Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ–98-сон «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони билан соҳага янги ёндашувларни жорий этиш, аттестация жараёнларини рақамлаштириш, илмий даражалар бериш тизимининг сифати, самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш юзасидан кенг кўламли вазифалар белгиланган.
Айни пайтда мазкур Фармон ижросини таъминлашга доир тасдиқланган «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, Олий аттестация комиссияси (ОАК) фаолиятини янги ташкилий ва рақамли механизмларга мослаштириш, аттестация жараёнларини такомиллаштириш ҳамда соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, айрим тадқиқотчиларда ОАК Раёсати мажлисининг ўтказилиш санасига доир саволлар туғилаётгани табиий.
Таъкидлаш жоизки, ОАК Раёсат мажлисларининг йиллик иш режасида белгиланган саналар, аввало, ташкилий режалаштириш мақсадида шакллантирилади. Аттестация ишларини кўриб чиқишга тайёрлаш, тегишли материалларни шакллантириш, Раёсат аъзолари ва масъул тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш билан боғлиқ ташкилий ҳолатлардан келиб чиқиб, мажлис ўтказиш вақтига ўзгартиш киритилиши мумкин.
Бунда илмий даража ва илмий унвон беришнинг амалдаги норматив тартиби, белгиланган талаблар ҳамда аттестация ишларини холис ва сифатли кўриб чиқиш тамойилларига қатъий риоя этилади.
Ҳозирги вақтда олий таълим ва илмий ташкилотларда профессор-ўқитувчиларнинг меҳнат таътили даври давом этаётгани, шунингдек, аттестация ишларини Раёсат муҳокамасига сифатли тайёрлаш ва ташкилий жараёнларни мувофиқлаштириш зарурати инобатга олинган ҳолда август ойидаги ОАК Раёсат мажлисини 26 август куни ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шу муносабат билан Раёсат мажлисининг йиллик иш режасида дастлаб белгиланган санада ўтказилмаганини илмий даража ва илмий унвонларни тасдиқлаш жараёни тўхтатилгани ёки аттестация ишлари кўриб чиқилмаётгани сифатида баҳолаш тўғри эмас.
ОАК аттестация ишларини ўз вақтида, холис ва сифатли кўриб чиқиш, шунингдек, илмий даража ва илмий унвон талабгорларининг қонуний манфаатларини таъминлашга доимо устувор аҳамият қаратиб келади.
ОАК Ахборот хизмати