Хикматилаев Исмоилхон Аъзамхўжа ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Пахтани майда ифлосликдан тозалаш қурилмасини такомиллаштириш” 05.02.03–Технологик машиналар. Роботлар, мехатроника ва робототехника тизимлари ихтисослиги бўйича (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.PhD/Т5670
Илмий раҳбар: Мамахонов Аъзам Абдумажитович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Наманган давлат техника университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.03/2025.27.12.Т.15.02 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Мухамадиев Давлат Мустафоевич, техника фанлари доктори, профессор Мавлянов Айбек Палванбаевич, техника фанлари фалсафа доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: чигитни тозалаш қурилмаси учун экран ҳамда уни ҳаракатга келтирувчи занжирли узатма конструксиясини ишлаб чиқиш ва уларнинг параметрларини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
чигит уюмига хаотик ҳаракат бериш орқали тозалаш самарадорлигини ошириш мақсадида чигит тозалаш қурилмаси учун бўйлама кесими косинусоидал ва кўндаланг кесими синусоидал бўлган вибрацион экран конструксияси ишлаб чиқилган;
экраннинг оғирлик марказига таъсир этувчи инерцион қўзғатувчи ва тебрантирувчи гармоник кучлар асосида вибрацион экраннинг гармоник ҳаракат қонунияти, тебраниш амплитудаси, силжиш фазаси ва масса маркази атрофидаги силжиш бурчагини аниқлаш имконини берадиган  аналитик ифодалар ишлаб чиқилган;
косинусоидал-синусоидал профилли вибрацион экран юзасида чигитга таъсир этувчи кучлар мувозанатини ҳисобга олувчи математик ҳаракат модели ишлаб чиқилган ҳамда ишқаланиш кучининг даврий ўзгариши натижасида чигитнинг кинематик параметрларининг ўзгариши ва думалаш ҳаракатининг сирпанишга нисбатан устунлашиш қонунияти аниқланган;
вибрацион экран юритмасидаги автоматик тарангловчи қурилмали занжирли узатма етакланувчи юлдузчасининг кўпбурчакли илашиш эффекти таъсирини инобатга олган ҳолда етакланувчи валдаги бурчак тезлик ва буровчи моментнинг даврий ўзгариш қонуниятларини аниқлашнинг математик модели ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Чигитни тозалаш қурилмаси конструксиясини такомиллаштириш ҳамда ишчи органлар параметрларини асослаш бўйича олинган натижалар асосида:
ишлаб чиқилган бўйлама кесими косинусоидал ва кўндаланг кесими синусоидал бўлган вибрацион экран билан жиҳозланган чигитни тозалаш қурилмаси Наманган вилояти Наманган туманидаги “Намангантолатекстил” МЧЖда жорий этилган (“Ёғ-мой саноати корхоналари” уюшмасининг 2025-йил 29-майдаги КС/3-189-сон маълумотномаси). Натижада, экран юзасида чигит уюмининг кенг тарқалиши таъминланиб, ишчи юзадан фойдаланиш самарадорлигини 15% га ортиши ҳисобига майда ифлосликларни ажратиш самарадорлигини 8 % га оширишга эришилган;
вибрацион экран юритмасида автоматик тарангловчи қурилмали занжирли узатмаси бўлган чигит тозалаш қурилмаси Наманган вилояти Наманган туманидаги “Намангантолатекстил” МЧЖда жорий этилган (“Ёғ-мой саноати корхоналари” уюшмасининг 2025-йил 29-майдаги КС/3-189-сон маълумотномаси). Натижада,  чигит тозалаш жараёнидаги тўхталишлар ва носозликларнинг камайиши ҳисобига иш жараёнининг узлюксизлигини 2,4 марта ошишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish