Джумаюев Синдор Неъматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Деталларга юқори аниқликда механик ишлов бериш технологик тизимларини рақамли моделлари ва бошқариш алгоритмлари”, 05.01.02 – “Тизимли таҳлил, бошқарув ва ахборотни қайта ишлаш” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.4.PhD/Т5062.
Илмий раҳбар: Сулюкова Лариса Фаритовна, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.03/2025.27.12.Т.09.06 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Якубов Сабир Халмурадович, техника фанлари доктори, профессор.
Мухамедиева Дилноз Тулкуновна, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети
II. Тадқиқотнинг мақсади: оптимал бошқарув усуллари асосида ишлов бериш аниқлиги, барқарорлиги ва сифатини оширишни таъминлайдиган, деталларга юқори аниқликда механик ишлов бериш технологик тизимларини бошқаришнинг рақамли моделлари ва алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ишлов бериш аниқлигини бошқаришни таъминлайдиган фаол бошқариладиган ўзгарувчи сифатида ўқ бўйлаб чўзувчи кучни ҳисобга олган ҳолда, кесиш параметрлари ва эластик деформациялар ҳолатларини фазода формаллаштириш асосида қаттиқ бўлмаган валларга токарлик ишлов бериш технологик тизимининг математик модели ишлаб чиқилган;
детал сиртининг шакли ва сифатини юқори аниқликда таъминлаш мақсадида интеграл квадратик баҳолаш мезони ва чизиқли-квадратик ростлаш (ЛҚР) усули асосида динамик ишлов бериш тизимини бошқариш алгоритми ишлаб чиқилган;
қаттиқ бўлмаган деталларга ишлов беришнинг тебранишга бардошлиги ва аниқлигини оширишни таъминлаш мақсадида, параметрларни минималлаштиришнинг кўп мезонли мақсадли функсияси асосида технологик тизим параметрларини оптимал бошқариш алгоритми ишлаб чиқилган;
ишлаб чиқаришнинг моддий-энергетик ресурсларини тежаш ва деталларнинг юқори аниқлигини таъминлаш мақсадида, рақамли лойиҳалаш босқичлари асосида токарлик ишлов бериш технологик тизимининг рақамли моделлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Диссертация тадқиқотлари доирасида ишлаб чиқилган оптимал бошқариш алгоритмлари ва қаттиқ бўлмаган деталларга юқори аниқликдаги механик ишлов бериш ТТ (технологик тизим) моделларини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ишлов бериш аниқлигини бошқаришни таъминлайдиган фаол бошқариладиган ўзгарувчи сифатида ўқ бўйлаб чўзувчи кучни ҳисобга олган ҳолда, кесиш параметрлари ва эластик деформациялар ҳолатларини фазода формаллаштириш асосида қаттиқ бўлмаган валларга токарлик ишлов бериш технологик тизимининг математик модели, детал сиртининг шакли ва сифатини юқори аниқликда таъминлаш мақсадида интеграл квадратик баҳолаш мезони ва чизиқли-квадратик ростлаш (ЛҚР) усули асосидаги динамик тизимни бошқариш алгоритми ҳамда деталларга юқори аниқликдаги механик ишлов бериш жараёнларини рақамли лойиҳалашнинг дастурий мажмуаси “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази”нинг амалий фаолиятига жорий этилган (Рақамли технологиялар вазирлигининг 2025-йил 17-ноябрдаги 34-8/8423-сонли маълумотномаси). Натижада юқори аниқликдаги деталларни лойиҳалаш самарадорлигини 30% га ошириш имконини берган;
қаттиқ бўлмаган деталларга ишлов беришнинг тебранишга бардошлиги ва аниқлигини оширишни таъминлаш мақсадида, параметрларни минималлаштиришнинг кўп мезонли мақсадли функсияси асосида технологик тизим параметрларини оптимал бошқариш алгоритми асосидаги дастурий воситаси “Каттақўрғон электротехника заводи” МЧЖда жорий этилган (Рақамли технологиялар вазирлигининг 2025-йил 17-ноябрдаги 34-8/8423-сонли маълумотномаси). Натижаларнинг жорий этилиши 3-5% дан кўп бўлмаган қайта созлаш билан 1,6 сония ичида ишлов беришнинг оптимал режимини ўрнатишни таъминлади, кесиш режимларини оптималлаштириш ва ишлов бериш операцияларини истисно қилиш ҳисобига роторнинг битта валига ишлов бериш вақтини 16,7% га камайтириш ва асбобнинг чидамлилигини 12-15% га ошириш имконини берган;
ишлаб чиқаришнинг моддий-энергетик ресурсларини тежаш ва деталларнинг юқори аниқлигини таъминлаш мақсадида, рақамли лойиҳалаш босқичлари асосида токарлик ишлов бериш технологик тизимининг рақамли моделлари ҳамда кесиш режимларини аниқлашга мўлжалланган дастурий мажмуа, шунингдек, қаттиқ бўлмаган валларга ишлов беришнинг барқарор жараёнини таъминлаш бўйича услубий тавсиялар Самарқанд вилояти касбий кўникмалар минтақавий марказида жорий этилган (Рақамли технологиялар вазирлигининг 2025-йил 17-ноябрдаги 34-8/8423-сонли маълумотномаси). Мазкур жорий этиш натижалари ишлов бериш аниқлигини 15–20 фоизга ошириш имконини берган.