Эшимбетов Махмуд Уразбоевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Маъмурий-ҳуқуқий низо: назария ва амалиёт”, 12.00.02 -“Конституциявий ҳуқуқ. Ма'мурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи” ихтисослигида (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.1.DSc/Yu279.
Илмий маслаҳатчи: Самарходжаев Батир Билялович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, DSc14/2025.27.12.Yu.01.01.
Расмий оппонентлар: Кутибаева Елизавета Дуйсенбаевна, юридик фанлар доктори, профессор; Турғунов Ойбек Каримович, юридик фанлар доктори, профессор; Махмудов Алишер Абдусалимович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади маъмурий-ҳуқуқий низоларнинг консептуал-назарий асосларини, уларнинг ҳуқуқий механизмларини ва замонавий амалий ечимларни таҳлил қилиш, халқаро тажриба ва миллий қонунчиликка асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
аризачи Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида кўрсатилган ариза (шикоят) билан бир қаторда ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақлилиги асослаб берилган;
интеллектуал мулкка оид низолар турли хил ҳуқуқий табиатга эга бўлиб, ушбу ҳуқуқий табиат низоларнинг судларга тааллуқлилик масаласини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эгалиги асосланган;
Апеллация кенгаши ўз фаолиятини давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролардан мустақил равишда қонунийлик, холислик, коллегиаллик ҳамда ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этилиши асослаб берилган;
Апеллация кенгаши аъзоларининг фаолияти жамоатчиликка асосланиши асослаб берилган;
маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари деганда, қарор шаклида ифодаланмаган бўлса ҳам, бироқ манфаатдор шахслар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузилишига олиб келган ёки уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга оширилишига тўсқинлик қилган юридик аҳамиятга эга фармойишлар тушунилиши асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Маъмурий-ҳуқуқий низо: назария ва амалиёт” мавзусидаги диссертация иши бўйича олинган илмий натижалар асοсида:
аризачи ушбу моддада кўрсатилган ариза (шикоят) билан бир қаторда ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақлилиги тўғрисидаги таклиф МСИЮтКнинг 27-моддасини янги учинчи қисм билан тўлдиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 13 августдаги 08/348-25-сонли маълумотномаси). Мазкур таклиф маъмурий-ҳуқуқий низолар билан сабабий боғланишда бўлган зарар масаласидаги даъволарни бир иш юритувида уйғун ҳал этиш орқали процессуал яхлитлик, фуқароларнинг ҳуқуқларини маъмурий суд орқали тўлиқ ҳимоя қилиш ва шу орқали одил судловнинг реал амалга ошишини таъминлашга хизмат қилган;
интеллектуал мулкка оид низолар турли хил ҳуқуқий табиатга эга бўлиб, ушбу ҳуқуқий табиат низоларнинг судларга тааллуқлилик масаласини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эгалиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 23-июндаги “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 19-сонли Қарори 4-бандининг биринчи хатбошисида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 17 июндаги 08/30-94-25-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф маъмурий суд судловига тааллуқли бўлган маъмурий-ҳуқуқий низоларни бошқа турдаги низолардан фарқлашга ва судловга тааллуқлилик масаласини тўғри ҳал этилишида хизмат қилган;
Апеллация кенгаши ўз фаолиятини давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролардан мустақил равишда қонунийлик, холислик, коллегиаллик ҳамда ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этилиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 28-июлдаги 470-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик фаолияти субектларининг божхона соҳасидаги муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тавсиялар берувчи апеллация кенгаши тўғрисида”ги низом 3-бандининг иккинчи хатбошисида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг 2025-йил 26 сентябрдаги 20-03/25-00199-сонли далолатномаси). Ушбу норма Апеллация кенгаши қарорларининг ишончлилиги ва адолатлилигини таъминлаб, тадбиркорлик фаолияти субектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилган;
Апеллация кенгаши аъзоларининг фаолияти жамоатчиликка асосланиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 28-июлдаги 470-сонли қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик фаолияти субектларининг божхона соҳасидаги муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тавсиялар берувчи апеллация кенгаши тўғрисида”ги низом 3-бандининг учинчи хатбошисида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг 2025-йил 26-сентябрдаги 20-03/25-00199-сонли далолатномаси). Ушбу норма Апеллация кенгаши фаолиятида ошкоралик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш билан бирга, қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кучайтиришга, шу орқали эса тадбиркорлик фаолияти субектларида қабул қилинаётган қарорларнинг адолатлилиги ва асослилигига нисбатан ишончни оширишга хизмат қилган;
маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари деганда, қарор шаклида ифодаланмаган бўлса ҳам, бироқ манфаатдор шахслар ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига олиб келган ёки уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишига тўсқинлик қилган юридик аҳамиятга эга фармойишлар тушунилиши тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019-йил 24-декабрдаги “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракацизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 24-сонли Қарори 6-бандининг биринчи хатбошисида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 17-июндаги 08/30-95-25-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг бирор-бир воқеликка нисбатан иродасининг намоён бўлиши қандай ҳолларда ҳаракат ҳисобланишига аниқлик киритилишига, ҳаракатни ҳаракацизликдан фарқлашга, ариза предметини аниқлаштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish