Ходжаев Собир Джумаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда ўзгаришлар шароитида кексаларнинг ижтимоий фаоллиги: социогеронтологик таҳлил”, 22.00.02 – Ижтимоий тузилиш, ижтимоий институтлар ва турмуш тарзи.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.3.DSc/S32.
Илмий маслаҳатчи: Содиқова Шоҳида Мархабоевна,  социология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси,  DSc.04/2025.27.12.S.01.02.
Расмий оппонентлар: Шоумаров Гʻайрат Бахромович, академик, психология фанлари доктори, профессор; Саифназаров Исмоил Саифназарович, фалсафа фанлари доктори, профессор;  Сеитов Азамат Рамазанович, социология фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон шароитида кексаларнинг ижтимоий фаоллигини социогеронтологик нуқтаи назардан таҳлил қилиш, ушбу фаолликни баҳолаш учун индикаторлар тизимини ишлаб чиқиш ҳамда кекса авлод иштирокини оширишга оид илмий асосланган таклиф ва тавсиялар тайёрлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жамиятда кексаларнинг фаол иштирокини таъминлайдиган бандлик, иштирок, мустақил, соғлом ва хавфсиз ҳаёт, шарт-шароитларни ўз ичига олувчи “фаол кексайиш” индекси ишлаб чиқилган; 
институционал ҳамкорлик моделида маҳалла, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хизмат кўрсатувчи тузилмалар ўртасида кекса авлод иштирокини оширишга хизмат қиладиган институционал дизайн ишлаб чиқилган, ушбу дизайн доирасида жараёнлар субъектларининг роллари, хизматлар занжири ва ўзаро мувофиқлаштириш механизми аниқланган; 
Ўзбекистонда кексаларнинг ижтимоий фаоллигини баҳолайдиган миллий индикаторлар тизими (иқтисодий (бандлик), жамоат/волонтёрлик, норасмий парвариш, маданий-ижтимоий ҳамда рақамли иштирок) ишлаб чиқилган, мустақил ҳаёт кўрсаткичларини ўз ичига олган ҳолда локаллаштирилган;
кексаларнинг ижтимоий фаоллиги ва рақамли тенгсизликка таъсир қилувчи кўрсаткичларни шаҳар ва қишлоқ, гендер ҳамда таълим кесимлари бўйича эмпирик таҳлил қилинган, ижтимоий ва рақамли барқарорликка қаратилган индикаторлар тизими назарий ва методологик жиҳатдан социологик асослантирилган;
амалдаги стратегик ҳужжатлар (кекса авлодни қўллаб-қувватлашга оид фармон ва қарорлар) қиёсий таҳлил қилинган, фаолият кўрсаткичларини натижа ва таъсир кўрсаткичлари билан тўлдириш, шу жумладан рақамли инклюзия ва авлодлараро бирдамлик индикаторларини жорий этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилган;
кексалар менторлиги, қайта тайёрлаш/мослаштирилган меҳнат, рақамли саводхонлик курслари каби пилот интервенсиялар учун амалий модел ишлаб чиқилган, уларни жорий этишнинг мақсадли (маълумот оқими ва ҳисобдорлик тартиби кўрсатилган  мониторинг-баҳолаш схемаси) харитаси ишлаб чиқилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертацияда ишлаб чиқилган назарий ва амалий хулоса, тавсия ва ишланмалар асосида:
жамиятда кексаларнинг фаол иштирокини таъминлайдиган бандлик,  иштирок, мустақил, соғлом ва хавфсиз ҳаёт, шарт-шароитларни ўз ичига олувчи “фаол кексайиш” индекси ишлаб чиқилганлиги ва Ўзбекистонда кексаларнинг ижтимоий фаоллигини баҳолайдиган миллий индикаторлар тизими (иқтисодий (бандлик), жамоат/волонтёрлик, норасмий парвариш, маданий-ижтимоий ҳамда рақамли иштирок) ишлаб чиқилган, мустақил ҳаёт кўрсаткичларини ўз ичига олган ҳолда локаллаштирилганлиги бўйича таклифларидан 2023-йилда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар институти билан БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликдаги тадқиқотининг методологиясини ишлаб чиқиш ва уни ўтказишда фойдаланилди (Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 2025-йил 13-сентябрдаги 02-03/1530-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистон Республикасида кексаларнинг соғлом ва фаол кексайиш индексининг 2-домени - жамият ҳаётида иштирок этиш  йўналишининг 2.3.2 ва 2.3.3-саволлари,  3-домени - мустақил, соғлом ва хавфсиз йўналишининг 3.2.1 ва 3.2.2-саволлари, 4-домен – фаол кексайиш учун қулай муҳит ва шароитлар йўналишининг 4.2.2 ва 4.2.3 ҳамда 4.2.4-савол индикаторлари билан бойитилди, тадқиқот методологияси ва инструментарияси такомиллаштирилди.
