Жураев Обиджон Тухлиевичнинг
диссертация ҳимоясисиз ихтиро патенти асосида
фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Aconitum soongoricum илдиз туганакларидан юқори тозаликдаги аконитин алкалоидини олиш технологияси», 02.00.10–Биоорганик кимё (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/T496.
Илмий раҳбар: Сагдуллаев Шамансур Шаҳсаидович, техника фанлари доктори, профессор.
Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Ўсимлик моддалари кимёси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Биоорганик кимё институти, Ўзбекистон Миллий университети, Ўсимлик моддалари кимёси институти DSc.27.06.2017.К/В/Т.37.01.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Aconitum soongоricum ўсимлиги илдиз туганакларидан тозалик даражаси 98,5%дан юқори бўлган аконитин алкалоидини олишнинг янги иқтисодий самарадор ишлаб чиқариш саноат технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Aconitum soongоricum ўсимлиги илдиз туганаклари таркибидаги аконитин алколоидини, бошқа 3-дезоксиаконитин, 15-дезоксиаконитин, зонгорин, напеллинлар каби алколоидлардан фарқланувчи физик-кимёвий хусусиятлари аниқланган;
аконитин, 3-дезоксиаконитин, 15-дезоксиаконитин, зонгорин, напеллиннинг сувли экстрактда, этил ва метил спиртларида эрувчанликларидан фойдаланиб, ушбу ўсимликдан жаҳонда илк бор юқори тозаликдаги (98,5–100%) аконитин акалоидини ўсимлик хомашёсидан саноат миқёсида ишлаб чиқариш усули яратилган;
яратилган технология натижасида аконитин биореактиви таркибига кириши мумкин бўлган юрак аритмиясига қарши хусусиятларга эга бўлган зонгорин, напеллин, 15-ацетилзонгорамин, зонгорамин, 12-ацетилнапеллин каби алкалоидларидан тозалаш усуллари ишлаб чиқилган;
илк бор ўсимлик хомашёсидан юқори тозаликдаги (98,5–100%) аконитин алкалоидини ишлаб чиқариш технологик қурилмаларининг тизими яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Aconitum soongоricum ўсимлиги илдиз туганаклари таркибидан юқори даражада тозаланган аконитин алколоидини ажратиб олиш ва ишлаб чиқариш технологиясини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
юқори тозаликдаги (98,5–100%) аконитин алкалоиди учун саноат ишлаб чиқариш регламенти, маҳсулот учун техник шартлар «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган (Ts 03535440-017:2014). Натижада юқори тозаликдаги аконитин алкалоиди учун саноат миқёсида ишлаб чиқариш имкониятини берган;
ўсимлик хомашёсидан аконитин алкалоидини юқори тозаликдаги экологик тоза, иқтисодий самарадор саноат ишлаб чиқариш технологияси Ўсимлик моддалари кимёси институти Тажриба ишлаб чиқариш корхонасига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 6 декабрдаги 4/1255-3186-сон маълумотномаси). Натижада юқори тозаликдаги аконитин алкалоидини ишлаб чиқариш ва «LATOXAN» фирмасига (Франция) 1863.6 г (128.9 минг евро) миқдорида экспорт қилиш имконини берган.
V. Ихтирога патенти:
«Аконитин олиш усули»га берилган ихтиро патентига (UZ №IAP 05805-2019 й.) Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2019 йил 4 декабрдаги 01-11/2450-сон хулосаси.