Эргашев Жамолиддин Саматовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Пахта толасининг дастлабки сифат кўрсаткичларини сақлаш мақсадида тола ажратиш жараёнининг самарали технологиясини яратиш», 05.06.02–Тўқимачилик материаллари технологияси ва хомашёга дастлабки ишлов бериш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.DSc/Т312.
Илмий маслаҳатчи: Ахмедходжаев Хамит Турсунович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик-технология институти ҳузуридаги PhD.30.05.2018.T.66.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги фан доктори (DSc) илмий даражаcини берувчи бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Мадумаров Илхом Дадаханович, техника фанлари доктори; Сулаймонов Рустам Шенникович, техника фанлари доктори; Валиев Гулам Набиджанович, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Андижон машинасозлик институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: аррали жин ишчи камерасини такомиллаштириш йўли билан аррали жинлашнинг самарали технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
айланма ҳаракатда бўлган хомашё валиги ва ишчи камера орасидаги ишқаланиш коэффициентининг камайишини таъминлаш шартини инобатга олган ҳолда радиал профилли ишчи камера конструкцияси яратилган;
пахта бўлакчасининг аррали жин ишчи камерасига ўрнатилган тезлаткич таъсиридаги ҳаракати траекториясини ҳисобга олган ҳолда чигитнинг ишчи камерадан кафолатли чиқиши ва хомашё валигининг энг мақбул айланиш тезлигини таъминловчи тезлаткич конструкцияси ишлаб чиқилган;
аррали жин ишчи камерасига ўрнатилган ҳавопуркагич таъсирида тозаланган чигитларнинг ишчи камерадан чиқиши тезлашиши ва бир вақтда илинган толалар миқдори ошишини инобатга олиб, жараён иш унуми, ҳаво тезлиги, қувур диаметри ва ҳавони йўналтириш бурчаги аниқланган;
аррали жин ишчи камераси жинлаш нуқтасидаги зарба жараёнида чигит механик шикастланишининг олдини олиш шартидан келиб чиқиб, камера эгрилик радиусининг рационал қиймати аниқланган;
хомашё валиги ўқига қўшимча буровчи момент киритилганда унинг айланиш тезлигини бошқариш имконияти юзага келишини инобатга олиб, аррали жин ишчи камераси тезлаткичининг диаметри ва айланиш тезлигининг рационал қиймати аниқланган;
кўп омилли режали тажрибаларда олинган қонуниятлар таҳлили натижаларидан келиб чиқиб, жинлаш жараёнининг пахта махсулотлари дастлабки сифат кўрсаткичларига салбий таъсирини олдини олувчи ишчи камерага эга бўлган аррали жин конструкцияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Аррали жин ишчи камерасини такомиллаштириш йўли билан аррали жинлашнинг самарали технологиясини яратиш бўйича амалга оширилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида:
пахта толасини чигитдан ажратишни таъминлайдиган аррали жин конструкцияси «Ўзпахтасаноат» АЖга қарашли Гулбоғ пахта тозалаш корхонасида ишлаб чиқаришга жорий қилинган («Ўзпахтасаноат» АЖнинг 2019 йил 2 декабрдаги 03-18/6898 - сон маълумотномаси). Натижада аррали жинлаш жараёнида ишчи камерадан чигитларнинг вақт бирлигидаги чиқиши 34% га кўпайганлиги сабабли жараён иш унумдорлиги ошган;
аррали жинлаш жараёнида радиал профилли ишчи камера ва хомашё валиги тезлаткичини қўллашга асосланган технология «Ўзпахтасаноат» АЖга қарашли Чуст пахта тозалаш корхонасида ишлаб чиқаришга жорий қилинган («Ўзпахтасаноат» АЖнинг 2019 йил 2 декабрдаги 03-18/6898-сон маълумотномаси). Натижада аррали жин машинаси иш унуми 12-14% га ошган;
янги конструкциядаги аррали жин ишчи камераси «Ўзпахтасаноат» АЖга қарашли Гулбоғ пахта тозалаш корхонасида ишлаб чиқаришга жорий қилинган («Ўзпахтасаноат» АЖнинг 2019 йил 2 декабрдаги 03-18/6898-сон маълумотномаси). Натижада чигит механик шикастланишини 0,3% ва толадаги ифлослик ва нуқсонли аралашмалар массавий улушини 0,4% га камайтириш эвазига маҳсулот сифатининг яхшиланиши таъминланган.