Ташбаев Шерзодбек Абдурасуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Фаол метан ҳосил қилувчи микроорганизмлар ассоциацияси асосида биогаз олиш», 03.00.12–Биотехнология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/В42.
Илмий раҳбар: Алимова Барно Хасановна, биология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Микробиология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Микробиология институти, DSc.02/30.12.2019.В.38.01.
Расмий оппонентлар: Хўжамшукуров Нортожи Абдуҳаликович, биология фанлари доктори, профессор; Расулов Бахтиёр Абдуғофурович, биология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: биогазли ферментация жараёнини амалга ошириш учун фаол мезофил (БМММА) ва термофил (БТММА) балансланган метаноген микроорганизмлар ассоциацияларини олиш, биогазли ферментацияни жадаллаштириш ва улар асосида чорвачилик, паррандачилик фермалари чиқиндиларини қайта ишлашнинг янги самарали биотехнологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қорамол гўнгини босқичма-босқич биогазли ферментацияси асосида маҳаллий балансланган мезофил ва термофил метаноген фаол микроорганизмлар ассоциациялари ажратиб олинган ва маҳаллий балансланган метаноген мезофил ва термофил микроорганизмлар ассоциациялари қорамол гўнгидан 63,8% ва товуқ гўнгидан 69,7% метан ҳосил қилиши аниқланган;
илк бор маҳаллий метаноген термофил микроорганизмлар ассоциацияси таркибидаги метан ҳосил қилувчи бактериялар вакиллари молекуляр-генетик усулда аниқланган ва улар Methanosarcina, Methanoculleus, Methanocorpusculum ва Methanospirillum авлодига мансуб 9 турга мансуб эканлиги асосланган;
илк бор Lactobacillus plantarum К04.84 штаммини товуқ гўнги таркибидаги патоген Salmonella авлоди бактерияларига қарши антагонистик хусусияти биогазли ферментация жараёнида аниқланган;
товуқ гўнги асосида биогазли ферментация қилиб олинган органик ўғитни 0,5 т/га ва NPK-30% миқдорида қўлланилганда буғдой ривожланишига давомли таъсир қилиши аниқланган;
тажриба вариантида буғдой ризосферасида спора ҳосил қилувчи аммонификацияловчи бактерияларнинг ҳужайраси вегетатив шаклда учраши ҳамда уларнинг 2–3% спора ҳолида бўлиши, назорат вариантида эса 37–40% спорада эканлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Босқичма-босқич танлаш йўли билан олинган балансланган метаноген микроорганизмлар ассоциацияларини олиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
қорамол гўнгини босқичма-босқич бижғитиш усули орқали олинган балансланган метан ҳосил қилувчи микроорганизмлар ассоциацияси асосида биогаз олиш биотехнологияси Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани “Улуғбеклар” хусусий фермер хўжалигида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 10 октябрдаги 02/12-533-сон маълумотномаси). Натижада қорамол гўнгини бижғитишда 60–63% метан гази ҳосил қилиш имконини берган;
қорамолчилик фермаларида гўнгдан биогаз олиш биотехнологияси Тошкент вилояти Паркент тумани “Бахт” фермер хўжалигида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 10 октябрдаги 02/12-533-сон маълумотномаси). Натижада балансланган метан ҳосил қилувчи микроорганизмлар ассоциацияси биогазли ферментация жараёнини кескин тезлаштириб, биогаз таркибидаги метан миқдорини назоратга нисбатан 3–4 марта ошириш имконини берган.