Машарипов Жахонгир Ахмедовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар. Инглиз ва ўзбек тилларида транспорт соҳасига оид терминларнинг лексик-семантик хусусиятлари, 10.00.13 – Қиёсий ва чоғиштирма тилшунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Fil5717.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети.
Илмий раҳбар: Ахмедов Ойбек Сапорбаевич, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети, PhD.03/2025.27.12.Fil.06.05.
Расмий оппонентлар: Исмаилов Исъҳақжон Отабаевич, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Аяқулов Нурбек Абдуғаффорович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларидаги транспорт соҳасига оид терминларнинг лексик-семантик ва деривацион хусусиятларини чоғиштирма аспектда очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инглиз ва ўзбек тилларидаги транспорт терминлари илк бор қиёсий-типологик ва деривацион ёндашув асосида баҳоланиб, уларнинг аффиксация, сўз бирикмаси ва метафорик кўчиш каби умумий ҳамда аффиксларнинг маҳсулдорлиги, бирикма терминлар таркиби ва компонентлар сонининг тафовутлари каби фарқли жиҳатлари аниқланиб, ушбу терминлар шаклланишида лексик, синтактик ва семантик деривация моделлари асослаб берилган;
транспорт терминлари семантик майдон назарияси асосида макро ва микро даражаларда таснифланиб, уларнинг ички тизимлилиги ҳамда ўзаро боғлиқлиги терминларнинг нечта макромайдонда қўлланиш даражаси мезони асосида ядро ва периферия қатламларига ажратилиши орқали далилланган;
транспорт терминологиясини унификациялаш ва стандартлаштиришга оид хорижий ва маҳаллий тилшуносларнинг илмий қарашлари асосида ушбу жараённинг босқичлари ҳамда бир маънолилик, қисқалик, деривативлик ва жорийланиш даражаси каби мезонлари такомиллаштирилиб, улар негизида амалий қўллашга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий, коммуникатив ва рақамли ёндашувлар ишлаб чиқилган;
транспорт терминларининг инглиз тилидан ўзбек тилига муқобил танланишининг лексик-семантик ва услубий хусусиятлари аниқланиб, қисқартма терминларни адекват ифодалаш усуллари асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Транспорт соҳасига доир инглиз ва ўзбек тилларидаги терминларнинг лексик-семантик хусусиятларини тадқиқ қилиш юзасидан олинган натижалар асосида:
инглиз ва ўзбек тилларидаги транспорт соҳасига тегишли терминларнинг морфологик усулда ясалиш имкониятларининг аниқланиши, иккала тилдаги ушбу усулда ясалган терминларнинг фарқли ва ўхшаш жиҳатлари, хусусан, транспорт терминларини ясашда энг фаол қўлланиладиган префикс ва суффикслар аниқланиши борасидаги илмий натижаларидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бажарилган ИЛ-27-4722022413-сон “Қиёсий адабиётшунослик” фанининг “Компаративистика” электрон платформасини яратиш мавзусидаги инновацион лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2025-йил 07-мартдаги 01-04-1/1138-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида яратилаётган электрон платформа учун амалий ва далилли мисоллар ишлатиш имконияти яратилиб, платформа доирасида нафақат терминларнинг ўзини, балки уларнинг морфологик хусусиятларини ҳам тақдим қилиш имконияти пайдо бўлган;
чоғиштирилаётган тилларда транспорт соҳасига оид терминлар шаклланишида лексик, синтактик ва семантик деривация моделлари бўйича олинган илмий хулосаларидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган ПФ-201912258 рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 03-апрелдаги 01/4-1221-сон маълумотномаси). Натижада электрон платформа транспорт соҳасига доир терминларнинг аффиксация, лексик-семантик ва синтактик каби ресурслар ҳисобига бойиши, бу усулларниг сермаҳсуллиги ва структуравий фарқлари борасидаги маълумотлар билан бойитилган;
транспорт соҳасига доир инглизча ва ўзбекча терминлар ўртасидаги лексик-семантик фарқлар тадқиқи ва мазкур терминларнинг семантик майдон назарияси доирасида барча транспорт турлари, жумладан – ҳаво транспортига доир семантик майдонини шакллантириш борасидаги илмий янгилик ва натижаларидан Урганч халқаро аэропорти ички ахборот тизимларида фойдаланилган (“Урганч халқаро аэропорти” масъулияти чекланган жамиятининг 2025-йил 04-апрелдаги 24-351-1.14-сон маълумотномаси). Натижада Аэропорт ички ахборот тизимларида инглиз тилидаги терминларнинг мос ва контекстга тўғри таржима вариантлари аэропорт ишчи ходимлари учун таржима сифати ва ахборот аниқлигини оширишга имкон яратилган;
транспорт терминларининг инглиз тилидан ўзбек тилига муқобил танланиши хусусиятлари ҳамда қисқартма терминларни адекват ифодалаш усуллари хусусидаги илмий янгиликлар ва тавсияларидан Хоразм телерадиокомпаниясининг “Тилимизни ўрганамиз” эшиттиришининг ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Хоразм вилоят телерадиокомпаниясининг 2025-йил 03-июлдаги 552-сон маълумотномаси). Натижада бу хулосалар Янги Ўзбекистон ёшларини транспорт соҳаси доирасида қисқартмаларнинг қанчалик аҳамиятли экани, уларнинг ўзбек тилида ифодаланиши маълум бир мезонлар асосида бўлиши ва турли усуллар билан амалга оширилиши ҳақидаги зарур билимлар билан бойитиб, илмий тараққиётни ривожлантиришга доир дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилган.