Рашидова Умида Мансуровнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Ўзбек тили фразеологизмларининг функсионал-стилистик ва лингвомаданий тадқиқи, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.2.DSc/Fil308.
Илмий маслаҳатчи: Каримов Суюн Амирович, филологийа фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.09.07.
Расмий оппонентлар: Маматов Абдуғафур Эшонқулович, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Юлдошева Нилуфар Эргашевна, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Абжалова Манзура Абдурашетовна, филология фанлари доктори (DSc), доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тили фразеологизмларининг функсионал-стилистик ҳамда лингвомаданий хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилидаги фразеологик бирликларнинг сўзлашув, илмий, расмий-идоравий, бадиий, публицистик ва диний услубларда қўлланиш хусусиятлари қиёсий асосда очиб берилиб, уларнинг ҳар бир функсионал услубга хос коммуникатив вазифаларни бажариш имкониятлари, контекст таъсирида юзага чиқадиган нутқий воқеланиш шакллари ҳамда услубий меъёрлар билан белгиланадиган стилистик чекланганлик даражаси бир ёқадан бош чиқармоқ, кўзининг оқ-у қораси, гапнинг пўсткалласини айтмоқ каби турли услубий қатламларга мансуб фразеологик бирликларнинг функсионал воқеланиши мисолида аниқланган;
фразеологизмларда миллий қадриятлар ва менталитет ифодаси аниқланиб, нон синдирмоқ, дўпписи ерга тушмоқ, бошида кўтариб юрмоқ, кўнгли кенг, қўли очиқ каби фразеологик бирликларда мужассамлашган оила, эътиқод, ор-номус, ҳурмат, меҳмондўстлик, саховат ва бағрикенглик консептлари асосида фразеологизм, консепт ва лингвокултурема тушунчаларининг миллий тафаккур, тил ва маданиятнинг ўзаро интеграциялашган тизимидаги мазмуний ҳамда функсионал муносабати очиб берилган;
ўзбек лексикографик луғатларида фразеологизмларнинг берилиш тамойиллари лингвистик мезонлар асосида баҳоланиб, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Ўзбек тилининг фразеологик луғати”, қиёсий ҳамда замонавий электрон луғатлар материаллари асосида боши эгилмоқ, юраги орқасига тортмоқ, кўзи очилмоқ, қўли калта, кўнглига тугмоқ каби фразеологик бирликларнинг семантик тузилиши, услубий белгиси, эмоционал-экспрессив бўёғи ва лингвомаданий тавсифини акс эттиришдаги лексикографик тавсифнинг илмий ютуқлари ҳамда тизимли тавсиф ва услубий белгилаш билан боғлиқ камчиликлар исботланган;
тил корпусларида фразеологизмлар базасини шакллантиришнинг назарий ва амалий масалалари ишлаб чиқилиб, бош қотирмоқ, боши берк кўча, юрагига яқин олмоқ, капалаги учмоқ каби кўпмаъноли ва услубий хосланган фразеологизмларни автоматик аниқлаш, морфологик вариантларини ягона моделга келтириш, семантик теглар билан белгилаш ҳамда муқобил таржима эквивалентларини танлаш механизмларининг машина таржимаси сифатини оширишдаги самарадорлиги асосланган;
стилистик маъно тушунчаси фразеологик бирликлар мисолида тизимли равишда изоҳланиб, оғзи қулоғида, юраги қон бўлмоқ, қовоғидан қор ёғмоқ, ич-этини емоқ, қўли узун, тили қисиқ, жон куйдирмоқ, боши осмонга етмоқ каби фразеологизмларнинг эмоционал-экспрессив, баҳоловчи, образли ҳамда услубий вазифаларига кўра шаклланган функсионал-стилистик қатламлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тили фразеологизмларининг функсионал-стилистик ҳамда лингвомаданий хусусиятлари таҳлилини амалга ошириш бўйича олинган илмий натижалар:
ўзбек тилидаги фразеологик бирликларнинг сўзлашув, илмий, расмий-идоравий, бадиий, публицистик ва диний услубларда қўлланиш хусусиятлари ҳамда бир ёқадан бош чиқармоқ, кўзининг оқ-у қораси, гапнинг пўсткалласини айтмоқ каби фразеологик бирликларнинг нутқий воқеланиш шакллари ҳамда услубий меъёрлар билан белгиланадиган стилистик чекланганлик даражаси аниқланган ўринлардан 2021-2023-йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида амалга оширилган ПЗ-2020042022 рақамли “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш” лойиҳаси доирасида қўлланилган (нинг 2022-йил 30-апрелдаги 01/6-855-сон маълумотномаси). Натижада фразеологик бирликларнинг услубий ва функсионал хусусиятларини ўқитишга мўлжалланган электрон таълим платформасининг илмий-методик таъминоти такомиллаштирилиб, улардан таълим жараёнида самарали фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилган;
фразеологизмларда миллий қадриятлар ва менталитет ифодасига оид, хусусан, нон синдирмоқ, бошида кўтариб юрмоқ, қўли очиқ каби фразеологик бирликларнинг миллий тафаккур, тил ва маданиятнинг ўзаро интеграциялашган тизимидаги мазмуний ҳамда функсионал муносабати очиб берилганлигига оид хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2012-2016 йилларда бажарилган Г002 “Қорақалпоқ фолклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2025-йил 24-октябрдаги 1701/117-сон маълумотномаси). Натижада қорақалпоқ фолклори ва адабиёти намуналарида қўлланган фразеологик бирликларнинг миллий қадриятлар, менталитет ва лингвомаданий мазмунни ифодалаш хусусиятлари аниқлаштирилиб, уларнинг консептуал мазмунини тавсифлаш мезонлари бойитилган ҳамда мазкур хулосалар фолклор жанрларини назарий жиҳатдан тадқиқ этишда самарали қўлланилган;
ўзбек лексикографик луғатларида фразеологизмларнинг берилиш тамойиллари лингвистик мезонлар асосида баҳоланиб, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Ўзбек тилининг фразеологик луғати”, қиёсий ҳамда замонавий электрон луғатлар материаллари асосида боши эгилмоқ, юраги орқасига тортмоқ, кўзи очилмоқ, қўли калта, кўнглига тугмоқ каби фразеологик бирликларнинг семантик тузилиши, услубий белгиси, эмоционал-экспрессив бўёғи ва лингвомаданий тавсифини акс эттиришдаги ютуқ ҳамда камчиликлар илмий асосда исботланганлигига оид хулосалардан “Ўзбек тили синонимларининг ўқув луғати”да фойдаланилган (Ҳ.Дадабоев, М.Абжалова, У.Рашидова. Ўзбек тили синонимларининг ўқув луғати. – Тошкент, 2023. – 625 б.). Натижада луғат таркибига синоним фразеологизмлар жадвали киритилиб, уларнинг семантик тузилиши, услубий белгиланиши ва лингвомаданий хусусиятларини қиёсий тавсифлаш имкониятлари кенгайтирилиб, фразеологик бирликларни лексикографик тавсифлашнинг илмий-методик асослари такомиллаштирилган;
тил корпусларида фразеологизмлар базасини шакллантиришнинг назарий ва амалий масалалари ишлаб чиқилиб, автоматик таржима жараёнларини такомиллаштиришда фразеологик маълумотлар базасидан фойдаланишнинг фразеологик бирликларнинг семантик яхлитлиги, услубий хосланганлиги ва лингвомаданий мазмунини сақлашга хизмат қилувчи ҳамда уларнинг муқобил эквивалентларини тоʻгʻри танлаш ва контекстга мос қоʻллашни таʼминловчи самарали механизмлари мавжудлиги асосида олинга хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2017-2020 йилларда амалга оширилган ФА-Ф1-005 “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2025-йил 24-октябрдаги 1701/117-сон маълумотномаси). Натижада халқ оғзаки ижоди намуналарида учрайдиган фразеологик бирликларнинг семантик, услубий ва лингвомаданий хусусиятларини корпус ҳамда лексикографик манбалар асосида тавсифлаш мезонлари такомиллаштирилиб, уларни илмий таснифлаш ва изоҳлашнинг назарий асослари бойитилган;
стилистик маъно тушунчаси фразеологик бирликлар мисолида тизимли равишда изоҳланиб, оғзи қулоғида, юраги қон бўлмоқ, қовоғидан қор ёғмоқ, ич-этини емоқ, қўли узун, тили қисиқ, жон куйдирмоқ, боши осмонга етмоқ каби фразеологизмларнинг эмоционал-экспрессив, баҳоловчи, образли ҳамда услубий вазифаларига кўра шаклланган функсионал-стилистик қатламларига оид илмий хулосалардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2023-2024-йилларда бажарилган “Алишер Навоий муаллифлик корпусини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳасининг ижросини таъминлашда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 30-сентябрдаги 01/4-4627-сон маълумотномаси). Натижада Алишер Навоий муаллифлик корпусида фразеологик бирликлар, мақоллар ва ҳикматли сўзларнинг функсионал-стилистик тавсифи ишлаб чиқилиб, уларни семантик ҳамда услубий белгилар асосида излаш ва таснифлаш имкониятлари кенгайтириган;
стилистик маъно тушунчаси фразеологик бирликлар мисолида тизимли равишда изоҳланиб, фразеологизмларнинг эмоционал-экспрессив, баҳоловчи, образли ҳамда услубий вазифаларига кўра шаклланган функсионал-стилистик қатламларига оид илмий хулосалардан “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Бедорлик”, “Таълим ва тараққиёт” эшиттиришларининг ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиоканалининг 2026-йил 25-январдаги 0818-1-87 сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувларда ўзбек фразеологик бирликларининг эмоционал-экспрессив ва лингвомаданий имкониятларини илмий асосда ёритиш таъминланиб, уларнинг маърифий, тарбиявий ҳамда илмий-оммабоп аҳамияти оширилган.