2026 йилнинг 8 сентябр куни Олий аттестация комиссияси Раёсатининг янгиланган таркиби йиғилиши бўлиб ўтди. Раёсат йиғилишини Фанлар академияси президенти, академик Ш.Аюпов олиб борди.
Маълумки, 2026 йил 4 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсати таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида ОАК Раёсатининг янги таркиби фаолият бошлади.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ–98-сон “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда илмий кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Янгиланган Раёсат таркибининг дастлабки мажлисида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёнларини коллегиал асосда кўриб чиқиш ва тегишли қарорлар қабул қилишда ҳал қилувчи ўрин тутувчи Раёсатнинг вазифалари ва келгусдаги фаолияти юзасидан фикр-мулоҳозалар алмашилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ваколатлари доирасида Раёсат илмий кенгашлар фаолиятини ташкил этади, илмий даража ва илмий унвонлар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади, аттестация жараёнларида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилади ҳамда илмий аттестация тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилайди. Шунингдек, академик ҳалоллик, илмий натижаларнинг ишончлилиги ва аттестация жараёнларининг холислигини таъминлаш Раёсат фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунда илмий кенгашлар диссертациялар экспертизасининг холис ва сифатли ўтказилиши, илмий ишларда кўчирмачилик ҳолатларини аниқлаш ҳамда қабул қилган қарорларининг асослилиги учун масъул ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Раёсат таркибини босқичма-босқич янгилаб боришга қаратилган ротация механизми ҳам белгиланган. Унга кўра, Раёсат аъзоларининг ҳар икки йилда учдан бир қисми янгиланиб боради. Натижада олти йил давомида Раёсат таркибининг тўлиқ янгиланиши таъминланади. Мазкур механизм, аввало, Раёсат фаолиятида изчилликни сақлаб қолган ҳолда, замонавий илмий ёндашувлар ва қарорлар қабул қилишда холислик ва объективлик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Раёсатнинг янги таркиби фаолияти илмий кадрларни тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий қисми ҳисобланади.
Раёсат йиғилишида аттестация тизимини такомиллаштиришга доир қонунчилик ҳужжатида белгиланган “Йўл харитаси”даги чора-тадбирлар ижросини ўз муддатида ва сўзсиз бажарилиши юзасидан ҳам кенг муҳокамалар ўтказилиб, вазифалар белгилаб олинди.
ОАК Ахборот хизмати.