Камалходжаева Зулайхо Адиловнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Совершенствование правового статуса членов семьи в семейном праве Республики Узбекистан”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.4.PhD/Yu2145
Илмий раҳбар: Шарахметова Умида Шаакбаровна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.03.
Расмий оппонентлар: Аминжонова Матлуба Аҳмедовна, юридик фанлар доктори, профессор, Сайдивалиева Хуршида Ходжиакбаровна, юридик фанлари  доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида оила аъзолари мақомини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга йўналтирилган назарий қоидалар ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
вояга етмаганларнинг яшаш жойи уларнинг қонуний вакилларининг яшаш жойи бўйича қонун ҳужжатларида мустаҳкамланиши вояга етмаган оила аъзолари ҳуқуқий мақомининг зарурий элементи эканлиги, чунки ушбу масаладаги аниқлик боланинг оилавий тарбияга бўлган ҳуқуқини амалга оширишни таъминлайди, қонуний вакилларнинг вояга етмаганлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларини тегишли тарзда бажаришига кафолат яратади ҳамда васийлик ва ҳомийлик остидаги болалар иштирокидаги маъмурий, турар-жой ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардаги ҳуқуқий ноаниқликни бартараф этиши асослантирилган;
болани ота-онадан ёки бошқа шахслардан унинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид мавжуд бўлганда ажратиб олиш вояга етмаган оила аъзоларининг шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустақил индивидуал чораси эканлиги, бу эса вояга етмаганлар ҳуқуқлари ва манфаатларини устувор ҳимоя қилиш тамойили билан шартланганлиги асослантирилган;
болаларни тарбиялаш усулларининг, яъни бефарқлик, шафқациз ва инсоний қадр-қимматни камситувчи муомалани истисно этувчи усулларнинг оила қонунчилигида ота-оналик ҳуқуқларини амалга оширишнинг мустақил тамойили сифатида мустаҳкамланиши лозим эканлиги, чунки жисмоний жазоларга тўғридан-тўғри қонуний тақиқнинг йўқлиги болаларга нисбатан зўравонликни тарбия анъаналари билан оқлашга имкон берувчи ҳуқуқий бўшлиқни келтириб чиқаради, бу эса болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларига ва болаликни муҳофаза қилишнинг конституциявий тамойилига зид келиши асослантирилган;
болани олиб қўйиш тўғрисидаги суд қарорларини ижро этиш мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида амалга оширилиши мумкин эмаслиги, чунки таълим муҳитида бундай мажбурий чораларни қўллаш боланинг психологик хавфсизлигини бузади ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенсиясида мустаҳкамланган боланинг энг яхши манфаатлари тамойилига зид келиши асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон Республикаси оила ҳуқуқида оила аъзоларининг ҳуқуқий мақомини такомиллаштиришга доир тадқиқот натижалари асосида қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди:
ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахсларнинг ёки васийликдаги шахсларнинг яшаш жойи уларнинг қонуний вакиллари, яъни ота-онаси (ёлғиз ота ёки она), фарзандликка олувчилари ёки васийларининг яшаш жойи, ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларнинг ёки ҳомийликдаги шахсларнинг яшаш жойи эса уларнинг қонуний вакиллари, яъни ота-онаси (ёлғиз ота ёки она), фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг яшаш жойи деб ҳисобланиши тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2025-йил 10-июлдаги ЎРҚ–1074-сон “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмларини ишлаб чиқишда фойдаланилди (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтларни, нодавлат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг 2026-йил 13-апрелдаги 04/3-07-08-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши вояга етмаган болаларнинг яшаш жойини уларнинг қонуний вакиллари яшаш жойи билан боғлаш орқали уларнинг ҳуқуқий кафолатларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлашга ҳамда вояга етмаганлар иштирокидаги ҳуқуқий муносабатларда ҳуқуқий аниқликни таъминлашга хизмат қилди.
зўравонликдан жабрланган ёки унга нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи мавжуд бўлган болани унинг ота-онасидан (улардан биридан) ёки унинг қарамоғида бўлган бошқа шахслардан боланинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита таҳдид мавжуд бўлган ҳолларда ажратиб олиш болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишнинг индивидуал чораларидан бири ҳисобланиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 14-ноябрдаги ЎРҚ–996-сон “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилди (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтларни, нодавлат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг 2026-йил 13-апрелдаги 04/3-07-08-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши вояга етмаган оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг комплекс индивидуал чоралар тизимини яратишга, шунингдек болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига давлат томонидан тезкор муносабат билдиришни таъминлашга хизмат қилди.
ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, болага меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш, унинг тўлақонли ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, боланинг ўз имкониятларини рўёбга чиқариши, жамиятда ўз ўрнини топиши ва ижтимоий мансублик эҳтиёжини қондиришига кўмаклашиши, шунингдек болаларни тарбиялаш усуллари уларни бефарқлик, шафқациз, қўпол, инсон қадр-қимматини камситувчи муносабатда бўлиш, ҳақорат қилиш ёки эксплуатация қилишни истисно этиши лозимлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 14-ноябрдаги ЎРҚ–996-сон “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 43-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилди (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтларни, нодавлат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг 2026-йил 13-апрелдаги 04/3-07-08-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши ота-оналарнинг вояга етмаган оила аъзоларининг шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид мажбуриятларини қонунчиликда мустаҳкамлашга ҳамда жамиятда болаларга нисбатан зўравонлик ва шафқациз муносабатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилди.
болани олиб қўйиш ва уни бошқа шахсга (шахсларга) топшириш билан боғлиқ ижро ҳаракатлари мактабгача таълим ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларида амалга оширилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси “Болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик учун жавобгарликни кучайтириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини (ИД–5969) ишлаб чиқишда, хусусан Оила кодексининг 89-моддасини тўртинчи қисм билан тўлдиришда фойдаланилди (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2026-йил 29-апрелдаги 27/2-171-26-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши болани олиб қўйиш тўғрисидаги суд қарорларини ижро этишда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини қўшимча ҳимоя қилиш кафолатини яратди, мазкур ҳаракатларни таълим муассасаларида амалга оширишни истисно этиш орқали боланинг психологик хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish