Диссертация тадқиқотининг сифати ва илмий самарадорлигига энг дастлабки, холис ва профессионал баҳо – айнан илмий семинар муҳокамаларида берилади. Зеро, семинар мунозараларида тадқиқот мавзуси бўйича соҳанинг етук мутахассислари иштирок этиши билан биргаликда йиллар давомида тадқиқотчининг “игна билан қудуқ қазишдек” машаққатли меҳнатидан ҳар бир иштирокчи хабардор бўлади. Демак, илмий семинар нафақат дастлабки муҳокамадан ўтказиш механизми, балки тадқиқотчи меҳнатининг адолатли эътироф этилиш майдонидир.
Шу сабабли диссертация ҳимоясидан олдин ОАКга тақдим этиладиган аттестация ҳужжатларининг низом талаблари асосида тўлиқ расмийлаштирилиши масъулиятни илмий кенгашлар қошидаги илмий семинарлар зиммасига босқичма-босқич ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Бунда барча аттестация ҳужжатлари, жумладан, диссертация ва авторефератнинг ҳам низом талабларига мувофиқ тақдим этилиши семинар муҳокамасидан сўнг қатъий назорат қилиниши тадқиқотчи фаолиятини кейинги босқичларда баҳолашни осонлаштириши табиий. Айнан мана шу изчиллик – тадқиқотнинг якуний муваффақиятини таъминловчи асосий омил ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида, диссертация ҳимоясига тайёргарлик сифатини оширади ва Илмий кенгашлар рейтингини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис соҳадаги янгиланишларда илмий семинарлар фаолиятини ҳам такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда аттестация ишлари, жумладан диссертация ва авторефератнинг мазмунан ва меъёрий-техник жиҳатдан сифатли экспертизадан ўтишида тадқиқотчи ва илмий раҳбардан токи барча масъулларнинг шахсий масъулиятни кучайтириш зарурати юзага келмоқда.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-98-сон Фармонига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан диссертация ҳимояси тўғрисидаги эълонларни Олий аттестация комиссияси томонидан эълон қилиш тартиби тўлиқ бекор қилинмоқда. Демак, илмий семинарлар энди шунчаки муҳокама майдончаси эмас, балки диссертация сифатини таъминловчи биринчи ва энг масъулиятли назорат босқичига айланмоқда. Шу боис илмий кенгашлар рейтингида илмий семинарлар фаолиятининг самарадорлиги алоҳида ўрин тутиши мутлақо табиий ҳолдир.
Ахборот хизмати
.jpg)