Мирсалиев Эркин Эргашевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тижорат банкларида муаммоли кредитларни олдини олиш амалиётини такомиллаштириш», 08.00.07 - Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.3. PhD/Iqt4451.
Илмий раҳбар: Каримов Норбой Ғаниевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/2025.27.12.I.23.01.
Расмий оппонентлар: Алимардонов Илхом Музробшохович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Хужамуротов Аббос Мардонович, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тижорат банкларида муаммоли кредитларни олдини олиш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тижорат банкларида кредит рискини аниқлаш ва прогноз қилиш механизми мижознинг молиявий ҳолати, тўлов интизоми, транзацион фаоллиги ва хулқий хусусиятларига оид катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш асосида эҳтимолий дефолт хавфини эрта босқичда аниқлаш имконини берувчи сунъий интеллектга асосланган скоринг модели таклиф этиш орқали такомиллаштирилган;
тижорат банкларида кредитлаш жараёнини ташкил этиш услубиётини такомиллаштириш доирасида андеррайтер хулосаси асосида стандартлаштирилган ва риск даражаси паст бўлган кредит аризалари бўйича қарор қабул қилишни кредит қўмитасидан ташқари тартибда амалга ошириш орқали кредит ажратиш муддатини қисқартириш ва операцион самарадорликни ошириш таклифи ишлаб чиқилган;
кредитлаш амалиётида кредит рискини пасайтириш мақсадида инвестицион ва тижорат лойиҳаларини молиялаштиришда қарз олувчининг ўз маблағлари ҳиссасини камида 30 фоиз даражасида белгилаш орқали қарз олувчининг молиявий масъулиятини кучайтириш ва лойиҳанинг дефолт хавфини 5–10 фоизгача камайтириш имкони асосланган;
жисмоний шахсларни кредитлаш амалиётини тартибга солиш механизми такомиллаштирилиб, унда қарз олувчининг ойлик тўлов юкини унинг даромадига нисбатан 50 фоиздан ортиқ бўлишига олиб келувчи кредитларни ажратишни чеклаш орқали чакана кредит портфели сифатини яхшилаш ва аҳолининг ортиқча қарздорликка кириб қолиш хавфини пасайтириш зарурлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон тижорат банкларида муаммоли кредитларни олдини олиш амалиётини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган илмий-амалий таклиф ҳамда тавсиялар асосида: 
тижорат банкларида кредит рискини аниқлаш ва прогноз қилиш механизми мижознинг молиявий ҳолати, тўлов интизоми, транзацион фаоллиги ва хулқий хусусиятларига оид катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш асосида эҳтимолий дефолт хавфини эрта босқичда аниқлаш имконини берувчи сунъий интеллектга асосланган скоринг модели таклиф этиш орқали такомиллаштириш таклифидан Микрокредитбанк АТБнинг 2024-йил учун кредит сиёсатини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Микрокредитбанк АТБнинг 2025-йил 10-октябрдаги №05-12/22013-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида кредитлар бўйича қарор қабул қилишнинг янада шаффоф тизимини яратиш, рискларини тезкор аниқлаш ва банк кредит портфелидаги муаммоли кредитлар ҳажмининг камайишига, жумладан, Микрокредитбанк АТБда муаммоли кредитлар ҳажми 2024-йил 1-январ ҳолатига (865 млрд.сўм – жами кредит портфелининг 6 фоизи) нисбатан 2025-йил 1-январда (804 млрд. сўм – жами кредит портфелининг 4,6 фоизи) 1,4 фоизга камайишига эришилган;
тижорат банкларида кредитлаш жараёнини ташкил этиш услубиётини такомиллаштириш доирасида андеррайтер хулосаси асосида стандартлаштирилган ва риск даражаси паст бўлган кредит аризалари бўйича қарор қабул қилишни кредит қўмитасидан ташқари тартибда амалга ошириш орқали кредит ажратиш муддатини қисқартириш ва операцион самарадорликни ошириш таклифи Микрокредитбанк АТБнинг 2024-йилда  ишлаб чиқилган Кредит сиёсатида ўз аксини топган (Микрокредитбанк АТБнинг 2025-йил 10-октябрдаги №05-12/22013-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида 2024-йилда ҳудудий филиалларда кредит ҳужжатларини кўриб чиқиш ва кредитлаш жараёнининг 1,2 баробар тезлашишига, банк кредит портфели ҳажмини 2025-йил 1-январ ҳолатида (17,416 млрд.сўм) 2024-йилнинг 1-январ ҳолатига (14,437млрд) нисбатан 28 фоизга ўсишига эришилган; 
кредитлаш амалиётида кредит рискини пасайтириш мақсадида инвестицион ва тижорат лойиҳаларини молиялаштиришда қарз олувчининг ўз маблағлари ҳиссасини камида 30 фоиз даражасида белгилаш орқали қарз олувчининг молиявий масъулиятини кучайтириш ва лойиҳанинг дефолт хавфини 5–10 фоизгача камайтириш таклифидан Микрокредитбанк АТБнинг 2024-йил учун кредит сиёсатини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Микрокредитбанк АТБнинг 2025-йил 10-октябрдаги №05-12/22013-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида мижознинг ўзи ҳам лойиҳани амалга оширишда бевосита иштирок этиб, кредит рискларини камайтиришда мижозларнинг ҳам маъсулияти ошган, натижада 2024-йилда ушбу усул ёрдамида кредит рискларининг 8 фоизга камайишига эришилган;
жисмоний шахсларни кредитлаш амалиётини тартибга солиш механизми такомиллаштирилиб, унда қарз олувчининг ойлик тўлов юкини унинг даромадига нисбатан 50 фоиздан ортиқ бўлишига олиб келувчи кредитларни ажратишни чеклаш орқали чакана кредит портфели сифатини яхшилаш ва аҳолининг ортиқча қарздорликка кириб қолиш хавфини пасайтириш таклифидан Микрокредитбанк АТБнинг 2024-йил учун “Кредит сиёсати”ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Микрокредитбанк АТБнинг 2025-йил 10-октябрдаги №05-12/22013-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида талаблар қатъийлаштирилиши натижасида банк кредит портфелида муаммоли кредитлар ҳажми 2024-йил 1-январ ҳолатига нисбатан 6,0 фоиздан, 2025-йил 1-январ ҳолатига 4,6 фоизгача камайишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish