Олий аттестация комиссиясининг расмий веб-сайтидаги “Диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхати”нинг миллий ва хорижий илмий нашрлар бўйича электрон реестри янада такомиллаштирилди. Янгиланган саҳифада (https://oak.uz/pages/31738) тадқиқотчилар, докторантлар ва илмий раҳбарлар учун илмий журналларни танлаш ҳамда уларнинг амалдаги мақомини тезкор текшириш имконияти яратилди.
Электрон реестрнинг асосий афзалликларидан бири шундаки, энди ҳар бир журнал бўйича унинг ОАК томонидан тан олинганлиги, қайси фан тармоқлари бўйича тавсия этилгани, халқаро нашриёт ёки маълумотлар базасининг амалдаги мақоми ҳақидаги маълумотлар тизимли ва қулай шаклда тақдим этилган. Бу эса тадқиқотчиларга мақола юборишдан олдин журналнинг талабларга мувофиқлигини мустақил баҳолаш имконини беради.
Айниқса, диссертациянинг асосий илмий натижаларини эълон қилишда нафақат журналнинг ўзи, балки у индексланадиган халқаро нашриёт ёки маълумотлар базасининг амалдаги мақоми ҳам муҳим аҳамият касб этади. “Фаол” мақомидаги платформаларда индексланган журналларда чоп этилган мақолалар белгиланган талаблар асосида ҳисобга олинади. “Чиқарилди” мақомидаги платформа ва маълумотлар базалари эса аттестация жараёнларида мустақил баҳолаш мезони сифатида қабул қилинмайди.
Мазкур электрон реестр барча муҳим маълумотларни ягона платформада жамлаб, журналларни танлаш, уларнинг мақоми бўйича аниқлик киритиш жараёнини анча соддалаштиради. Бу илмий нашрларни танлашда шаффофликни ошириш ва тадқиқотчилар учун қулайлик яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Электрон реестридан ўрин олган Статистика бўлимидаги маълумотлар ҳам тадқиқотчилар эътиборини тортиши табиий. Зеро, мазкур ойнада жами журналлар сони уларнинг миллий ва халқаро нашрларга бўлиниши, фаоллиги, чиқарилгани ва фан тармоқларига доир маълумотлар билан танишиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, мазкур электрон реестр доимий равишда янгиланиб ва тўлдириб борилади. Шунинг учун тадқиқотчиларга мақола нашр этишдан олдин журналнинг амалдаги ҳолатини айнан электрон реестр орқали текшириб олиш тавсия этилади.
ОАК Ахборот хизмати