институционал ҳамкорлик моделида маҳалла, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хизмат кўрсатувчи тузилмалар ўртасида кекса авлод иштирокини оширишга хизмат қиладиган институционал дизайн ишлаб чиқилган, ушбу дизайн доирасида жараёнлар субъектларининг роллари, хизматлар занжири ва ўзаро мувофиқлаштириш механизми аниқланганлиги бўйича таклифидан Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси экотизими (маҳалла, “Нуроний”, ННТ ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар)да роллар, хизматлар занжири ва мувофиқлаштириш механизмини йўлга қўйишда фойдаланилди (Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг 2025-йил 19-сентябрдаги 03/497-сон маълумотномаси). Натижада маҳаллаларда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили ва “Уч авлод учрашувлари” лойиҳаси амалий тарзда жорий этилди, “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари муаммоли оилаларга бириктирилди, рағбатлантириш тартиби белгиланди. “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, ташкилотлардаги “Фахрийлар Кенгаши” фаолиятини мувофиқлаштириш вазифалари норматив-ҳуқуқий тартибда белгилаб қўйилди, бу хизматлар занжирини (масала аниқлаш → бириктириш → хизмат кўрсатиш → мониторинг) институционаллаштирди, ҳудудий ишларда нуронийларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, устозлик ва бириктириш ишлари бўйича вазифалар изчиллаштирилди.
кексаларнинг ижтимоий фаоллиги ва рақамли тенгсизликка таъсир қилувчи кўрсаткичлари шаҳар ва қишлоқ, гендер ҳамда таълим кесимлари бўйича эмпирик таҳлил қилинган, ижтимоий ва рақамли барқарорликка қаратилган индикаторлар тизими назарий ва методологик жиҳатдан социологик асослантирилган деган таклифидан Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмасининг мониторинг-таҳлил амалиётида  ҳудудлар кесимида индексация жадваллари - “индекс хариталари”ни тузиш, шаҳар–қишлоқ, гендер ва таълим даражалари бўйича тафовут профилини жорий этишда фойдаланилди. (Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг 2025-йил 10-сентябридаги 04-15/379-сон маълумотномаси). Натижада 2023-2025-йиллар манзилли чора-тадбирлар режаси индикаторларга боғланди, ресурслар юқори тафовутли туман-маҳаллаларга қайта тақсимланди, рақамли тенгсизликка қарши “рақамли инклюзия” микролойиҳалар (компютер саводхонлиги, давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш бўйича тренинглар) ишга туширилиб, ҳисобот тартибига натижадорлик (КПИ) кўрсаткичлари киритилди. 
амалдаги стратегик ҳужжатлар (кекса авлодни қўллаб-қувватлашга оид фармон ва қарорлар) қиёсий таҳлил қилинган, фаолият кўрсаткичларини натижа ва таъсир кўрсаткичлари билан тўлдириш, шу жумладан рақамли инклюзия ва авлодлараро бирдамлик индикаторларини жорий этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 11-мартдаги ПҚ-92-сон қарорининг 4-бандида жорий этилган “Бир нуроний - ўн ёшга масъул” тамойили ҳамда 3-илова, ИИ-бўлим, 18-бандда белгиланган тартиблар (фаол нуронийларни таълим муассасаларига бириктириш, “маҳаллабай” рўйхатларни шакллантириш ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш) ни амалга татбиқ этишда фойдаланилди (Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг 2025-йил 19-сентябрдаги 03/497-сон маълумотномаси). Натижада фаол нуронийларни таълим муассасаларига бириктириш, “маҳаллабай” рўйхат ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш каби вазифалар амалиётга киритилди.  
кексалар менторлиги, қайта тайёрлаш/мослаштирилган меҳнат, рақамли саводхонлик курслари каби пилот интервенсиялар учун амалий модел ишлаб чиқилган, уларни жорий этишнинг мақсадли (маълумот оқими ва ҳисобдорлик тартиби кўрсатилган  мониторинг-баҳолаш схемаси) харитаси ишлаб чиқилганлигидан маҳаллада мувофиқлаштирилган бошқарув орқали ёрдамни сегментлаш ва назорат қилиш учун тезкор йўналтириш протоколлари ва амалий хизматлар занжири (санаторий, дори-дармон, протез-ортопедия, жарроҳлик харажатлари ва ҳ.к.)ни ташкил этишда фойдаланилди (Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг 2025-йил 10-сентябридаги 04-15/379-сон маълумотномаси). Натижада манзилли хизматларни тақсимлаш ва ахборот оқимини йўлга қўйиш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўрсатиладиган ёрдам сифати ва тезлиги ошди, мазкур таклифлар эса маҳалла даражасида тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш режаларини методологик жиҳатдан бойитди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish