Sayt test rejimida ishlamoqda

Мамлакатимизда бугунги кунда соғлом турмуш тарзи асосида ёшларимизни мустақил ҳаётга тайёрлаш масалаларига, таълим соҳасида маънавий ва жисмоний соғлом авлодни тарбиялаш, уларда репродуктив маданиятни шакллантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада, узлуксиз таълим тизимида ёшларнинг репродуктив маданиятини шакллантириш мазмунини такомиллаштириш, бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларини бу жараёнга назарий ва методик жиҳатдан тайёрлаш имкониятлари кенгаяди. Шулардан келиб чиқиб, биз “Бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг репродуктив маданиятини такомиллаштириш тизими” мавзусида илмий тадқиқот ишини олиб бордик. Дарҳақиқат, соғлом турмуш тарзи бўйича билим, кўникма ва малакаларни бошланғич синфдан  шакллантириш лозим. Бунинг учун эса, даставвал бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларини ушбу жараёнга тайёрлашимиз ва уларнинг репродуктив маданиятини ривожлантиришимиз зарур. Агар ўқитувчи ўз ўқувчисининг соғлигини, сифатли билим олишини, ривожланиб ўсишини, уларнинг соғлигига зиён келтирувчи зарарли одатлардан ҳимоя қила олмас экан, у шахс саломатлигини муҳофаза қила олмайди. Ваҳолангки, таълим тизими шахс саломатлигини шакллантирувчи ва мустаҳкамловчи муҳим бўғинлардан саналади. Шу нуқтаи назардан қараганда олий таълим муассасалари талабалари, яъни бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларнинг билим ва ҳаракатлари айнан шу мақсад учун йўналтирилиши, энг аввало, уларнинг ўзи ана шу соҳада зарурий билим, амалий кўникма ва малакалар билан қуролланган бўлиши лозим.
Ҳозирда Президентимиз ғоялари асосида бошланғич синфдан то юқори синфгача мактабларда “Тарбия” дарслари жорий этиляпти. “Тарбия” дарсларининг ичида хам айнан репродуктив саломатлик ва репродуктив маданият  масалалари қўйилган. Бунинг учун хам ушбу жараёнга ўқитувчи тайёр бўлиши керак.
Тадқиқотларимиз жараёнида “Талаба-ёшларнинг репродуктив маданиятини такомиллаштириш” модели, “Талаба-ёшларнинг репродуктив маданиятини шакллантириш” номли ўқув қўлланма, “Репродуктив маданият асослари” ўқув курси  яратилди ва амалиётда фойдаланилмоқда. Бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг репродуктив маданиятини такомиллаштириш модели асосида ишлаб чиқилган таълим муассасаларида репродуктив маданиятни кенг тарғиб қилишнинг ҳуқуқий асосларига оид таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси 6-хатбошини шакллантиришда инобатга олинган.
Жорий йил 24 январь куни мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ёшларнинг соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди. Мазкур мурожаатномани эшитиб, фан ва таълимга оид режалаштирилган улкан вазифалардан жуда таъсирландим. “2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши қалбимда соҳа ривожи учун янада катта мақсадларни пайдо қилди. Келажакда илмий ишларимни давом эттириб, нафақат бошланғич синф ўқитувчиларини, балки барча ўқитувчиларни ҳам шу жараёнга тайёрлаш масалаларини илмий  тадқиқ этишни ният қилдим. 

Нигора  Кенжабоева
 Сурхондарё вилояти Халқ таълими
ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг
малакасини ошириш ҳудудий маркази
катта ўқитувчиси

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish