Обидов Авазбек Азаматовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жинланган чигитларга ишлов беришнинг самарали технологиясини яратиш», 05.06.02–Тўқимачилик материаллари технологияси ва хомашёга дастлабки ишлов бериш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.DSc/Т263.
Илмий маслаҳатчи: Ахмедходжаев Хамит Турсунович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик-технология институти ҳузуридаги PhD.30.05.2018.T.66.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги фан доктори (DSc) илмий даражаcини берувчи бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Усмонқулов Алишер Қодирқулович, техника фанлари доктори, профессор; Мухаммадиев Давлат Мустафоевич, техника фанлари доктори, профессор; Ханхаджаева Нилуфар Рахимовна, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: жинланган чигитга ишлов бериш технологиясини такомиллаштириш йўли билан пахта толаси чиқишини кўпайтириш, чигит ва линт сифат кўрсаткичларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
пахта чигитининг физик-механик ва тебранма ҳаракат таъсирида компонентларга ажралиш хусусиятларини инобатга олган ҳолда жинланган чигитларни тозалаш ва саралаш технологияси ишлаб чиқилган;
жинланган чигитлар ўлчамлари, массаси ва юза билан ишқаланиш коэффициентининг ишлов бериш ускунаси самарадорлигига таъсирини ҳисобга олган ҳолда тебранувчан тўрли юзага эга бўлган пахта чигитини саралаш ва тозалаш қурилмаси конструкцияси яратилган;
тебранма ҳаракат таъсирида чигит массасининг юза бўйлаб кўчиши ва оқими миқдорини бошқариш имкониятини инобатга олиб, саралаш жараёнини чигит билан таъминловчи вибрацион таъминлагич конструкцияси ишлаб чиқилган;
турли қатламдаги чигитли масса компонентларининг тебранувчи юза бўйлаб силжиши ва траекторияларини инобатга олган ҳолда таъминлаш ҳамда саралаш жараёнларини ягона тебранувчи юза ёрдамида амалга ошириш асослаб берилган;
турли зичликдаги ўзаро эластик боғланишда бўлган ва ҳаракатланаётган чигитлар кўчиш жараёни боғланишлари таҳлили натижаларига кўра уларни тўрли юзада толадорлиги бўйича саралаш самарадорлиги аниқланган;
кўп омилли тажрибалар натижаларидан келиб чиқиб, саралаш жараёнида қурилманинг талаб қилинган самарадорлигини таъминловчи тўрли юза қиялик бурчаги, тебраниш частотаси ва амплитудасининг рационал қийматлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Пахта чигитини саралаш ва майда ифлосликлардан тозалашнинг такомиллаштирилган технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган натижалар асосида:
пахта чигитини саралаш ва тозалашнинг янги технологияси “Ўзпахтасаноат” АЖ тассаруфига кирувчи корхоналарда, жумладан “Тўрақурғон пахта тозалаш” корхонасида жорий этилган (“Ўзпахтасаноат” АЖнинг 2019 йил 2 декабрдаги 03-18/6897-сон маълумотномаси). Натижада корхонада йигиришга яроқли тола чиқишини 0,52% га ошириш имкони яратилган;
пахта чигитини саралаш ва тозалаш қурилмаси “Ўзпахтасаноат” АЖ тассаруфига кирувчи корхоналарда, жумладан “Косонсой пахта тозалаш” корхонасига жорий этилган (“Ўзпахтасаноат” АЖнинг 2019 йил 2 декабрдаги 03-18/6897-сон маълумотномаси). Натижада пахта чигитини тозалаш жараёни самарадорлигини 8-10% га ошириш, линтдаги ифлосликлар ва нуқсонлар миқдорини 0,3-0,4% га камайтириш имкони яратилган;
саралаш жараёнини чигит билан таъминловчи вибрацион таъминлагич конструкцияси ва саралаш жараёни рационал параметрлари “Ўзпахтасаноат” АЖ тассаруфига кирувчи корхоналарда, жумладан “Тўрақурғон пахта тозалаш” корхонасида ишлаб чиқаришга жорий этилган (“Ўзпахтасаноат” АЖнинг 2019 йил 2 декабрдаги 03-18/6897-сон маълумотномаси). Натижада пахта чигитини саралаш ускунасининг самарадорлиги 5,0-6,0% га ошган.