Фазлиддинова Зулхумор Акрамжон қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишини прогнозлаштиришни геоахборот технологиялари асосида такомиллаштириш”, 08.00.12 – Минтақавий иқтисодиёт (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.1.PhD/Iqt3879 
Илмий раҳбар: Қодиров Абдурашид Маджитович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий-тадқиқот маркази. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/2025.27.12.I.23.03
Расмий оппонентлар: Эргашев Эркин Ирокович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; 
Валиев Бобур Батирович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишини прогнозлаштиришни геоахборот технологиялари асосида такомиллаштиришга қаратилган илмий таклифлар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
минтақавий ижтимоий-иқтисодий ривожланишни ГАТ технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда “ҳудудий аналитика - прогноз - стратегия - ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш” компонентларининг интеграцияси орқали такомиллаштирилган;
демографик жараёнларнинг Наманган вилояти туманлари кесимида иқтисодий қўллаб-қувватлаш коеффициенти (SR) даражасига кўра нисбатан қулай демографик муҳитга эга  
(SR ≥ 0,61) ва демографик юклама нисбатан юқори бўлган (SR ≤ 0,60) гуруҳларга ажратиш орқали ишлаб чиқариш кучларини ҳудудий жойлаштиришни стратегик устуворликларини аниқлашга услубий ёндашув такомиллаштирилган;
ҳудудий ресурслардан самарали фойдаланиш, инвеститсияларни жалб этиш ва ҳудудлар рақобатбардошлигини оширишга таъсир этувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда эконометрик моделлаштириш ёрдамида Наманган вилояти саноатининг 2030-йилгача бўлган истиқболли параметрлари туманлар кесимида ишлаб чиқилган;
Наманган вилоятида ишлаш чиқариш кучларини ратсионал жойлаштириш мақсадида ижтимоий-иқтисодий ривожланишни прогнозлаштиришни ГАТ билан интеграциялашган интерактив ахборот-таҳлилий харитаси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишини прогнозлаштиришни геоахборот технологиялари асосида такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
минтақавий ижтимоий-иқтисодий ривожланишни прогнозлаштиришнинг услубий ёндашувлари ГАТ-технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда “ҳудудий аналитика - прогноз - стратегия - ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш” компонентларининг интеграциясининг методикаси ишлаб чиқилди. Ушбу методика Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 29-декабрдаги ПҚ-394-сон “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ўз аксини топган (Наманган вилояти ҳокимлигининг 2026-йил 12- мартдаги 02/10-1699-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида бошқарув субектларига айнан ўз ҳудудига оид долзарб ва янгиланган прогноз натижаларини реал вақт режимида кўриш ва бошқа компонентларни таҳлил қилиш имконини беради. Шу билан бирга, тизим ижтимоий-иқтисодий ривожланиш индикаторларини аниқлаш, ресурс тақчиллиги ёки муаммоли ҳудудларни комплекс таҳлил қилиш имкониятини ҳам яратилди;
демографик жараёнлар ва ишлаб чиқариш кучларини ҳудудий жойлаштириш ўртасидаги ўзаро боғлиқлик геоахборот технологиялари асосида комплекс тадқиқ этилди ҳамда Наманган вилояти ва унинг туманлари иқтисодий қўллаб-қувватлаш коеффициенти (SR) кўрсаткичлари асосида типологик гуруҳларга ажратилди. Тадқиқот натижаларига кўра, I гуруҳ - нисбатан қулай демографик муҳитга эга ҳудудлар (Мингбулоқ, Поп, Чуст ва Янгиқўрғон туманлари) бўлиб, уларда меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши юқори даражада шаклланган (SR ≥ 0,61). II гуруҳ - демографик юклама нисбатан юқори бўлган ҳудудлар (Наманган шаҳри, Косонсой, Наманган, Норин, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чортоқ туманлари) бўлиб, уларда меҳнат ресурсларига юклама юқорироқ даражада намоён бўлди (SR≤ 0,60) (Наманган вилояти ҳокимлигининг 2026-йил 12- мартдаги 02/10-1699-сонли маълумотномаси). Мазкур илмий таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 29-декабрдаги ПҚ-394-сон “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ўз аксини топган ва натижанинг амалиётга жорий этилиши ҳудудларда демографик дивидендни ҳисоблаш аҳолининг ёш таркибидаги ўзгаришларнинг иқтисодий ривожланиш суръатларига таъсирини баҳолаш имконини берди. Туманларни гуруҳларга ажратиш эса ишлаб чиқариш кучларини ҳудудлар кесимида оқилона жойлаштириш ҳамда уларнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича қўшимча имкониятларни юзага келтирди;
ҳудудий ресурслардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудлар рақобатбардошлигини оширишга таъсир этувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда эконометрик моделлаштириш ёрдамида Наманган вилояти саноатининг 2030-йилгача бўлган истиқболли параметрлари туманлар кесимида ишлаб чиқилди. Мазкур илмий натижа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 29-декабрдаги ПҚ-394-сон “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори 4-иловаси 25-бандида белгиланган тегишли ҳудуд, тармоқ ва соҳадаги иқтисодий таҳдид ва кутилмалар, прогноз ва турли ценарийлар асосида таҳлилнинг амалга ошириш вазифаларининг ижросини таъминлашга хизмат қилган (Наманган вилояти ҳокимлигининг 2026-йил 12- мартдаги 02/10-1699-сонли маълумотномаси). Мазкур илмий натижанинг амалиётга жорий этилиши натижасида ҳудудлар кесимида иқтисодий-ижтимоий тармоқларни манзилли ривожлантириш, ресурсларни самарали тақсимлаш ҳамда паст ва ўрта даражадаги ҳудудлар учун устувор ривожланиш йўналишлари бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконияти таъминланган;
Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий прогнозлаштиришини геоахборот технологиялари билан интеграциялашган интерактив ахборот-таҳлилий харитаси туманлар кесимида ишлаб чиқилди ва аналитик натижалар асосида туманлар кесимида прогнозлаш жараёнларини амалга ошириш орқали стратегик режалаштириш, иқтисодий кўрсаткичлар башорати, реал вақтли ҳудудий хариталар, шунингдек халқаро таққослашлар ва устувор йўналишларни шакллантирилган (Наманган вилояти ҳокимлигининг 2026-йил 12- мартдаги 02/10-1699-сонли маълумотномаси). Мазкур илмий натижа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 29-декабрдаги ПҚ-394-сон “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори II бўлим (д) бандида белгиланган “ҳудудларда бошқарувни тўлиқ рақамлаштириш, шу жумладан, геоахборот тизимлари, очиқ маълумотлар платформалари ва интерактив онлайн кузатув воситаларини жорий қилиш” вазифасининг ижросини таъминлашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish