Бойкулов Урал Турдиевич
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Балиқ ва паррандалар учун гранулаланган озуқа тайёрлаш қурилмаси параметрлари ва иш режимларини асослаш”, 05.07.01 – Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари)
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.PhD/Т4281
Илмий раҳбар: Боротов Атхам Нурмухаммадович, техника фанлари фалсафа доктори, PhD доцент
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети, PhD.03/2025.27.12.Т.14.02
Расмий оппонентлар: Имомқулов Қутбиддин Боқижонович, техника фанлари доктори (DSc), доцент; Қурбонов Фазлиддин Қулмаматович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: балиқ ва паррандалар учун гранулаланган озуқа тайёрлаш қурилмаси технологик жараёнини такомиллаштириш, параметрлари ва иш режимларини асослаш орқали маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
балиқ ва паррандалар учун талаб этилган ўлчамдаги гранулаланган озуқаларни ишлаб чиқариш имконини берадиган ўзгарувчан кўзли матрица ва буровчи моменти оширилган пресслаш ролигига эга энергиятежамкор гранулалаш қурилмаси конструксияси ишлаб чиқилган;
гранулалаш қурилмаси бункери ва пресслаш камераси ҳажми унинг технологик иш жараёнида белгиланган иш унумини таъминлаб туриш учун етарли миқдорда озуқа аралашмаси ҳажмини ҳосил қилиб туриш ва бу озуқа миқдори зичлаш ролиги томонидан қамраб олиниб, матрица кўзларидан пастга гранула кўринишига келтирилиб ўтказиб юборилаётган озуқа миқдоридан кам бўлмаслиги ҳамда ролик томонидан ажратиб олинаётган озуқа аралашмасига юқоридан узлюксиз босим бериб туриш шартидан келиб чиқиб асосланган;
қурилма пресслаш ролигининг диаметри ва айланишлар сони роликлар томонидан керакли қалинликдаги хом ашёни қамраб олиб, уни юқори босим остида зичлаш ва қатламлаб ётқизиш орқали матрица кўзларига бир текис босиб киритишни ҳисобга олган ҳолда ишқаланиш ва тик босим кучларининг ўзаро нисбати асосида аниқланган;
гранулалаш қурилмаси матрицаси кўзларининг диаметри ва жойлашиш шакли балиқ ва паррандалар учун керакли ўлчамдаги бир хил узунликдаги гранулаларни шакллантириш ва роликлар томонидан йўналтирилаётган хом ашёни узлюксиз ўтказишни ҳисобга олган ҳолда асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Гранулалаш линиясидаги озуқа аралаштириш қурилма параметр ва иш режимларини асослаш бўйича олинган натижалар асосида:
ўзгарувчан кўзли матрица ва буровчи моменти оширилган пресслаш ролигига эга гранулалаш қурилмасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасасининг фойдали моделга патенти олинган («Пресс гранулятор» ФАП 2858 – 2025 й). Натижада кам энергия сарфляган ҳолда балиқ ва паррандалар учун керакли ўлчамдаги гранулаланган озуқа ишлаб чиқариш имконини берадиган қурилманинг конструксияси ишлаб чиқилган;
балиқ ва паррандалар учун гранулаланган озуқа тайёрлаш қурилмасига дастлабки талаблар ва техник топшириқлар тасдиқланган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 30-майдаги 05/04-04-285-сон маълумотномаси). Натижада, балиқ ва паррандалар учун гранулаланган озуқа тайёрлайдиган иш сифати юқори, энергия-ресурстежамкор қурилмани ишлаб чиқариш имконияти яратилган;
гранулаланган озуқа тайёрлаш қурилмаси Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани, Жарқўрғон тумани ва Термиз тумани фермер хўжаликларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 30-майдаги 05/04-04-285-сон маълумотномаси). Натижада мавжуд қурилмаларга нисбатан энергия сарфи ва фойдаланишдаги тўғридан-тўғри харажатларнинг 1,2 мартагача камайишига эришилган.