Адизова Нигора Бахтиёровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қизиқмачоқларнинг жанрий табиати ва бадиияти”, 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Fil672.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети
Илмий раҳбар: Ўраева Дармон Саидахмедовна, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Якуббекова Мунаввар Мухамедовна, филология фанлари доктори; Қаюмов Олим Садриддинович, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади қизиқмачоқларнинг жанрий белгилари, генезиси, мавзуий турлари, композицион, лингвопоэтик, ижро хусусиятлари, етакчи образлари, анъанавий мотивлари ва бадиий-эстетик вазифаларини аниқлашдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек болалар фольклорининг анъанавий шеърий шаклларидан бири – қизиқмачоқлар халқ қўшиқчилиги жанрлар тизимининг шаклланиши ва тадрижий тараққиётини белгиловчи муҳим халқалардан бири эканлиги асосланган;
қизиқмачоқлар халқ қизиқчилиги, эртаклар, болалар фольклоридаги эркалама, овутмачоқ, санама, тегишмачоқ, тез айтиш, гулдур-гуп, ҳукмлагич каби жанрлар билан боғлиқликда келиб чиққанлиги ҳамда яхлит бадиий тизим сифатида тараққий этганлиги қиёсий-типологик аспектда исботланган;
қизиқмачоқлар катталар томонидан болаларга атаб яратилган юмористик руҳдаги қўшиқлар сифатида болалар фольклори билан катталар фольклорининг генетик алоқадорлигини тўғри баҳолашга йўл очиши далилланган;
қизиқмачоқларнинг мавзуий-шаклий турлари, анъанавий образлар тизими, асосий мотивлари, лингвопоэтик ва композицион хусусиятлари, банд қурилиши, вазни, қофияланиш тизими, ифода-тасвир услуб ва бадиий-эстетик вазифалари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қизиқмачоқларнинг жанрий табиати ва бадиияти бўйича олинган илмий натижалар асосида:
қизиқмачоқлар образлар силсиласининг тарихий-генетик асослари ҳамда бадиий эволюциясига миф, афсона, эртакнинг таъсирига доир илмий-назарий хулосалардан Навоий давлат педагогика институтида амалга оширилган Ф1-ХТ-0-19919 рақамли “Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётидаги ўрни” (2012–2016) номли фундаментал лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 9 октябрдаги 89-03-3798-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек халқ мифологиясининг ёзма адабиётга таъсири, жумладан, мифологик сюжет, мотив ва образларнинг қизиқмачоқлар бадиий структурасидаги поэтик вазифаларини ойдинлаштиришга эришилган;
ўзбек болалар фольклорининг мустақил жанрларидан бири бўлган қизиқмачоқнинг жанрий табиати, ўзига хос бадиий-композицион хусусиятлари, образлар олами ва лингвопоэтик белгилари очиб бериш асосида чиқарилган хулосалардан Бухоро давлат университетида бажарилган Ф-1-06 рақамли “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 9 октябрдаги 89-03-3797-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек фольклоридаги кўпгина жанрларнинг поэтик табиати ва вазифаси жиҳатидан жаҳон халқлари оғзаки ижодидаги баъзи жанрлар билан муштараклик касб этиши асосланган.
ўзбек халқ миллий қўшиқларининг образлар тизими, композицион хусусиятлари, бадиий тасвир воситаларининг ёш авлодни тарбиялашдаги ўрнига доир хулосаларидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Бухоро” телеканалининг “Долзарб мавзу”, “Қадрият, урф-одат ва анъана”, “Наврўз удумлари”, “Алла сеҳри”, “Ўзбекона”, “Адабиёт дарси”, “Адабий муҳит” каби телекўрсатувларида, шунингдек, “Қадриятлар қадим бешиги”, “Маънавият гулшани” каби радиоэшиттиришларида фойдаланилди. (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Бухоро” телеканалининг 2019 йил 24 сентябрдаги 1/339-сон маълумотномаси). Натижада болалар фольклорининг ўзига хос тарбиявий-эстетик моҳияти ва унинг сўз санъатидаги алоҳида ўрни хусусидаги кенг кўламли маълумотлар томошабинлар аудиториясига етказилган.