Қодиров Умаржон Акрамжон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Шоназар Шоабдураҳмоновнинг шевашунослик фаолияти”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.2.PhD/Fil4775.
Илмий раҳбар: Аширбоев Самихон, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/2026.10.06.Fil.41.02.
Расмий оппонентлар: Холманова Зулхумор Турдиевна, филология фанлари доктори, профессор; Абдиев Муродқосим Болбекович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қўқон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек шевашунослиги тарихида кўламли илмий-тадқиқот ишини олиб борган Шоназар Шоабдураҳмоновнинг диалектологик фаолиятини, айниқса, қарлуқ шеваларининг тадқиқотчиси эканлигини илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ишда Ш. Шоабдураҳмоновнинг диалектологик мероси илк бор илмий асосланган ҳолда унинг ижоди туркий халқлар шевашунослигининг ривожланишига катта таъсир ўтказганлиги аниқланган;
Шоназар Шоабдураҳмоновнинг ўзбек адабий тили ва шевалари муносабатларини ёритган илк тадқиқотчи сифатидаги фаолияти нафақат ўзбек диалектологияси, балки жаҳон фани учун ҳам назарий асос бўла олиши ўз баҳосини олгани, шевалар адабий тилнинг бойиш манбаси эканлиги тўғрисидаги ғоя унга тегишли эканлиги очиб берилган;
Шоназар Шоабдураҳмоновнинг диалектал сўзлар адабий тилдаги лакуналарнинг ўрнини тўлдириши ҳақидаги амалга оширган ишлари илмий жамоатчиликка ушбу тадқиқотдагина илмий асосини топгани, шунингдек, унинг лингвистик географияни ривожлантириш бўйича амалга оширган ўзига хос дастури ҳам ишда ўз баҳосини олгани ва унинг ҳозирги лингвистик география учун зарурат эканлиги, унинг асарлари орқали ўзбек тилсунослигида лингвофолклористикага асос солинганлиги исботланган;
Шоназар Шоабдураҳмонов ўзбек адабий тилига таянч бўлган лаҳжалардан бирининг, яъни қарлуқ лаҳжасининг йирик тадқиқотчиси бўлганлиги асосланган, унинг ўзбек шевалари, шу жумладан, қарлуқ шевалари фонетикаси, лексикаси ва морфологиясининг тадқиқотчиси сифатидаги фаолияти таҳлил қилинган ҳамда бу тадқиқотлар кейинги диалектологик тадқиқотлар учун назарий асос бўлганлиги исботланган, Ш. Шоабдураҳмонов илмий асарларининг тўлиқ библиографияси тузилган, унинг илмий ва публицистик асарларининг интернетдаги электрон саҳифаси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Шоназар Шоабдураҳмоновнинг шевашунослик фаолияти тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
қарлуқ лаҳжаси фонетикаси, морфологияси, лексикаси ва лингвистик географияни ривожлантириш бўйича Ш. Шоабдураҳмоновнинг фикрлари илмий асосга эга эканлигига, олимнинг илмий ва публицистик асарларига доир хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида 2022–2023-йилларда бажарилган ИИ-4721101717-рақамли “Хизмат кўрсатиш обектлари миллий номлари интерактив электрон платформасини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳада фойдаланилган (Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг 2025-йил 23-майдаги 844-сон маълумотномаси). Натижада ушбу лойиҳа қарлуқ лаҳжаси фонетикаси, морфологияси, лексикаси ва лингвистик географияга оид янги илмий-назарий маълумотлар билан бойиш манбалари ҳисобига кенгайтирилган;
Шоназар Шоабдураҳмоновнинг диалектал сўзларнинг адабий тилдаги лакуналарнинг ўрнини тўлдириши ҳақидаги амалга оширган ишлари очиб берилгани, шева, лакуна ва ўзбек тилига оид мақолалари асосидаги хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2022–2023-йилларда бажарилган ИЛ-52 тур-21091433 рақамли “Ўзбек миллий маданиятига хос атамаларга оид мақолалар базасини яратиш” (Википедия электрон энциклопедияси мезонлари асосида) мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 23-сентябрдаги 01/04-4404-сон маълумотномаси). Натижада Ш. Шоабдураҳмоновнинг илмий фаолияти бўйича ёзилган мақолалар, тадқиқотлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалар мазкур лойиҳани назарий маълумотлар билан бойитган;
олимнинг ўзбек адабий тили ва шевалари муносабатларини ёритган илк тадқиқотчи сифатида амалга оширган ишларидан, ўзбек адабий тилининг асосини ташкил этувчи лаҳжалардан бирининг, яъни қарлуқ лаҳжасининг йирик тадқиқотчиси ўлароқ қарлуқ шевалари фонетикаси, лексикаси ва морфологиясининг тадқиқотчиси сифатидаги фаолияти таҳлили асосидаги хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2020–2023-йилларда бажарилган АМ-Ф3-201908172 рақамли “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 8-октябрдаги 01/4-4773-сон маълумотномаси). Натижада олимнинг ушбу тадқиқотда илмий жамоатчиликка асослаб берилган диалектал сўзлар адабий тилдаги лакуналарнинг ўрнини тўлдириши ҳақидаги фикрлари ўзбек тилининг таълимий корпусини яратишга назарий манба сифатида хизмат қилган;
Шоназар Шоабдураҳмоновнинг лингвофолклористика, лингвистик география, ўзбек шевалари фонетикаси, морфологияси, лексикаси бўйича олиб борган тадқиқотлари орқали ўзбек тили, хусусан, ўзбек диалектологияси ривож топишига қўшган ҳиссасига тааллуқли хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” ижодий бирлашмаси” АЖ “Ёшлар” телеканалида эфирга узатилган “Янги Давр” информацион дастури, “Навбат сизга” ва “Ростини айтинг” кўрсатувлари ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” ижодий бирлашмаси” акциядорлик жамиятининг 2025-йил 30-майдаги 14-02-08-сон маълумотномаси). Натижада телеканал материаллари илмий ва амалий жиҳатдан бойиган, мазмунан мукаммаллашуви таъминланган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish