Ниматов Комолиддин Бахритдиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Реактив қувватни автоматик ростлашда ноаниқ мантиқ асосида бошқариладиган контакциз кучланиш релесини ишлаб чиқиш”, 05.05.01 – “Энергетика тизимлари ва мажмуалари”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Т6512.
Илмий раҳбар: Рахмонов Икромжон Усмонович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат техника университети ва Қарши давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро давлат техника университети, PhD.03/2025.28.11.Т.16.01
Расмий оппонентлар:
Таслимов Абдурахим Деҳқонович - техника фанлари номзоди, профессор.
Мақсудов Мохирбек Толибжонович - техника фанлари фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади: реактив қувватни автоматик ростлаш учун ноаниқ мантиқ асосида ишга тушиш вақти адаптив тарзда бошқариладиган микропроцессорли контакциз кучланиш релесини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Татқиқотнинг илмий янгилиги:
электр истеъмолчиларида кучланишнинг номинал қийматини таъминлаш мезони асосида қисқа муддатли кучланиш тебранишларини филтрлаш имконини берувчи ишга тушиш вақти адаптив тарзда бошқариладиган микропроцессорли контакциз кучланиш релеси ишлаб чиқилган;
тармоқ кучланиши, қувват коеффициенти ва реактив қувват талаби ўртасидаги ночизиқли боғланишларни ҳисобга олган ҳолда тармоқ кучланиши амплитудасининг -7% дан 0 % гача ўзгариш диапазонида реактив қувват ишлаб чиқарилишини автоматик тарзда таъминлайдиган интеллектуал бошқарув модели ишлаб чиқилган;
тармоқ кучланишининг қисқа муддатли динамик ўзгаришларини комплекс ҳисобга олган ҳолда юкламанинг тез ўзгарувчанлиги шароитида адаптив бошқарувни таъминлаш асосида кучланиш ва қувват коеффициенти ўртасидаги функсионал мувофиқликни таъминловчи усул ва алгоритм ишлаб чиқилган;
актив қувват йўқотишларини минимумга келтириш мезони асосида қувват оқимларининг узвий боғлиқлигини, тармоқ элементларининг қаршилик параметрларини ва юклама тақсимотини ҳисобга олган ҳолда реактив қувват манбаларининг мақбул таркибини аниқлашнинг математик модели такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши: Реактив қувватни автоматик ростлашда ноаниқ мантиқ асосида бошқариладиган контакциз кучланиш релесини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ишга тушиш вақти адаптив тарзда бошқариладиган микропроцессорли контакциз кучланиш релеси қурилмаси учун Россия Федерациясининг интеллектуал мулк бўйича Федерал хизматининг фойдали моделга патенти олинган (Бошқариладиган ишга тушиш вақтига эга контакциз кучланиш релеси, ФАП 236336, 05.08.2025 йил). Натижада контакциз кучланиш релеларининг ишга тушиш вақтини 0,02 секундлик қадам билан аниқ ва узлюксиз бошқариш имконияти яратилган;
реактив қувватни ишлаб чиқарилишини автоматик тарзда таъминлайдиган интеллектуал бошқарув модели “Шуртан газ кимё мажмуаси” МЧЖга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспексияси”нинг 2026 йил 21-майдаги №02-02-02-5/1679-сонли маълумотномаси). Натижада, интеллектуал бошқариш моделини қўллаш орқали актив қувват йўқотишлари минималлаштирилиб, сутка давомида 3305,7 кW·соат электр энергиясини иқтисод қилиш имконияти яратилган;
кучланиш ва қувват коеффициентининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш усули ва алгоритми “Шуртан газ кимё мажмуаси” МЧЖга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспексияси”нинг 2026 йил 21-майдаги №02-02-02-5/1679-сонли маълумотномаси). Натижада, кучланиш оғиши −7% дан 0% гача, қувват коеффициенти 0,7 дан 0,97 гача бўлган оралиқларида реактив қувват манбаларининг энг мақбул таркибини автоматик танлаш ва таъминлаш имконияти яратилган.