Sayt test rejimida ishlamoqda

Югай Людмила Юрьевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жиноятларни очиш ва тергов қилишда автоматлаштирилган дактилоскопик идентификацион тизимларидан фойдаланиш чораларини такомиллаштириш», 12.00.09–Жиноят процесси; криминалистика; тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Yu178.
Илмий раҳбар: Пулатов Бахтиер Халилович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.27.06.2017.Yu.25.01.
Расмий оппонентлар: Хамдамов Абдували Ахмедович, юридик фанлар доктори, профессор; Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: автоматлаштирилган дактилоскопик идентификацион тизимлардан жиноятларни очиш ва тергов қилишда фойдаланиш чораларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
дактилоскопик қайд этиш инсон шахсини аниқлаш ёки тасдиқлаш, таниб олинмаган мурдаларни идентификация қилиш, яширинган жиноятчиларни қидириб топиш мақсадида дактилоскопик ахборотни тўплаш, тизимлаштириш ва қайта ишлаш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар эканлиги илмий асослаб берилган ҳамда мазкур тушунчани қонун билан мустаҳкамлаш зарурлиги асослантирилган;
Ўзбекистон Республикасига қўшни давлатларнинг чегара ҳудудларида содир этилиб, очилмаган оғир ва ўта оғир жиноятлар жойларидан олинган алоҳида қўл излари массивларини айирбошлаш, текширувлар ўтказиш амалиётини жорий этиш зарурати илмий асосланган ҳамда унинг тартиб-таомиллари, механизмлари ва муддатлари ишлаб чиқилган;
суд экспертиза муассасалари ва эксперт-криминалистика бўлинмалари томонидан ўтказиладиган бир хилдаги суд экспертизаларини алоқадорлик, тўлиқлик, ҳар томонламалик, асослантирилганлик, кетма-кетлик, мантиқийлик мезонларига кўра ўтказиш бўйича ягона идоралараро услубиётни ишлаб чиқиш зарурати илмий асослантирилган;
дактилоскопик, габитоскопик, генотипик ва фоноскопик турдаги ҳисобларни криминалистик ҳисоблар ягона ахборот платформасига бирлаштириш ҳамда уларни ички ишлар органларида қўллашнинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш зарурлиги илмий асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши
Автоматлаштирилган дактилоскопик идентификацион тизимлардан жиноятларни очиш ва тергов қилишда фойдаланиш чораларини такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
дактилоскопик қайд этиш - инсон шахсини аниқлаш ёки тасдиқлаш, таниб олинмаган мурдаларни идентификация қилиш, яширинган жиноятчиларни қидириб топишда дактилоскопик ахборотни тўплаш, тизимлаштириш ва қайта ишлаш, уни ҳуқуқий мустаҳкамлашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрдаги «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунининг 17-моддасини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитасининг 2019 йил 25 июндаги 06/2-06/2243-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида дактилоскопик ахборотни тўплаш ва тизимлаштиришда шахс ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ мавжуд ҳуқуқий бўшлиқлар ва турли қарама-қаршиликларни бартараф этишга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикасига қўшни давлатларнинг чегара ҳудудларида содир этилиб, очилмаган оғир ва ўта оғир жиноятлар жойларидан олинган алоҳида қўл излари массивларини айирбошлаш ва текширувлар ўтказиш амалиётини жорий этишга доир тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаш¬тириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2898-сон қарори бандларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2019 йил 15 октябрдаги 21/1570-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши республикамиз ва қўшни давлатларнинг чегара ҳудудларида содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятларни очиш самарадорлигини ошириш, бу борадаги ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш ва ҳуқуқий мустаҳкамлашга хизмат қилган;
суд экспертиза муассасалари ва эксперт-криминалистика бўлинмалари томонидан ўтказиладиган бир хилдаги суд экспертизаларини белгилаш, уларни ўтказиш бўйича ягона идоралараро услубиётни ишлаб чиқиш ҳамда фаолиятга автоматлаштирилган ахборот-қидирув тизимлари ва дастурларини жорий этишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллашти¬риш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4125-сон қарори билан тасдиқланган 2019–2020 йилларда суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Йўл харитасини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республика¬си ИИВнинг 2019 йил 2 октябрдаги 21/1480-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши эксперт-криминалистика бўлинмалари томонидан суд экспертизаларни тизимли ва сифатли ўтказиш, суд-экспертиза муассасаларида замонавий автоматлаштирилган тизимлар, дастурлар ва маълумотлар базалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда иш самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
дактилоскопик, габитоскопик, генотипик ва фоноскопик турдаги ҳисобларни криминалистик ҳисоблар ягона ахборот платформасига бирлаштириш ҳамда уларни ички ишлар органларида қўллашнинг ҳуқуқий механизмларини яратишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2898-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази тўғрисидаги низомни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2019 йил 15 октябрдаги 21/1569-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар автоматлаштирилган ҳисобларнинг бир қанча турларини барча биометрик базалар бўйича параллел тарзда излаш жараёнини тезлаштириб, соддалаштирадиган, шунингдек криминалистик жиҳатдан муҳим ахборотни таҳлил қилиш, узатиш ва ишлаш жараёнини мақбуллаштирадиган интеграллашган мульти-биометрик маълумотлар базасига бирлаштириш орқали жамоат тартибини сақлаш ва дастлабки тергов самадорлигини оширишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish