Қодиралиев Саддам Бахтиёржон ўғлининг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикасида адвокатларнинг интизомий жавобгарлиги масалалари”, 12.00.07 – Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура ихтисослиги (юридик фанлар). Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.4.PhD/Yu2176.
Илмий раҳбар: Неъматов Жасур Аминжонович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.04
Расмий оппонентлар: Пўлатов Бахтиёр Халилович – юридик фанлар доктори, профессор; Зокиров Шерзод Илхом ўғли – юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади адвокатларнинг интизомий жавобгарлиги билан боғлиқ ҳуқуқий асос ва механизмларни такомиллаштириш, адвокатура назариясини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
интизомий иш юритиш тушунчаси сифатида адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдининг бузилиши Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ёки Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан аниқланганлиги, адвокатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатлар, суднинг адвокатга нисбатан чиқарган хусусий ажрими бўйича малака комиссияси томонидан ўтказиладиган ўрганиш эканлиги асослантирилган;
адвокатларнинг интизомий жавобгарлигини кўриб чиқишга ваколатли комиссия аъзолигига номзодлар адвокатлик фаолиятида камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, ва сўнги уч йил ичида интизомий жавобгарликка тортилмаган адвокатлар орасидан танлаб олинишига оид тартиб асослантирилган;
адвокатга нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш учун мурожаатлар атамани қўллаш, ушбу атама кенг маъноли бўлиб, у жисмоний ва юридик шахсларнинг шикоятларини тўлиқ қамраб олишга хизмат қилиши асосланган;
интизомий иш юритишни кўриб чиқишда комиссия интизомий иш юритиш билан боғлиқ айрим масалалар ҳудудий бошқарма томонидан тўлиқ ўрганилмаган ва қўшимча ўрганиш талаб қилинади деган хулосага келиб, комиссия қарори билан интизомий иш юритиш қўзғатилиб, қўшимча ўрганиш учун ҳудудий бошқармага топширилганда, ушбу ўрганиш муддати навбатдаги малака комиссияси ўтказилишидан беш иш куни олдин якунланиши ва малака комиссиясига қўшимча хулоса тақдим этилиши кераклиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши.
Тадқиқот натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
интизомий иш юритиш тушунчасини ишлаб чиқиш бўйича таклифдан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025-йил 3-июлдаги 15-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисида”ги Низомнинг (рўйхат рақами 3637, 2025-йил 7-июл) 1-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2025-йил 20-сентябрдаги 8/10-0014-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши адвокатга нисбатан интизомий иш юритиш тушунчасининг аниқ белгиланишига ва унинг чегараларини очиб беришга хизмат қилган;
малака комиссиясининг аъзолигига адвокатлардан номзодлар камида уч йиллик иш стажига эга бўлган ва сўнгги уч йил ичида интизомий жавобгарликка тортилмаган адвокатлар орасидан танлашга оид таклифдан “Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисида”ги Низомнинг (рўйхат рақами 3637, 2025-йил 7-июл) 8-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2025-йил 20- сентябрдаги 8/10-0014-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг қабул қилиниши адвокатларга нисбатан интизомий ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган комиссия аъзоларига қўйилган талабларни такомиллаштиришга хизмат қилган;
мурожаатларни интизомий иш юритишни қўзғатиш учун асослардан бири сифатида белгилашга оид таклифдан “Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги Низомнинг (рўйхат рақами 3637, 2025-йил 7-июл) 48-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2025-йил 20-сентябрдаги 8/10-0014- сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг қабул қилиниши адвокатга нисбатан интизомий иш қўзғатиш асосларини аниқ белгилашга хизмат қилган;
адвокатнинг интизомий жавобгарлигига оид иш материалларини қўшимча ўрганиш ўтказиш муддати навбатдаги малака комиссияси ўтказилишидан беш иш куни олдин якунланиши ва малака комиссиясига қўшимча хулоса тақдим этилишини белгилашга оид таклифдан “Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисида”ги Низомнинг (рўйхат рақами 3637, 2025-йил 7-июл) 52-банди олтинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2025-йил 20-сентябрдаги 8/10-0014-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши ҳужжатларни қўшимча ўрганишнинг оқилона муддатини белгилашга хизмат қилган.