Исмоилов Хурматилло Тўлқинжон ўғлининг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек суд лингвистикаси: назария ва амалиёт”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.DSc/Fil1507.
Илмий маслаҳатчи: Набиева Дилора Абдуҳамидовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.07.03.
Расмий оппонентлар: Абдупаттоев Мухаммадтоҳир Тожимаматович, филология фанлари доктори, профессор; Эгамназарова Дурдона Шуҳратиллаевна, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Мамажонов Мухаммаджон Юсубжонович, филология фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади суд лингвистикасининг назарий асосларини “классик ривожланиш модели” асосида тизимли ёритиш, халқаро майдонда ўзбек суд линвистикасининг ўрнини белгилаш ҳамда камситиш ва ҳақорат билан боғлиқ зиддиятли матнлар суд-лингвистик экспертизаси амалиётини амалий тажрибалар асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзбек тилшунослигида илк бор ўзбек суд лингвистикасининг назарий асослари жаҳон ҳамда рус суд лингвистикаси тараққиёти билан уйғун ҳолда суд лингвистикасининг классик ривожланиш модели: назарий шаклланиш, методик ривожланиш, институционаллашув ҳамда замонавий ихтисослашув босқичлари асосида очиб берилган;
замонавий ихтисослашув босқичида жаҳон ҳамда ўзбек суд экспертизасида лингвистик экспертизанинг устуворлашуви далилланиб, юридик ҳужжат матни ҳамда зиддиятли матнлар суд-лингвистик экспертизасининг бугунги амалиёти халқаро тажриба асосида қиёсий баҳоланган;
ўзбек суд экспертизасида лингвистик экспертиза амалиётининг ўрни белгиланиб, камситиш ва ҳақорат билан боғлиқ зиддиятли матнлар суд-лингвистик экспертизасининг зарурати Андижон давлат университети қошидаги “Лингвистик экспертиза хизмат маркази” ҳамда 7 та ваколатли давлат органлари билан 2022-2024-йиллар давомида олиб борилган ҳамкорлик асосидаги тадқиқот натижалари билан асосланган;
ўзбек суд-лингвистик экспертизаси амалиётида шахснинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз ифодаларини семантик даражалашнинг зарурати асосланиб, тадқиқот доирасида хулосаланган 150 та камситиш ва ҳақорат билан боғлиқ зиддиятли матнлар асосида икки даражадаги: камситувчи вербал ифода, камситувчи паралингвизм ҳамда ҳақоратли вербал ифода, ҳақоратли паралингвизм турлари белгиланиб, линвомаданий ва юридик аспектлари очиб берилган;
анъанавий оғзаки, анъанавий ёзма ҳамда ёзма сўзлашув нутқига хос зиддиятли матнлар таркибида қўлланилган шахснинг шаъни ва қадр-қимматига тажовузнинг жами 125 та вербал ифодаси, жумладан, 78 та камситувчи, 47 та ҳақоратли вербал ифодалар юзасидан хулосалар чиқарилган, шунингдек, суд-лингвистик экспертизаси амалиётидаги заруратга кўра жами 18 та паралингвистик ифода, жумладан, 10 та камситувчи паралингвизм ва 8 та ҳақоратли паралингвизм турлари белгиланиб, вербаллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек суд лингвистикасининг назарий ва амалий тадқиқи юзасидан эришилган илмий натижалар асосида:
ўзбек тилида соҳа терминларининг қўлланилиши, жараён англатувчи терминлар тавсифи, суд процессига оид терминлар изоҳига доир хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган БВАтех-2018-(143) рақамли “Кўзи ожиз шахслар учун компютер техникасидан фойдаланиш, матнларни ўқиш ва ёзиш имконини берувчи ўзбек тилига асосланган гапирувчи дастурий таъминот ва овоз синтезаторини ишлаб чиқиш” мавзусидаги давлат амалий гранти лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 15-февралдаги 04/1-385-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек тилида соҳа терминлари изоҳларининг мукаммаллашувига эришилган;
анъанавий ёзма ва ижтимоий тармоқ дискурси – ёзма сўзлашув нутқида вербал (сўзли) ҳамда ҳақоратли паралингвизм турлари, таснифи, сўзларнинг ҳақорат даражаларини белгилашда ўзбек маданиятининг таъсирига доир хулосалардан Андижон вилояти прокуратурасининг иш юритувида амалий фойдаланилган. Диссертация натижалари асосида Х.Т.Исмоилов томонидан 2021-2024-йиллар давомида вилоят прокуратурасининг судга оид лингвистик экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарорлари ижроси юзасидан хулосалар тақдим этилган (Андижон вилояти прокуратурасининг 2025-йил 2-ноябрдаги 10.1/2-254084-25-сон маълумотномаси). Натижада иш юритувида муайян ҳақоратли жумлаларнинг конкрет шахсга нисбатан айтилганлик фактори ҳамда шахснинг шаъни ва қадр-қимматига алоқадор сўзларнинг денотатив ва контекстуал мазмунини аниқлашга эришилган;
суриштирув ва тергов жараёнларида фуқароларнинг лингвистикага оид низоли мурожаатларини бартараф этишда амалий фойдаланилган. Х.Т.Исмоилов раҳбарлигидаги Андижон давлат университети қошидаги “Лингвистик экспертиза хизмат маркази” томонидан ички ишлар ҳудудий органларининг 2022-2024-йиллар давомида жами 126 та (жумладан, 2022-йилда 23 та; 2023-йилда 69 та; 2024-33 та) суд-лингвистик экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги, суд-сиёсатшунослик-лингвистик экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги, судга оид комплекс экспертиза тайинлаш ҳақидаги ҳамда лингвистик экспертиза тайинлаш тўғрисида”ги қарорларда қўйилган саволлар юзасидан илмий асосланган хулосалар олинган (Андижон вилоят ички ишлар бошқармасининг 2025-йил 25-сентябрдаги 46/1-117-сон маълумотномаси). Натижада ҳақоратнинг лингвоюридик талқини, ҳақоратли матнлар лингвистик экспертизаси, ҳақорат даражалари, ўзбек маданиятида ҳақоратнинг лингвомаданий аспекти масалалари, вербал ва ҳақоратли паралингвизм турлари каби масалалари ўз ечимини топган;
тингловчига психолингвистик таъсир этиш, индивид нутқини социологик ва психологик омиллар қуршовида таҳлил этиш; ҳар қандай нутқ услубига хос матнларга антропоцентрик парадигма асосида шахс-нутқ кесишмасида лингвистик экспертиза қилиш юзасидан чиқарилган хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон 24» телерадиоканали ДМ «Ўзбекистон 24» радиоканалининг «Радиомулоқот», «Муҳим мавзу» дастурлари сенарийларини (2022-2023-йиллар) тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Давлат унитар корхонаси «Маҳалла» телерадиоканалининг 2021-йил 8-февралдаги 03-09-70-сон маълумотномаси). Натижада ушбу кўрсатувлар учун тайёрланган материаллар мукаммаллашган ва илмий далилларга бойлиги таъминланган;
суд-лингвистик экспертизаси амалиёти бўйича эришилган натижаларидан: ўзбек суд-лингвистик экспертизаси амалиётида устуворлашган юридик ҳужжат матнлари ва зиддиятли матнлар суд-лингвистик экспертизаси амалиёти юзасидан чиқарилган хулосалар, жумладан, вербал ва ҳақоратли паралингвизмли матнлар суд-лингвистик экспертизаси бўйича тадқиқот доирасида чиқарилган (150 та ҳақорат билан боғлиқ зиддиятли матнлар) хулоса ва таклифлардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида 2024-2025-йилларда амалга оширилган АЛМ-202310132634-рақамли “Янги сўз ва атамаларнинг ўзбекча муқобилини сунъий интелект асосида автоматик тақдим қилувчи атамаcом.уз дастурий таъминоти платформаси ва мобил иловасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳани амалга ошириш жараёнида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг 2026-йил 7-майдаги 01-302-сон маълумотномаси). Натижада диссертацияда чиқарилган хулоса ва таклифлар лойиҳа консепсиясини ишлаб чиқишда муҳим манба сифатида хизмат қилган.