Sayt test rejimida ishlamoqda

Азимова Мадинабону Гуламджановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси  ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўза ҳосилдорлигига карбамид-Аммиакли селитра (КАС) ва карбамид асосида тайёрланган суспензия меъёрларининг таъсирини ўрганиш», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Qx232.
Илмий раҳбар: Ниязалиев Бегали Ирисолиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Боиров Абдунаби Жўраевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: ЎзРФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида етиштирилаётган ғўзанинг “Наврўз” навида КАС (карбамид аммиакли селитра) ва карбамид ўғитлари асосида тайёрланган суспензиянинг меъёрларини, ғўзанинг ривожланиш даврларида  барги орқали қўллашнинг, ўсимлик ўсишига ва ривожланишига, пахта ҳосилига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида ўрта толали ғўзанинг “Наврўз” навида, КАС ва карбамид ўғитлари асосида тайёрланган суспензияни ўсимликнинг ривожланиш даврларига боғлиқ ҳолдаги мақбул  қўллаш меъёрлари асосланган;
КАС ва карбамид ўғитлари асосида тайёрланган суспензияни мақбул қўллаш меъёрларининг ғўза ўсиши ва ривожланиши, қуруқ масса тўплаши, барг сатҳи юзаси, фотосинтез соф маҳсулдорлиги, гуллаш ва кўсаклар очилиши динамикаси, пахта ҳосили, толанинг технологик сифат кўрсаткичларига таъсири аниқланган;
КАС ва карбамид ўғитлари асосида тайёрланган суспензия меъёрларининг ғўзадаги иқтисодий самарадорлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тошкент вилоятининг қадимдан суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида, ғўза ҳосилдорлигига карбамид-аммиакли селитра (КАС) ва карбамид асосида тайёрланган суспензия меъёрларининг таъсирини ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
“Ғўзани баргдан озиқлантиришда азотли ўғитлар ва стимуляторларни қўллаш” мавзусида услубий тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 11 октябрдаги 02/025-3006-сон маълумотномаси). Бугунги кунда ушбу тавсиянома қишлоқ хўжалиги соҳасида, жумладан фермер хўжаликларида ва илмий муассасаларда қўлланма сифатида фойдаланилмоқда;
ғўза парваришида маъдан ўғитлардан тайёрланган карбамид-аммиакли селитра (КАС) суспензияси такомиллаштирилган агротехнологиялари асосида  ғўзани барг орқали озиқлантиришда қўлланилиб, 2011-2016 йиллар мобайнида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманининг “Абдувалиев Мухриддин” фермер хўжалигида – 74 га, “Сағдулла Обод”да – 70 га, “Мирзакаримов Тешабой ота”да – 120 га, “Агро Азия”да – 50 га, “Ниязали Агро”да – 50 га, жами 364 гектар ғўза етиштирган майдонларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 11 октябрдаги 02/025-3006-сон маълумотномаси). Натижада КАС ўғити 5,0 л/га меъёрда тайёрланган суспензиядан ғўзани 2-3 чин баргли даврида қўлланилганда назоратга нисбатан 2,0 ц/га қўшимча ҳосил олинган;
карбамид ўғити асосида тайёрланган суспензиянинг такомиллаштирилган агротехнологиялари ғўзани барг орқали озиқлантириш Ўрта Чирчиқ туманининг “Турон” фермер хўжалигида – 128 га, “Истиқлол”да – 95 га, “Мадониз”да – 108 га, “Холмат Агро”да – 88 га, туман бўйича жами 429 гектарга, Қибрай тумани Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти Марказий тажриба хўжалигида жами 10 гектарда жорий этилган бўлиб, Тошкент вилояти бўйича жами 793 гектар ғўза етиштирган майдонини ташкил этган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 11 октябрдаги 02/025-3006-сон маълумотномаси). Натижада карбамид ўғити 4,0 кг/га меъёрда тайёрланган суспензияси  ғўзани 2-3 чинбаргли даврида қўлланилганда назоратга нисбатан қўшимча ҳосил 2,5 ц/га олинган. Ғўзани  шоналаш даврида карбамидни 7,0 кг/га қўлланилганда юқори пахта ҳосили назоратга нисбатан ўғит турларига мутаносиб равишда 33,4 ц/га ни ташкил қилиб, қўшимча ҳосил 2,8 ц/га олинган. Ғўзани гуллаш даври бошида карбамид 10,0 кг/га қўлланилганда, назоратга нисбатан қўшимча пахта ҳосили 3,8 ц/га ортиб, рентабеллик даражаси эса 30% га юқори бўлган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish