Sayt test rejimida ishlamoqda

Аширов Юсуфбой Рахимбергановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўза навларини сувсизликка ва шўрланишга чидамлилигини ўрганиш», 06.01.02– Мелиорация ва суғорма деҳқончилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Qx401.
Илмий раҳбар: Исаев Сабиржан Хусанбаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Исашев Анваржон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Хасанов Мақсуд Марифович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Сирдарё вилоятининг суғориладиган, ўтлоқлашиб бораётган оч тусли бўз тупроқлари шароитида ўрта толали ғўзанинг Ан-Боёвут-2, С-6524, Бухоро-102, Султон, Наврўз, Пахтакор-1 ва Андижон-37 навларини турли суғориш тартибларида суғоришни амалга ошириб, ушбу навларнинг сув тақчиллиги ҳамда шўрланишга бардошлиларини ажратиш ва амалиётга тавсия беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор, Сирдарё вилоятининг суғориладиган, тупроғи сульфат хлорли туз билан шўрланган, ўтлоқлашиб бораётган оч тусли бўз тупроқлар шароитида ўрта толали ғўзанинг Ан-Боёвут-2, С-6524, Бухоро-102, Султон, Наврўз, Пахтакор-1 ва Андижон-37 навларини ЧДНСга нисбатан 65-65-60 % ҳамда 70-70-65 % тартибларда суғоришда тупроқнинг агрофизикавий, сув физик ва агрокимёвий хусусиятларининг ўзгариши аниқланган;
ғўза навларининг белгиланган икки хил (ЧДНСга нисбатан 65-65-60 % ҳамда 70-70-65 % тартибларда) суғориш тартибларида парваришлашда, уларнинг берилган сувдан фойдаланиши, яъни сув истеъмоли навлар кесимида аниқланган;
ўрганилаётган ғўза навларини белгиланган икки хил суғориш тартибларида суғоришнинг режими, ҳар галги ва мавсум охиридаги сарфланган сув миқдорлари аниқланиб, ушбу тартибда суғоришда ҳар бир ғўза навларининг ўсиб-ривожланиши, ҳосил тўплаши ва ҳосилдорлиги ҳамда тола сифатининг ўзгариш хусусияти бўйича ажратиб олинган;
Сирдарё вилоятининг шўрланган, сув тақчил бўлган тупроқлари шароитида икки хил суғориш тартибида парваришланган Ан-Боёвут-2, С-6524, Бухоро-102, Султон, Наврўз, Пахтакор-1 ва Андижон-37 ғўза навларининг ҳосилдорлигидан келиб чиқиб, иқтисодий самарадорлиги аниқланган ва ишлаб чиқаришга илмий асосли тавсия берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Сирдарё вилоятининг суғориладиган, ўтлоқлашиб бораётган оч тусли бўз тупроқлари шароитида ғўзанинг Ан-Боёвут-2, С-6524, Бухоро-102, Султон, Наврўз, Пахтакор-1 ва Андижон-37 навларини суғориш бўйича тадқиқот натижалари асосида:
пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун “Шўрланишга мойил бўлган тупроқлар шароитида ғўза навларини сув ресурсларидан самарали фойдаланиш” бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 17 октябрдаги 02/25-4014-сон маълумотномаси). Мазкур тавсиянома Сирдарё вилояти шароитида кўп тармоқли фермер хўжаликларида ғўза навларини сувсизликка ва шўрланишга чидамлиги билиш ҳамда турли даражада шўрланган ерларида маъдан ўғитлар меъёрини қўллашда қўлланма сифатида хизмат қилган;
Сирдарё вилоятининг суғориладиган, ўтлоқлашиб бораётган оч тусли бўз тупроқлари шароитида ғўзанинг Ан-Боёвут-2, С-6524, Бухоро-102, Султон, Наврўз, Пахтакор-1 ва Андижон-37 навларини маъданли ўғитлар билан гектарига N-200, P2O-140, K2O-100 кг меъёрда озиқлантириш ва суғориш олди тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 70-70-65 % тартибда суғоришни 90 гектарга жорий этилган (Ўзбекистон республикаси сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 17 октябрдаги 02/25-4014-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ғўзани ўсув даврида 0-2-0 тизимда 2 марта суғорилган, мавсумий суғориш меъёри гектарига 2200 м3 ва пахта ҳосилдорлиги 28,0 – 31,3 центнерни ташкил этган;
Сирдарё вилоятининг суғориладиган ўтлоқлашиб бораётган оч тусли бўз тупроқлари шароитида ғўзанинг Ан-Боёвут-2, С-6524, Бухоро-102, Султон, Наврўз, Пахтакор-1 ва Андижон-37 навларини суғориш олди тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 70-70-65% тартибда суғориш Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги “Нурли замин туҳфаси”, “Кумуш тола ЛБК”, “Улкан хирмон файзи”, “Ором нур само” фермер хўжаликларида 60 гектар пахта майдонларида жорий этилган (Ўзбекистон республикаси сув хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 17 октябрдаги 02/25-4014-сон маълумотномаси). Натижада суғориш сувлари 10 фоизгача тежалган, рентабеллик даражаси 15–20 фоизни ташкил этган ва гектаридан 2,5 центнергача қўшимча пахта ҳосили олишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish