Хамдамова Барно Тажидин қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тритикале селекцияси учун бошланғич манбалар яратиш, коллекцион нав намуналаридан танлаш ва жорий этиш”, 06.01.05 – Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2024.4.PhD/Qx1520
Илмий раҳбар: Эгамов Илхомжон Ураимжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Расмий оппонентлар: Жўраев Сирожиддин Турдиқулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Зиядуллаев Зоҳид Файзуллаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Дон ҳосили ва сифати юқори бўлган коллекция нав намуналари асосида олинган дурагайларни баҳолаш орқали ҳосилдорлиги ва дон сифати юқори бўлган бошланғич манбаларни танлаб олиш ҳамда мавжуд нав намуналар асосида тритикаленинг янги навини яратиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор тритикаленинг маҳаллий ва дунё коллекциясига тегишли 185 та нав ва намуналари орасидан Андижон вилоятининг ўтлоқи бўз тупроқлари шароитига мос, дон ҳосили ва сифати юқори, қишга бардошли, ётиб қолишга чидамли бўлган 50 та янги нав ва намуналар танлаб олинган;
маҳаллий ва дунё коллекцияси намуналарини 18 та комбинация бўйича чатиштириш асосида тритикаленинг ҳосилдорлик ва дон сифат кўрсаткичлари юқори, ётиб қолишга чидамли, касалликларга бардошли 16 та дурагай олинган;
дон таркибидаги оқсил миқдори юқори, қишга ва сариқ зангга бардошли, ҳосилдорлик кўрсаткичи бўйича андоза навлардан устун бўлган 3 та нав ва КНИИХС-70 намунаси танлаб олинган;
жаҳон генофонди намуналаридан кўп марта якка танлаш орқали танлаб олинган КНИИХС-70 намунаси асосида ҳосилдор, дон сифат кўрсаткичлари юқори, суғориладиган шароитга мос, қишга ва касалликларга бардошли тритикаленинг янги “Ниҳол” нави яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Кузги тритикаленинг ҳосилдорлиги ва дон сифат кўрсаткичлари юқори навларини яратиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида: 
кузги тритикаленинг хорижий КНИИХС-70 намунасидан якка танлаш усули орқали янги “Ниҳол” нави яратилган ва мазкур нав Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти, Фарғона илмий тажриба станциясида 1,2 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 15 октябрдаги 05/05-03-430-сон малумотномаси). Натижада, гектаридан 88,5 сентнер дон ҳосили етиштирилиб, назорат сифатида экилган Сергей навига нисбатан 9,0-11,0 сентнер юқори ҳосил олинган ҳолда, дон таркибидаги оқсил миқдори назоратга нисбатан 0,9-1,7 фоизгача, клейковина миқдори 1,1-1,4 фоизгача, доннинг шаффофлиги 6,0-9,0 фоизгача юқори бўлишига эришилган;
“Ниҳол” нави Наманган вилояти, Уйчи туманида жойлашган Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти, Наманган илмий тажриба станциясида 1,0 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 15 октябрдаги 05/05-03-430-сон малумотномаси). Натижада, жорий этилган навдан 87,8 сентнер дон ҳосили етиштирилиб, назорат Сергий навига нисбатан 7,0-8,0 с/га юқори ҳосил олиш билан бирга, дон таркибидаги оқсил миқдори 0,5-0,6%, клейковина миқдори 2,0-3,0%, доннинг шаффофлиги 5,0-9,0% га юқори бўлишига ҳам эришилган;
“Ниҳол” нави Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Марказий тажриба даласида 1,2 гектар, Избоскан тумани, Охунбобоев массиви, “Темур Малик Ишончи” фермер хўжалигида 4,0 гектар ва “Камолиддин орзуси” фермер хўжалигида 3,0 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 15 октябрдаги 05/05-03-430-сон малумотномаси). Натижада, гектаридан ўртача 80,8-87,8 сентнер дон ҳосили, шу жумладан 6,4-8,0 с/га қўшимча ҳосил етиштирилган ва бу 1510,0-6875,0 минг сўм/га қўшимча даромад олишга ҳамда рентабеллик даражасини 30,6-38,5 фоизга ортишига имкон берган;
янги яратилган “Ниҳол” навининг Давлат нав синовини ташкил этиш ва экин майдонларини кенгайтириш учун етарли миқдорда навдор уруғликлар тайёрланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 15 октябрдаги 05/05-03-430-сон малумотномаси). Натижада, Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Фарғона ва Наманган илмий тажриба станцияларида бирламчи уруғчиликни ҳамда Қишлоқ хўжалик экинлари нав синаш маркази участкаларида нав синовини ўтказиш имконияти яратилган. 
    

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish