Инамджанова Элнора Элбековнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Правовое регулирование инвестиционной деятельности в рамках цифровой экономики», 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.2.PhD/Yu1049
Илмий раҳбар: Якубов Ахтам Нусратиллоевич, юридик фанлар доктори, доцент
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.03
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, профессор Имомов Нурилло Файзуллаевич, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори Зайнобиддинова Фарангиз Бахтиёр қизи
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик
II. Тадқиқотнинг мақсади рақамли инвестицияларнинг ҳуқуқий тартибга солишнинг мустақил объекти сифатида назарий-ҳуқуқий концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда рақамли иқтисодиёт шароитида Ўзбекистон Республикасининг инвестиция қонунчилигини такомиллаштиришга оид таклифлар шакллантиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жисмоний ва юридик шахсларнинг рақамли технологиялар ва тақсимланган реестрлар воситасида рақамли активлар ҳамда рақамли иқтисодиёт обектларига, шу жумладан рақамли активлардан инвестиция ресурси сифатида фойдаланган ҳолда, фойда олиш ёки бошқа фойдали самарага эришиш мақсадида киритадиган маблағлари кўринишидаги «рақамли инвестициялар»нинг оригинал консепсиясини шакллантириш асослаб берилди;
рақамли инвестиция инфратузилмасининг киберхавфсизлигини таъминлашнинг институционал-ҳуқуқий моделини шакллантириш, яъни киберхавфсизлик соҳасида ваколатли давлат органини белгилаш, унга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш, киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчилик ижросини назорат қилиш, киберхавфсизлик ҳодисаларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш, ахборот тизимлари ва ресурсларининг киберҳимоясини ташкил этиш, заифликлар ҳамда эҳтимолий таҳдидлар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш, йиғиш ва таҳлил қилиш, шунингдек инвесторларнинг инвестициялари ҳақидаги маълумотларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ҳамда рақамли муҳитда инвестиция муносабатларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида давлат органлари, киберхавфсизлик субектлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш зарурлиги асослаб берилди;
инвестиция ва тадбиркорлик фаолияти соҳасида лицензиялаш-рухсат бериш тартиб-таомилларининг ҳуқуқий режимини такомиллаштириш, яъни лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этишнинг аниқ асосларини, уларни қайта расмийлаштириш талабларини, шунингдек лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш асосларини қонунчиликда мустаҳкамлаш орқали ҳуқуқий аниқлик, шаффофлик ва иқтисодий муомала иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шартларини таъминлаш зарурлиги асослаб берилди;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишнинг идоралараро таваккалчиликка йўналтирилган механизмини жорий этиш, яъни махсус ваколатли давлат органи томонидан жалб этилган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли таваккалчиликларни баҳолашни ташкил этиш чораларини кўриш орқали молиявий хавфсизликни, инвестиция муҳитининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда рақамли иқтисодиётни ғайриқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилиш зарурлиги асослаб берилди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Рақамли иқтисодиёт доирасида инвестиция фаолиятини тартибга солишни ўрганиш натижасида:
«рақамли инвестициялар», «рақамли активлар», «криптовалюта», «токен» ҳуқуқий таърифларидан фойдаланиш ҳақидаги таклиф инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришда, шунингдек халқаро инвестиция битимлари матнларида фойдаланилган ҳамда инвестицияларнинг турлари, шакллари ва обектлари очиб берилган Ўзбекистон Республикасининг 2019-йил 25-декабрдаги «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2023-йил 10-июлдаги 42-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши рақамли инвестиция фаолиятининг асосий категорияларини норматив жиҳатдан мустаҳкамлаш қисмида инвестиция қонунчилигининг тушунчавий аппаратини такомиллаштиришга хизмат қилган;
рақамли инвестиция инфратузилмасининг киберхавфсизлигини таъминлашнинг институционал механизмини мустаҳкамлаш, жумладан киберхавфсизлик соҳасида ваколатли давлат органини белгилаш, унинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш, киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш, киберхавфсизлик ҳодисаларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш, ахборот тизимлари ва ресурсларини ҳимоя қилишни ташкил этиш, тадқиқотлар ва мониторинг ўтказиш, шунингдек заифликлар ҳамда эҳтимолий таҳдидлар ҳақидаги маълумотларни аниқлаш, йиғиш ва таҳлил қилиш бўйича ваколатларини белгилаш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 15-апрелдаги «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Қонунини ишлаб чиқишда фойдаланилган ва мазкур Қонуннинг 11-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2024-йил 25-мартдаги 02/6-09-51-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга, инвестиция фаолиятида фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва ресурсларининг ҳимоясини таъминлашга, шунингдек рақамли муҳитда инвесторларнинг инвестициялари ҳақидаги маълумотларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилган;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш асосларини, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш талабларини қонунчиликда мустаҳкамлаш, шунингдек лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш асосларини такомиллаштириш ҳақидаги таклиф лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришда фойдаланилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунининг 29, 30 ва 33-моддаларида ўз аксини топган, уларга Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 15-ноябрдаги ЎРҚ-878-сон Қонуни 4-моддаси 1-банди ва Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 7-февралдаги ЎРҚ-905-сон Қонуни 20-моддаси 1-банди билан ўзгартиришлар киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2026-йил 4-майдаги 3/дн-63-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартибини такомиллаштиришга, шунингдек лицензияланадиган ва рухсат бериладиган фаолиятни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқий аниқликни мустаҳкамлашга хизмат қилган;
махсус ваколатли давлат органи томонидан жалб этилган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш таваккалчиликларини баҳолашни ташкил этиш юзасидан чоралар кўриш ҳақидаги таклиф мазкур ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришда фойдаланилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунининг 9-моддасида ўз аксини топган, унга Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 28-ноябрдаги ЎРҚ-880-сон Қонуни 27-моддаси 1-банди билан ўзгартириш киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2026-йил 4-майдаги 3/дн-63-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши молиявий хавфсизлик соҳасида таваккалчиликларни баҳолаш механизмини такомиллаштиришга, идоралараро ҳамкорликни кучайтиришга ҳамда жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилган.