Асадов Дониёр Алишеровичнинг  
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Кесар кесиш амалиёти улушини камайтиришда замонавий тиббий ва ташкилий инновацион ёндашувлар”, 14.00.33 – Жамият саломатлиги. Соғлиқни сақлашда менежмент (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Tib1991.
Илмий раҳбар: Ризаев Жасур Алимджанович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат тиббиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат тиббиёт
университети, DSc.06/2025.27.12. Tib.17.02.
Расмий оппонентлар: Искандарова Шахноза Тулкиновна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Бабажанова Шахида Дадажановна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Абу Али ибни Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиёт университети (Тожикистон).
II. Тадқиқотнинг мақсади: такомиллаштирилган Робсон таснифи тизими негизида туғруқларни бошқариш тактикасини такомиллаштириш ва кесарча кесиш кўрсаткичини мақбул даражага келтиришга қаратилган тиббий-ташкилий чора-тадбирлар мажмуасини илмий жиҳатдан асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор соғлиқни сақлаш тизими даражасида абдоминал туғруқлар частотаси ва туғруқ билан боғлиқ асоратлар кўрсаткичларининг ўсиш тенденцияси сақланиб қолиши математик моделлаштириш асосида 2030 йилгача прогноз қилинди ҳамда акушерлик хизмати ресурсларини истиқболли режалаштиришнинг ташкилий-бошқарув асослари аниқланган;
 ҳудудлар кесимида кесарча кесиш амалиёти частотасининг ўсиш қонуниятлари ҳамда тиббий-ижтимоий омил сифатида туғруқ усули билан оналар ўлими кўрсаткичлари ўртасидаги тўғри ва аҳамиятли корреляцион боғлиқлик даражаси исботланиб, тизимли мониторинг юритиш зарурлиги асосланган;
акушерлик стационарларида даволаш-ташхислаш жараёни ва бошқарув қарорларини қабул қилишни тезкор мониторинг қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида, Robson халқаро таснифининг 7-, 8- ва 10-клиник гуруҳларини декомпозиция қилишга асосланган муаллифлик модификацияси ишлаб чиқилган ва тиббий-ташкилий самарадорлиги асосланган;
мутлақ тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлмаган шароитда туғруқ усулини танлашга салбий таъсир этувчи ижтимоий-психологик детерминантлар аниқланган, бунда тиббиёт ходимлари ва ҳомиладор аёлларнинг шахсий хоҳиш-истаклари туғруқ тиббийлашуви (медикализацияси) ривожланишининг мустақил хавф омиллари эканлиги аникланган.
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши. 
Кесар кесиш амалиёти улушини камайтиришда замонавий тиббий ва ташкилий инновацион ёндашувлар бўйича олинган илмий натижалар асосида:
биринчи илмий янгилик: илк бор соғлиқни сақлаш тизими даражасида абдоминал туғруқлар частотаси ва туғруқ билан боғлиқ асоратлар кўрсаткичларининг ўсиш тенденцияси сақланиб қолиши математик моделлаштириш асосида 2030 йилгача прогноз қилинди ҳамда акушерлик хизмати ресурсларини истиқболли режалаштиришнинг ташкилий-бошқарув асослари аниқланган. Математик моделлаштириш натижаларига кўра, мавжуд тенденциялар сақланган тақдирда республикада кесарча кесиш амалиёти улуши 2030 йилга келиб 40% гача етиши, яъни 2017 йилга нисбатан 2,6 баробар ортиши илмий жиҳатдан асосланган. Бу ҳолат оналар саломатлиги учун хавфнинг ортиши ҳамда соғлиқни сақлаш тизими харажатларининг сезиларли кўпайишига олиб келиши аниқланган. Илмий янгиликнинг моҳияти: республика бўйича 2010–2020 йиллардаги туғруқлар, кесарча кесиш амалиётлари ва оналар ўлимига оид маълумотлар математик таҳлил қилиниб, ўрта муддатли прогноз модели ишлаб чиқилди. Таҳлил натижалари кесарча кесишдан кейин оналар ўлими хавфи табиий туғруқларга нисбатан 2010–2012 йилларда 17,7 марта (OR=17,709; 95% CI 14,394–21,788), 2013–2015 йилларда 12,3 марта (OR=12,284; 95% CI 9,863–15,301) ва 2016–2017 йилларда 8,3 марта (OR=8,351; 95% CI 6,582–11,059) юқори эканлигини кўрсатди. Шунингдек, оналар ўлими ҳолатларининг 57–58% қисми кесарча кесиш орқали туғдирилган аёлларга тўғри келиши, операцияларнинг 57% и нисбий кўрсатмалар асосида бажарилгани аниқланди. Иқтисодий самарадорлиги: тадқиқот натижалари кесарча кесиш амалиёти улушининг мамлакат бўйича атиги 1% га ортиши йилига қўшимча 1578 та операция бажарилишига ва давлат бюджети харажатларининг 5658825797,7 сўмга кўпайишига олиб келишини кўрсатди. Аксинча, кесарча кесиш амалиёти улушини 1% га камайтириш соғлиқни сақлаш тизими маблағларини 5,6 млрд сўмдан ортиқ тежаш имконини беради. Хулоса: Ишлаб чиқилган математик прогноз модели кесарча кесиш амалиёти динамикасини олдиндан баҳолаш, хавф омилларини аниқлаш ва акушерлик хизмати фаолиятини самарали режалаштиришнинг илмий асосланган воситаси ҳисобланади. Ушбу ёндашув асоссиз кесарча кесиш амалиётларини камайтириш, оналар ўлими хавфини пасайтириш ҳамда давлат бюджети маблағларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
иккинчи илмий янгилик: ҳудудлар кесимида кесарча кесиш амалиёти частотасининг ўсиш қонуниятлари ҳамда тиббий-ижтимоий омил сифатида туғруқ усули билан оналар ўлими кўрсаткичлари ўртасидаги тўғри ва аҳамиятли корреляцион боғлиқлик даражаси исботланиб, тизимли мониторинг юритиш зарурлиги асосланган; Илмий янгиликнинг моҳияти: Республиканинг барча ҳудудлари бўйича кесарча кесиш амалиёти частотаси, оналар ўлими ва перинатал кўрсаткичлар қиёсий таҳлил қилинди. Тадқиқот натижаларига кўра, кесарча кесиш амалиёти улуши ҳудудлар бўйича сезиларли фарқ қилиши аниқланди. Энг юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри (29,6%), Тошкент (26,7%), Навоий (25,9%) ва Бухоро (22,4%) вилоятларида қайд этилган бўлса, Самарқанд (13,1%) ва Фарғона (12,3%) вилоятларида нисбатан паст кўрсаткичлар кузатилди. Шу билан бирга, кесарча кесиш амалиёти юқори бўлган ҳудудларда унинг перинатал натижаларга таъсири бир хил эмаслиги аниқланди. Таҳлиллар давомида кесарча кесиш орқали туғдирилган аёлларда оналар ўлими хавфи табиий туғруқларга нисбатан 2010–2012 йилларда 17,7 марта, 2013–2015 йилларда 12,3 марта ва 2016–2017 йилларда 8,3 марта юқори эканлиги статистик жиҳатдан ишончли исботланди (OR=17,709; OR=12,284; OR=8,351; 95% CI, p<0,05). Бу кўрсаткичлар туғруқ усули билан оналар ўлими ўртасида мустаҳкам боғлиқлик мавжудлигини тасдиқлади. Илмий янгиликнинг амалиётга татбиқ этилиши: Мазкур тадқиқот натижалари Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалининг 2026 йил 21 февралдаги 128-сонли буйруғи асосида ҳамда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиалининг 2026 йил 9 мартдаги 221-сонли буйруғи асосида клиник амалиётга жорий этилди. Тадқиқот натижалари асосида ҳудудлар кесимида кесарча кесиш амалиёти частотасини баҳолаш, оналар ўлими хавфи юқори бўлган ҳудудларни аниқлаш ҳамда акушерлик хизматида бошқарув қарорларини қабул қилиш тизими такомиллаштирилди. Жорий этилган ёндашув кесарча кесиш амалиёти кўрсаткичларини мунтазам мониторинг қилиш, асоссиз операциялар улушини камайтириш ва оналар ҳамда перинатал натижаларни яхшилашга хизмат қилди. Ижтимоий самарадорлиги: тадқиқот натижаларининг клиник амалиётга жорий қилиниши ҳудудлар кесимида кесарча кесиш амалиёти кўрсаткичларини тизимли мониторинг қилиш, оналар ўлими хавфи юқори бўлган ҳудудларни эрта аниқлаш ҳамда уларга нисбатан манзилли ташкилий ва профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини берди. Шунингдек, туғруқ усулини танлашда клиник кўрсатмаларга қатъий амал қилиниши таъминланиб, асоссиз кесарча кесиш амалиётлари улушини қисқартириш, акушерлик ёрдами сифатини ошириш ва оналар ҳамда перинатал натижаларни яхшилаш учун илмий асос яратилди. Иқтисодий самарадорлиги: тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш кесарча кесиш амалиёти кўрсаткичларини ҳудудлар кесимида таҳлил қилиш ва асосланмаган операцияларни камайтириш имконини берди. Бу эса жарроҳлик амалиёти, анестезиологик таъминот, операциядан кейинги интенсив терапия, стационарда даволаниш ва реабилитация билан боғлиқ харажатларни қисқартиришга хизмат қилди. Натижада соғлиқни сақлаш муассасаларида мавжуд молиявий ва моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш таъминланиб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига эришилди. Хулоса: ҳудудлар кесимида кесарча кесиш амалиёти динамикаси ва оналар ўлими кўрсаткичлари ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш ҳамда уларни комплекс баҳолаш акушерлик хизмати самарадорлигини ошириш учун муҳим илмий асос бўлиб хизмат қилди. Ишлаб чиқилган ёндашув хавфли ҳудудларни эрта аниқлаш, бошқарув қарорларини илмий асосда қабул қилиш, кесарча кесиш амалиётини оптималлаштириш ва оналар ўлими ҳамда оғир акушерлик асоратларини камайтириш имконини берди. Ушбу натижалар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд ва Тошкент вилояти филиаллари фаолиятига жорий қилиниб, акушерлик хизматининг самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
учинчи илмий янгилик: акушерлик стационарларида даволаш-ташхислаш жараёни ва бошқарув қарорларини қабул қилишни тезкор мониторинг қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида, Robson халқаро таснифининг 7-, 8- ва 10-клиник гуруҳларини декомпозиция қилишга асосланган муаллифлик модификацияси ишлаб чиқилган ва тиббий-ташкилий самарадорлиги асосланган; Таклиф этилган модификация кесарча кесиш амалиётига энг катта ҳисса қўшаётган юқори хавфли кичик гуруҳларни аниқлаш ва ҳар бир гуруҳ учун алоҳида бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини берди. Илмий янгиликнинг моҳияти: Тадқиқот жараёнида Робсон таснифининг амалдаги 10 гуруҳли тизими таҳлил қилиниб, 7-, 8- ва 10-гуруҳлар ичида клиник жиҳатдан турлича хавфга эга бўлган беморлар бирлаштирилганлиги аниқланди. Шу муносабат билан мазкур гуруҳлар ҳомиланинг ҳолати, ҳомиладорлик муддати, ҳомила сони, ҳомила ётиши ва қўшимча акушерлик хавф омилларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида кичик гуруҳларга ажратилди. Бу эса кесарча кесиш амалиётининг ҳақиқий сабабларини таҳлил қилиш, асоссиз операциялар улушини баҳолаш ва ҳар бир клиник вазият учун дифференциал ёндашувни ишлаб чиқиш имконини берди. Ижтимоий самарадорлиги: таклиф этилган такомиллаштирилган Робсон таснифи кесарча кесиш амалиёти бўйича статистик маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилигини оширди. Бу эса юқори хавфли беморлар гуруҳини эрта аниқлаш, клиник қарорларни қабул қилиш сифатини яхшилаш, асоссиз операцияларни қисқартириш ҳамда оналар ва чақалоқлар саломатлиги кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилди. Шунингдек, акушерлик муассасалари фаолиятини ягона мезонлар асосида баҳолаш имконияти кенгайди. Иқтисодий самарадорлиги: такомиллаштирилган Робсон таснифини амалиётга жорий этиш кесарча кесиш амалиётига кўрсатмаларни илмий асосда баҳолаш имконини берди. Бу эса асоссиз жарроҳлик амалиётлари сонини қисқартириш, операция, анестезия, интенсив терапия ва стационар даволаниш билан боғлиқ харажатларни камайтириш ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари ресурсларидан янада самарали фойдаланишга хизмат қилди. Хулоса: Робсон таснифининг 7-, 8- ва 10-гуруҳларини декомпозиция қилиш асосида ишлаб чиқилган такомиллаштирилган баҳолаш модели кесарча кесиш амалиёти кўрсаткичларини янада аниқ таҳлил қилиш, юқори хавфли клиник гуруҳларни ажратиш ва операцияга кўрсатмаларни оптималлаштириш имконини берди. Мазкур ёндашув акушерлик хизматида бошқарув қарорларининг самарадорлигини ошириш, кесарча кесиш амалиёти улушини оптималлаштириш ва оналар ҳамда перинатал натижаларни яхшилаш учун муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга.
