилик минимал бўлиши ҳисобга олинган ҳолда аниқланган;
такомиллаштирилган чизел-култиватор ишчи органларининг параметрлари улар орасидаги кўндаланг ва бўйлама масофалар технологик жараённинг ишончли бажарилиши, шунингдек, уларнинг таъсирида ишлов берилаётган палахсалар ёнбош юмшатилган зоналар томонга деформацияланиши натижасида энергияҳажмдорлик камайишини ҳисобга олган ҳолда аниқланган;
такомиллаштирилган тебранма-тишли борона тишлари изларининг кенглиги, ишчи звенонинг тишлари орасидаги кўндаланг ва бўйлама масофалар ҳамда такомиллаштирилган мола-текислагиш ғалтакмоласининг диаметри, текислагич ва ғалтакмола орасидаги тик масофа белгиланган технологик жараённинг ишончли бажарилиши, ресурстежамкорлиги ва кам энергия сарфлаб тупроққа сифатли ишлов берилишини ҳисобга олган ҳолда аниқланган;
тупроққа экиш олдидан ишлов берадиган такомиллаштирилган чизел-култиватор иш органлари излари орасидаги кўндаланг ва бўйлама масофа, тебранма-тишли борона тишлари узунлиги, ўткирланиш бурчаги, қалинлиги ва тиш пастки ўткирланган учининг узунлиги ҳамда мола-текислагичнинг текислагичи баландилиги, ғалтакмоласининг диаметри, текислагич ва ғалтакмола орасидаги тик масофаларнинг мақбул қийматлари ҳамда ҳаракат тезликлари уларга қўйилган агротехник ва энергетик мезонлар бўйича аниқланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ерларга экиш олдидан ишлов берадиган машиналарни такомиллаштиришнинг илмий-техникавий ечимлари бўйича олинган натижалар асосида:
тупроққа экиш олдидан ишлов берувчи машиналарга ва уларнинг иш органлари конструксияларига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк марказининг 1 та ихтирога ва 1 та фойдали моделга патентлар олинган. (1. ЎзР Патенти №ИАП 07340. Тишли борона. Бюлл. №4. 2023-й. 2. ЎзР Патенти №ФАП 2579. Тишли борона. Бюлл. №9. 2024-й.). Натижада агротехник талабларга жавоб берадиган ва кам энергия сарфлаб тупроққа экиш олдидан ишлов берадиган машиналар ишлаб чиқиш имкони яратилган; 
ишлаб чиқилган такомиллаштирилган ерларга экиш олдидан ишлов берадиган машиналар технологик жараёнлари бажарилишининг сифат кўрсаткичларини баҳолашга дастлабки талаблар ва машиналар конструксиясини лойиҳалашга техник топшириқлар тайёрланган, саноат нусхаларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш учун лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари (техникавий шартлар ва чизмалар) “Тўрақўрғон механика заводи” да лойиҳалаш жараёнларига жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 15-октябрдаги 05/04-04-677-сон маълумотномаси). Натижада тупроққа экиш олдидан тўлиқ ишлов берадиган машиналар конструксияларини ишлаб чиқиш имкони яратилган; 
тупроққа экиш олдидан ишлов бериш учун ишлаб чиқилган такомиллаштирилган машиналарнинг тажриба нусхалари Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институтининг тажриба хўжалиги, Наманган вилояти Наманган, Мингбулоқ, Чуст, Поп туманларидаги “Кумуш тола ёғдуси”, “Мингбулоқ лочини”, “Чавандоз Акбар полвон” ва “Ғолиб Фирдавс” фермер хўжаликларига жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 15-октябрдаги 05/04-04-677-сон маълумотномаси). Бунда 0,9-1,4 ва 1,4-2,0 синфга мансуб тракторлар билан агрегатланадиган такомиллаштирилган тупроққа экиш олдидан ишлов берувчи машиналар(чизел-култиватор, тебранма-тишли борона, мола-текислагич)ни қўллаш меҳнат сарфини 25,0 фоизгача кам бўлишини таъминлаган ҳолда ҳар бир гектар майдонга сарфланадиган тўғридан-тўғри (эксплуатацион) харажатларни 50 фоизгача камайтириш ва иш унумини 40 фоизгача ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish