Sayt test rejimida ishlamoqda

Исмоилов Шуҳратжон Абдусаминовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятлари», 12.00.05–Меҳнат ҳуқуқи. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи (юридик фанлар).  
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3DSc/Yu68.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги DSc.27.06.2017.Yu.22.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Усманова Муборак Акмалджановна, юридик фанлар доктори, профессор; Камалов Ойбек Ахматович, юридик фанлар доктори, профессор; Аминжонова Матлюба Ахмедовна, юридик фанлар доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини махсус ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этишга қаратилган илмий асосланган тавсия ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
айрим тоифадаги ходимлар учун (вояга етмаганлар, ҳомиладор аёллар, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган хорижий мигрантлар) меҳнат қонунчилигида белгиланган кафолатларга риоя қилмаслик маъмурий жавобгарлик келтириб чиқариши зарурлиги асослаб берилган;
хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳаёт фаолиятини ҳамда соғлиғини сақлашни таъминлайдиган, шу жумладан репродуктив функцияларни сақлайдиган хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш иш берувчини меҳнат муносабатларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни рўёбга чиқаришдаги мажбурияти эканлиги асослаб берилган;
айрим тоифадаги ходимларга нисбатан чекловчи ҳуқуқларни (оғир ва зарарли ишларга, тунги ишларга жалб қилиш, хизмат сафарларига юбориш) мустаҳкамловчи нормаларни белгиланиши ушбу тоифа ходимларининг меҳнатини тартибга солишнинг алоҳида хусусияти эканлиги асосланган;
уй меҳнати жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ва у аёллар ҳамда эркаклар томонидан тенг даражада амалга оширилиши зарурлиги асослаб берилган;
ишга жойлаштирилмаган хотин-қизларни ҳисобга олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш меҳнат органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари эканлиги асослаган;
ходимларга тақдим этиладиган кафолатлар даражасини пасайтирадиган, ҳуқуқларни чеклайдиган, уларнинг интизомий ва моддий жавобгарлигини оширадиган меҳнатни тартибга солиш хусусиятлари фақат қонунлар билан белгиланиши лозимлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятларига оид тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
айрим тоифадаги ходимлар учун (вояга етмаганлар, ҳомиладор аёллар, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган хорижий мигрантлар) меҳнат қонунчилигида белгиланган кафолатларга риоя қилмасликнинг маъмурий жавобгарлик учун асос бўлиши ҳақидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 491, 493, 494-моддаларига Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 августдаги ЎРҚ-558-сонли «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 04/3-06-75-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар айрим тоифадаги ходимлар учун белгиланган кафолатлар ва ишга қабул қилишнинг тартибини бузганлик учун иш берувчиларнинг жавобгарлигини кучайтиришга хизмат қилди;
хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳаёт фаолиятини ҳамда соғлиғини сақлашни таъминлайдиган, шу жумладан репродуктив функцияларни сақлайдиган хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш иш берувчини мажбурияти бўлиши зарурлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонуннинг 21-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 04/3-06-75-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф меҳнат соҳасида хотин-қизларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш хусусиятидан келиб чиққан ҳолда уларга меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилган;
айрим тоифадаги ходимларга нисбатан чекловчи ёки қўшимча ҳуқуқларни беришни назарда тутувчи нормаларни ўрнатилиши ушбу тоифа ходимларининг меҳнатини тартибга солишнинг алоҳида хусусияти эканлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасининг 421-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг норма ижодкорлиги фаолияти тўғрисидаги 2020 йил 3 январдаги 3/2-сонли кириш маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши меҳнатни тартибга солиш хусусиятлари фақат имтиёз ва кафолатлар эмас, балки тақиқ ва чекловларлардан ҳам иборат бўлиши мумкинлиги ҳақидаги қоидаларни белгилаб берди;
уй меҳнати жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ва у аёллар ҳамда эркаклар томонидан тенг даражада амалга оширилиши зарурлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонуннинг 25-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 04/3-06-75-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф меҳнат соҳасида хотин-қизларнинг меҳнат соҳасида камситилишининг олдини олишни хизмат қилган;
ишга жойлаштирилмаган хотин-қизларни ҳисобга олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш меҳнат органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари эканлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг 9-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 04/3-06-75-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш меҳнат органларининг ваколатларидан бири эканлигини белгилаб берди;
ходимларга тақдим этиладиган кафолатлар даражасини пасайтирадиган, ҳуқуқларни чеклайдиган, уларнинг интизомий ва моддий жавобгарлигини оширадиган меҳнатни тартибга солиш хусусиятлари фақат қонунлар билан белгиланиши лозимлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасининг 425-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг норма ижодкорлиги фаолияти тўғрисидаги 2020 йил 3 январдаги 3/2-сонли кириш маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирган тақдирда фақат Меҳнат кодекси орқали ёки махсус қонунлар билан белгиланиши мумкинлигига хизмат қилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish