Мавлянов Абдулла Абдихакимовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Сувли шароитларда абсорбсияловчи материалдан фойдаланган ҳолда портловчи моддаларнинг скважинали заряди конструксиясини ишлаб чиқиш ва илмий асослаш», 04.00.10 – Геотехнология (очиқ, ер ости ва қурилиш) (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.2.PhD/Т6696.
Илмий раҳбар: Насиров Уткир Фатидинович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСИС»нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСИС»нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали, DSc.31/2025.27.12.Т.04.01.
Расмий оппонентлар: Атрушкевич Виктор Аркадевич, техника фанлари доктори, профессор; Назаров Заир Садикович, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: сувли скважиналар шароитида сув-шлак муҳитига бошқариладиган таъсирни таъминлайдиган, портловчи моддаларни сувдан ишончли изоляциясини ва портлаш энергиясидан фойдаланиш даражасини оширишни таъминлайдиган ютувчи материалдан фойдаланган ҳолда ПМ скважинали зарядининг самарали конструксиясини илмий асослаш ва ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
гидростатик ғовак босими, филтрация (гидродинамик) кучлари, тоғ жинси скелетидаги самарали кучланишларнинг қайта тақсимланиши ва портлатиш ишларининг динамик таъсирини биргаликда ҳисобга олишга асосланган, тоғ жинси массиви сувланганлигининг карер ёнбағирлари турғунлигига таъсирининг гидрогеомеханик модели ишлаб чиқилган;
сувли массивларда портлатиш ишларини олиб боришда портлаш таъсирида фазаларнинг ғовак-эластик ўзаро таъсири, импулсли ғовак босими ва филтрация жараёнларининг биргаликдаги таъсири (Био коеффициентини ҳисобга олган ҳолда) туфайли самарали кучланишларнинг ностационар қайта тақсимланиши шаклланиши асосланган;
сувга тўйинган тоғ жинси массивига портлатиш таъсирида фазаларнинг ғовак-эластик ўзаро таъсирини ҳисобга олган ҳолда, детонация энергияси тез ва секин бўйлама тўлқинлар ўртасида қайта тақсимланиши, бу эса энергиянинг эластик тўлқинларга ўтиш коеффициентининг пасайишига, босим амплитудасининг тезроқ сўнишига, ғовак босимининг иккиламчи майдонларининг шаклланишига ва қуруқ шароитга нисбатан самарали майдалаш радиусининг камайишига олиб келиши назарий жиҳатдан асосланган;
сувли портлатиш скважиналарида абсорбентларнинг филтрлаш хусусиятлари уларнинг сорбсион сиғими ва структуравий бўкиш динамикасининг комбинацияси билан белгиланиши, бунда зич гел структурасининг шаклланиши сув ўтказувчанлигининг сезиларли даражада пасайишига ва филтрация оқимининг чекланишига олиб келиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Сувли шароитда абсорбсион материалдан фойдаланган ҳолда ПМ скважина заряди конструксиясини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосида:
сувли шароитда БПИ ўтказишда абсорбсион материаллар ва скважина зарядларини шакллантириш параметрларини қўллаш бўйича амалий тавсиялар «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг «Қалмоқир» карерида жорий этилган («Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2026 йил 22 июндаги 06-26/01-00957-сон маълумотномаси). Натижада, сувли скважиналарда БПИнинг ишончлилигини ошириш, зарядларнинг портламай қолишини камайтириш, ПМ солиштирма сарфини камайтириш ва портлаш энергиясидан фойдаланиш даражасини ошириш имконини берган;
йўналтирувчи конструксия ва маҳаллий ишлаб чиқарилган гидрогелдан комплекс фойдаланишга асосланган сувли шароитда ПМ скважина заряди конструксияси «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг «Қалмоқир» карерида жорий этилган («Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2026 йил 22 июндаги 06-26/01-00957-сон маълумотномаси). Натижада, сувли скважиналарда зарядларнинг эҳтимоллик ишдан чиқиш улушини 0% гача камайтириш, ПМ солиштирма сарфини 0,734 дан 0,71 кг/м3 гача камайтириш ва кон массасининг юмшатиш коеффициентини 1,25 дан 1,40 гача ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish