Sayt test rejimida ishlamoqda

Инаков Шерзодбек Алишеровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ёлғиз кексалар саломатлик ҳолати, уларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдамни такомиллаштириш (Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти мисолида)», 14.00.33– Жамият саломатлиги. Соғлиқни сақлашда менежмент (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.PhD/Tib585.
Илмий раҳбар: Маматқулов Бахромжон, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, DSc.27.06.2017.Тib.31.01.
Расмий оппонентлар:Ризаев Жасур Алимжанович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Шарипова Мадина Каримовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Жанубий-Қозоғистон тиббиёт академияси.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ёлғиз кексаларнинг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш бўйича ҳамда уларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдамни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кекса ва қариялар орасида ажрашиш ва турмуш ўртоғини йўқотиш уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи, оила ва қариндошлари атрофида истиқомат қилиш эса ижобий таъсир кўрсатувчи омиллар эканлиги асосланган;
қарияларнинг ўртача касалланиш даражаси 1000 нафар ўрганилаётган контингентга 1492,3 ни ташкил қилиши, барча рўйхатга олинган касалликларнинг 68,0% ни қон айланиш тизими касалликлари, суяк-мушак тизими ва овқат ҳазм қилиш касалликлари ташкил этиши аниқланган;
кекса ва қарияларнинг касалланишларининг келиб чиқишида ёш, ижтимоий тоифа, турмуш шароити, турар жойнинг психологик муҳити, чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, тана вазни индекси ва жисмоний фаоллик етакчи хавф омиллар эканлиги асосланган;
ўз уйларида ва «Саховат» интернат-уйларида истиқомат қилувчи ёлғиз қариялар ўзгалар ёрдамига кўпроқ муҳтожлиги, ёш улғайиши билан ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, ҳаракатланиш ва парвариш қилиш қобилиятларининг кўпроқ пасайиши аниқланган;
ўз оила аъзолари билан истиқомат қилувчи қариялар вақт ва атроф-муҳитга нисбатан яхши ориентацияга эгалиги ва топшириқларни бажаришга кўпроқ мойил эканликлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ёлғиз қарияларнинг саломатлик ҳолати, турмуш шароити ва сифатини ўрганиш бўйича олинган тадқиқот натижалари асосида:
«Қарияларда касалланишнинг ривожланиш хавфини интеграллашган комплекс баҳолаш усули» номли услубий тавсиянома тасдқиланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 28 октябрдаги 8н-д/241-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ёлғиз қариялар саломатлик ҳолатини яхшилаш, уларнинг касалланишини барвақт аниқлаш йўли билан ҳамда индивидуал дифференциаллашган даволаш-соғломлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш орқали камайтириш имконини берган;
«Ёлғиз қариялар учун деменцияни барвақт аниқлаш бўйича CDR-саволномасини оптималлаштириш» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 28 октябрдаги 8н-д/241-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома қариялардаги клиник деменцияни эрта босқичларда аниқлаш имконини ҳамда уларга индивидуал дифференциаллашган даволаш-соғломлаштириш чора-тадбирларини ўтказиш йўли билан қарияларнинг турмуш сифатини ва ўз-ўзига хизмат кўрсатишини яхшилаш имконини берган;
ёлғиз кексалар саломатлик ҳолати, уларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдамни такомиллаштиришга қаратилган тадқиқотнинг тизимли таҳлили бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан, Андижон кексалар ва ногиронлар учун «Саховат» интернат уйи, Наманган кексалар ва ногиронлар учун «Саховат» интернат уйи, Охангарон кексалар ва ногиронлар учун «Саховат» интернат уйларига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлининг 2019 йил 30 декабрдаги 8н-з/262-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижалар тиббий-ижтимоий муассасаларнинг тиббий, ижтимоий ва иқтисодий самарадорлигининг ошишига, васийликка олинган қарияларнинг саломатлигини яхшиланишига, уларнинг турмуш сифатини ҳамда кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдамдан қониқиш ҳиссини ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish