Нозимова Азиза Бахтиёровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Самарқанд вилояти доривор ўсимликларининг чанг таҳлили», 03.00.05 – Ботаника (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.4.PhD/В1308.
Илмий раҳбар: Исламов Бўстон Султанович, биология фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/2025.27.12.B.09.10.
Расмий оппонентлар: Тошпўлатов Йигитали Шавкатиллаевич, биология фанлари фалсафа доктори (PhD), доцент; Ҳамраева Диловар Толибжоновна, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Самарқанд вилоятида учрайдиган доривор ўсимликларнинг чанг доналари морфоструктуравий, кимёвий таркиби ва фертил-стериллик хусусиятларини аниқлаш, палинологик маълумотлар базасини яратиш ҳамда ГАТ технологияларидан фойдаланиб, йиғилган чанг доналарининг ҳудудий харитасини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Самарқанд вилоятида учрайдиган 26 оила, 48 туркум ва 60 турни ўз ичига олган доривор ўсимликлар ҳудуд флорасининг палинологик таркибини акс эттирувчи ноёб илмий фонд сифатида таксономик, экологик ва фармакогнозик йўналишларнинг муҳим илмий-амалий манбаи бўлган чанг доналари коллекцияси яратилган;
Самарқанд вилоятида учрайдиган 15 тур доривор ўсимлик чанг доналарининг морфоструктуравий хусусиятлари, жумладан ўлчами, қутбий ва экваториал кўриниши, апертура тури ҳамда экзина тузилиши, палиноморфологик белгилари аниқланган;
тадқиқот ҳудудида учрайдиган доривор ўсимлик турлари чанг доналарининг фертил-стериллик хусусиятлари (миқдорий ҳамда фоиз кўрсаткичлари), репродуктив салоҳияти баҳоланган;
доривор ўсимлик турлари чанг доначаларининг кимёвий таркиби, палинологик аҳамияти илмий асосланган ҳамда ГАТ технологияларини қўллаган ҳолда айрим доривор ўсимликлар чанг доналарининг терилган ҳудуд хариталари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Самарқанд вилояти доривор ўсимликларининг чанг таҳлили, морфо-анатомик хусусиятлари, кимёвий таркибини ўрганиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Самарқанд ҳудудида ўсадиган доривор ўсимликларнинг чанг доналарини морфоанотомик тузилиши органилиб, ўсимликларни рўйхати ва ГАТ харитаси шакиллантирилган ҳамда Самарқанд вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2025 йил 23 майдаги 03-03/1-03/3-5040-сон маълумотномаси). Натижада, чанг донасининг морфо-структуравий тузилишига қараб соғлом экосистемани аниқлаш ва мониторинг қилиш имконини берган;
Самарқанд вилояти ҳудудидан 60 турдаги доривор ўсимликларнинг гулчанги коллекцияси яратилган ва эталон препаратлар тайёрланиб Самарқанд вилояти Ўрмон хўжалиги фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2025 йил 23-майдаги 03-03/1-03/3-5040-сон маълумотномаси). Натижада, Самарқанд вилоятида доривор ўсимликлар популяциялар ҳолатини мониторинг қилиш, табиий популяцияларининг зарарланиши ва камайиб кетиш сабабларини аниқлаш имконини берган.