Абдуназаров Элбек Элмуродовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Анор тупларини кўмадиган машина ишлаб чиқишнинг илмий-техник ечимлари”, 05.07.01 – Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.1.DSc/Т762.
Илмий маслаҳатчи: Имомқулов Қутбиддин Боқижонович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти, DSc.08/2025.27.12.Т.13.01.
Расмий оппонентлар: Толибаев Алписбай Ержанбаевич, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Мусурманов Аззам Турдиевич, техника фанлари доктори, профессор; Худояров Анвар Назиржонович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади анор тупларини кўмадиган машина ишлаб чиқишга қаратилган илмий-техникавий муаммони ечиш йўли билан унинг иш кўрсаткичлари ва самарадорлигини ошириш ҳамда ҳаражатлар сарфини камайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
анор тупларини кўмадиган машинанинг конструксияси у иш жараёнида анор тупларини эгиши, уюмлаши, бир текис ётқизиши ҳамда белгиланган талаблар даражасида кўмишни таъминлашини ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган;
анор тупларини кўмадиган машина уюмлагичи параметрларининг ўзгариш чегаралари анор туплари архитектоникаси ва агрегат ҳаракат тезлигини ҳисобга олган ҳолда келтириб чиқарилган аналитик боғланишлар асосида аниқланган;
машина иш органлари(уюмлагичи, нов шаклидаги узатгичи, туп ётқизгичи, кўмувчи корпуслари ва шиббалагичи)нинг параметрлари анор тупларини кўмилиш ва шикастланиш даражалари белгиланган меъёрларга мос ҳамда машинанинг тортишга қаршилиги минимал бўлишини ҳисобга олган ҳолда аниқланган;
машина таянч текислигидан осиш қурилмасининг пастки тақиш нуқтасигача бўлган тик масофа унинг корпуслари белгиланган чуқурликка ботиши, шу чуқурликда барқарор ишлаши ҳамда талаб этилган транспорт тирқиши таъминланишини ҳисобга олган ҳолда асосланган;
анор тупларини кўмадиган машина иш органларининг параметрлари ва рамада жойлашишини мақбул қийматлари агротехник ва энергетик мезонлар бўйича асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Анор тупларини кўмадиган машина ишлаб чиқишнинг илмий-техник ечимлари бўйича олинган натижалар асосида:
анор тупларини кўмишда уларни кам шикастлайдиган ва ресурстежамкор машинага Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интелектуал мулк марказининг фойдали моделига патент олинган (“Анор тупларини кўмадиган машина”, № ФАП 01609). Натижада юқори қувватли ғилдиракли тракторлар билан агрегатланадиган иш унуми 2,22 марта юқори бўлган анор тупларини кўмадиган машина конструксиясини ишлаб чиқиш имкони яратилган;
анор тупларини кўмадиган машинанинг тажриба нусхаси Сирдарё вилояти Боёвут ҳамда Мирзаобод туманлари фермер хўжалигида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 30-майдаги 05/01-05/04-03-224-сон маълумотномаси). Натижада анор тупларини кўмишда меҳнат сарфи 96,3 фоизга, эксплуатация харажатлар 20,9 фоизга камайган;
анор тупларини кўмадиган машинанинг саноат нусхаларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш учун унинг лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари (дастлабки талаблар ва техник топшириқлар) “БМКБ-Агромаш” АЖ да лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 30-майдаги 05/01-05/04-03-224-сон маълумотномаси). Натижада асосланган параметрларга эга бўлган анор тупларини кўмадиган машинани саноат усулда ишлаб чиқиш ва битта машинадан йилига 36562038,9 УЗС иқтисодий самара олинган.