Пулатов Вахиджон Бахтияровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “интеллектуал тақсимланган бошқарув тизимларининг электрон қурилмаларини диагностикалаш ва параметрик созлаш алгоритмларини ишлаб чиқиш” 05.01.06 – Ҳисоблаш техникаси ва бошқарув тизимларининг элементлари ва қурилмалари.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.PhD/Т4179.
Илмий раҳбар: техника фанлари доктори, профессор. Жумаев Одил Абдужалилович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc. 03/2025.27.12.Т.02.03.
Расмий оппонентлар: техника фанлари доктори, профессор Марахимов Авазжон Рахимович; техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор Матёкубов Нурбек Рустамович.
Етакчи ташкилот: Олмалиқ шаҳридаги Москва пўлат ва қотишмалар институти Миллий тадқиқот технологик университети филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: интеллектуал тақсимланган бошқариш тизимларида носозликларни ўз вақтида аниқлаш, ишдан чиқиш оқибатларини минималлаштириш ва тизим параметрларини автоматик тарзда оптималлаштириш орқали электрон қурилмаларни диагностика қилиш ва параметрик созлаш алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
адаптив чизиқлаштириш, кенгайтирилган ҳолатлар фазоси ва стохастик ғалаёнларни баҳолаш усуллари асосида, тарқалган параметрли реал ночизиқли тизимни жамланган параметрли ва чекли ўлчамли ҳолат параметрлари векторида адекват аппроксимациялайдиган ночизиқли динамик тизимнинг ҳолат модели тенгламаларини олиш имконини берувчи алгоритм ишлаб чиқилган;
бошқариш тизимларининг бирламчи қурилмалари ва контроллерларидаги носозликларни аниқлаш, жойини белгилаш ва таснифлашни таъминлаш мақсадида қолдиқ сигналларни таҳлил қилиш, гипотезаларни статистик танлаш, ковариацион баҳолаш ҳамда адаптив диагностика мезонлари усулларига асосланган диагностика алгоритми ишлаб чиқилган;
тарқалган тизимларда ишлайдиган электрон қурилмаларнинг ўзаро таъсири ва мураккаб боғлиқликларини ҳисобга олган ҳолда, улардаги носозликларни реал вақтда аниқлайдиган ва идентификациялайдиган алгоритмлар ишлаб чиқилган;
юклама, ташқи муҳит ва тизим ҳолатидаги ўзгаришларни ҳисобга олиб, қурилмаларнинг ишлаш параметрларини реал вақтда динамик тарзда созлаш учун адаптив бошқарув усулларини машинавий ўқитиш билан интеграцияловчи алгоритмлар ишлаб чиқилган;
ноаниқ мантиқ асосида, башорат қилинаётган носозликларнинг жорий ҳолатини инобатга олган ҳолда, тарқалган тизимлардаги қурилмалар ўртасида ҳисоблаш ва энергия ресурсларини оптимал тақсимлаш алгоритмлари таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диагностика алгоритмларини синтез қилиш ва интеллектуал тақсимланган бошқариш тизимларининг электрон қурилмаларини параметрик созлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
диагностика алгоритмлари асосида ишлаб чиқилган ва уларнинг ўзаро таъсири ва мураккаб боғлиқликларини ҳисобга олган ҳолда тақсимланган тизимларда ишлайдиган электрон қурилмалардаги носозликларни реал вақтда аниқловчи дастурий таъминот 5-гидрометаллургия заводида жорий этилган (“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг 2026 йил 16 февралдаги 02-15-02/1566-сон маълумотномаси). Натижада, носозликлар бўлса ҳам, ишлашни давом эттириш учун тизимни автоматик созлаш таъминланган;
диагностика алгоритмлари асосида ишлаб чиқилган дастурий таъминот, юклама, ташқи муҳит ва тизим ҳолатидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда реал вақт режимида қурилмаларнинг ишлаш параметрларини динамик равишда созлаш учун адаптив бошқариш усулларини машинани ўрганиш билан бирлаштирган ҳолда 5-гидрометаллургия заводида жорий этилган (“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг 2026 йил 16 февралдаги 02-15-02/1566-сон маълумотномаси). Натижада, интеллектуал бошқариш тизимининг электрон компонентларининг диагностика кўрсаткичлари яхшиланган.