Жорий йилнинг сентябр ойидан эътиборан диссертация ҳимояси ҳақида Олий аттестация комиссияси веб-сайтида эълон бериш учун тақдим этиладиган аттестация ҳужжатларидан ташқари диссертация авторефератининг низом талабларига мувофиқлигига жавобгарлик тўлиқ Илмий кенгашлар зиммасига ўтказилди. 

Мазкур жараён бўйича жойларга бир ой аввал расмий огоҳлантириш хатлари ҳам юборилган. Бунда, жумладан талабгорларнинг аттестация ҳужжатлари жамланмаси талаб асосида расмийлаштирилиши, диссертация авторефератида ишнинг илмий янгилик мазмун-моҳияти очиб берилиши, илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши, чоп этилган илмий ишларнинг мавжудлиги ва интернет тармоғида жойлаштирилганлиги каби муҳим талабларнинг бажарилишига қатъий риоя этилиши назарда тутилмоқда.  
Мазкур тартибнинг жорий этилиши янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва аттестация қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида илмий кенгашлар фаолияти самарадорлиги ва мустақиллигини оширишда муҳим босқич ҳисобланади. Зотан, тегишли фармонга мувофиқ 2027 йил январ ойидан Олий аттестация комиссиясининг фан тармоқлари бўйича эксперт кенгашлари томонидан диссертацияларни илмий экспертизадан ўтказиш ҳамда ҳимоя қилинган диссертациялар бўйича илмий кенгаш қарорларини Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинмоқда.


Мазкур ўзгаришлар илмий кенгашлар зиммасига юклатиладиган масъулиятни янада оширишни тақозо этиб, илмий даражалар бериш жараёнининг сифати, шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Чунки ОАК томонидан танлов асосида ўрганилган аттестация ишлари сифати Илмий кенгашлар рейтингини баҳолашда муҳим мезон ҳисобланади.

ОАК ахборот хизмати

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish