Исламова Зебинисо Бустоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Биеберстеиниа мултифиданинг морфобиологияси», 03.00.05 – Ботаника (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/B808.
Илмий раҳбар: Хожиматов Олимжан Каххарович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/2025.27.12.B.09.10.
Расмий оппонентлар: Келдияров Худоёр Атамурадович, биология фанлари номзоди, профессор; Тўхтаев Бобоқул Ерқулович, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Жиззах давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Б. мултифида нинг морфобиологик хусусиятларини, онтогенези ва ўсимликлар қопламида тутган ўрнини, кимёвий таркибини аниқлаш ҳамда муҳофаза қилиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Биеберстеиниа мултифида уруғларининг лаборатория ва дала шароитидаги униш биологияси қиёсий баҳоланиб, уларнинг оптимал униш шароитлари ҳамда униш динамикаси илмий жиҳатдан асосланган;
Б. мултифида нинг Кухистон округи Ургут ботаника-географик раёнидаги фитоценотик тарқалиш қонуниятлари аниқланиб, унинг иштирокида шаклланган 4 та янги ўсимлик ассоциацияси тавсифланди ҳамда сенопопуляцияларининг онтогенетик спектрига кўра нормал ва регрессив ҳолатлари баҳоланган;
илк бор Б. мултифида нинг онтогенези тўрт давр ва тегишли онтогенетик босқичлар асосида тавсифланиб, кўп йиллик дала кузатувлари натижасида табиий шароитдаги умр давомийлиги 20-23 йил эканлиги аниқланди ҳамда экологик стратегияси типик патиент тур эканлиги илмий жиҳатдан асосланган;
табиий ва интродуксия шароитида Б. мултифида нинг суткалик ҳамда мавсумий гуллаш биологиясининг ўзига хос хусусиятлари аниқланиб, генератив ривожланишининг экологик омилларга боғлиқ қонуниятлари очиб берилган;
Ўзбекистон шароитида табиий ва маданий шароитларда Б. мултифида нинг уруғ маҳсулдорлиги ҳамда ер устки ва ер остки биомассаси қиёсий баҳоланиб, интродуксия шароитида маҳсулдорлик кўрсаткичларининг табиий популяцияларга нисбатан сезиларли даражада юқори бўлиши илмий жиҳатдан асосланган;
Қонтепар биомассасининг биокимёвий таркиби комплекс баҳоланиб, ундаги эркин аминокислоталар, макро, микро ва ултрамикроелементлар, сувда эрувчи витаминлар, углеводлар, оқсил ҳамда флавоноидларнинг таркибий кўрсаткичлари аниқланган;
Зарафшон тизмасидаги тадқиқ этилган табиий тарқалиш ҳудудлари хариталаштирилиб, сенопопуляцияларининг ҳолати ва фитоценотик хусусиятлари комплекс баҳоланди ҳамда турни муҳофаза қилиш ва биологик ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг илмий асослари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Б. мултифида нинг морфобиологик хусусиятларини, онтогенези ва ўсимликлар қопламида тутган ўрнини аниқлаш, кимёвий таркибини ўрганиш ҳамда муҳофаза қилиш бўйича илмий асосланган натижалар асосида:
Самарқанд вилоят давлат ўрмон хўжалиги, ҳамда Омонқўтон миллий табиат боғи ҳудудидан турнинг экологик гуруҳлари, фитоценологияси ўсиш ва ривожланиш динамикаси, ер устки ва ер остки ҳамда уруғ ҳосилдорлиги, уруғларининг лаборатория ва дала шароитларида униб чиқиш даражалари, фенологик хусусиятлари, гуллаш ва чангланиш имкониятлари, экологик-географик тамойиллари асосланган ҳамда ажратиб олинган 750 м2 тажриба майдончаларида ўсимликни уруғидан ва илдизидан экиб уни морфобиологик хусусиятлари юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва Омонқўтон миллий табиат боғи амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2023-йил 30-декабрдаги 03-03/3-8690-сонли маʻлумотномаси). Натижада, Биеберстеиниа мултифида нинг сенопопуляциялар ҳолатини мониторинг қилиш, табиий популяцияларини сақлаб қолиш, кескин камайиб кетишининг биотик, антропоген сабабларини аниқлаш ва унинг олдини олиш ҳамда муҳофаза қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш имконини берган;
ўсимликнинг биологик хусусиятларини ўрганиш асосида ўсимлик популяциялари майдони камайиб бораётганлиги натижасида турнинг реинтродукция тикланиш жараёни юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган ҳамда Ўрмон хўжалиги агентлигининг Омонқўтон ўрмон хўжалиги амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2023-йил 30-декабрдаги 03-03/3-8690-сонли маълумотномаси). Натижада, ўрмон хўжалиги шароитида Биеберстеиниа мултифида нинг дастлабки оналик плантацияларини яратиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда қайта тиклаш имконини берган.