тўртинчи илмий янгилик: мутлақ тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлмаган шароитда туғруқ усулини танлашга салбий таъсир этувчи ижтимоий-психологик детерминантлар аниқланган, бунда тиббиёт ходимлари ва ҳомиладор аёлларнинг шахсий хоҳиш-истаклари туғруқ тиббийлашуви (медикализацияси) ривожланишининг мустақил хавф омиллари эканлиги аникланган. Илмий янгиликнинг моҳияти: тадқиқот давомида ҳомиладор аёллар ва акушер-гинеколог шифокорларнинг туғруқ усулини танлашга таъсир этувчи ижтимоий-психологик омиллар комплекс баҳоланди. Натижада кесарча кесиш амалиётининг ортишига клиник кўрсатмалар билан бир қаторда ҳомиладор аёлларнинг операция орқали туғишга бўлган хоҳиши, оғриқдан қўрқиши, аввалги салбий туғруқ тажрибаси, тиббий маълумотларнинг етарли эмаслиги, шунингдек, шифокорларнинг ҳуқуқий хавфлардан эҳтиётланиши, профессионал ёндашуви ва ташкилий омиллар сезиларли таъсир кўрсатиши илмий жиҳатдан асосланди. Аниқланган омиллар асосида кесарча кесиш амалиётини камайтиришга қаратилган ташкилий-профилактик чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилди. Ижтимоий самарадорлиги: тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий қилиниши ҳомиладор аёлларни табиий туғруққа психологик тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шифокор ва пациент ўртасидаги самарали мулоқотни кучайтириш ҳамда туғруқ усулини танлашда далилларга асосланган ёндашувни кенг жорий этиш имконини берди. Бу эса асоссиз кесарча кесиш амалиётлари сонини камайтириш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, оналар ва перинатал натижаларни яхшилаш ҳамда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилди. Иқтисодий самарадорлиги: ишлаб чиқилган ташкилий ёндашувларнинг жорий қилиниши кесарча кесиш амалиётининг асоссиз қўлланилишини қисқартириш орқали жарроҳлик амалиёти, анестезиологик ёрдам, стационарда даволаниш, интенсив терапия ва операциядан кейинги реабилитация билан боғлиқ харажатларни камайтириш имконини берди. Шу билан бирга, табиий туғруқлар улушининг ортиши соғлиқни сақлаш муассасалари ресурсларидан самарали фойдаланиш ва давлат бюджети маблағларини тежашга хизмат қилди. Хулоса: Ҳомиладор аёллар ва акушер-гинеколог шифокорларнинг туғруқ усулини танлашга таъсир этувчи ижтимоий-психологик омилларни комплекс баҳолаш кесарча кесиш амалиётининг ортишига сабаб бўлувчи бошқариладиган омилларни аниқлаш имконини берди. Ишлаб чиқилган ташкилий ва профилактик чора-тадбирлар туғруқ усулини танлашнинг илмий асосланган моделини шакллантириш, асоссиз кесарча кесиш амалиётларини қисқартириш, оналар ва чақалоқлар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда акушерлик хизмати самарадорлигини оширишга хизмат қилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish