Турдиев Бобомурод Хайриллоевичнинг
фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Дағал ва донли озуқаларни майдалайдиган универсал қурилма параметрларини асослаш”, 05.07.01 – Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Т5441.
Илмий раҳбар: Ғайбуллаев Бурхонжон Шерматжонович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса (муассасалар) номи: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти, DSc.08/2025.27.12.Т.13.01.
Расмий оппонентлар: Рахматов Орифжон – техника фанлари доктори, профессор; Росабоев Абдуқодир Тўхтақўзиевич – техника фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: “БМКБ-Агромаш” АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади чорвачиликка ихтисослашган кичик фермер ва деҳқон хўжаликларида ҳамда аҳоли хонадонларида боқилаётган чорва моллари учун дағал ва донли озуқаларни майдалайдиган универсал қурилма ишлаб чиқиш ва унинг параметрларини асослаш орқали иш сифати ва унумини ошириш ҳамда бошқа ҳаражатлар сарфини камайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
дағал ва донли озуқаларни майдалайдиган универсал қурилманинг конструксияси ва технологик иш жараёни майдаланадиган дағал ва донли озуқаларни зоотехник талаблар даражасида бўлиши ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган;
дағал ва донли озуқаларни майдалайдиган универсал қурилманинг ротори ва пичоқларининг параметрлари, дағал ва донли озуқаларнинг физик-механик хоссалари, ўлчам-масса ва таркибий кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда асосланган;
дағал ва донли озуқаларни майдалайдиган универсал қурилмани майдалаш аппарати роторининг айланишлар сони унинг дағал озуқа пояларини қирқиб ўтиши, донли озуқаларга максимал даражада зарб бериши учун етарли тезлигини таъминлаш шартидан келтириб чиқарилган аналитик боғланишлар асосида аниқланган;
универсал қурилма барабанининг айланишлар сони, майдалаш пичоғининг сони ва диаметри унинг агротехник ва энергетик иш кўрсаткичларига таъсирини баҳолайдиган регрессия тенгламаларини биргаликда ечиш шартидан аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Дағал ва донли озуқаларни майдалайдиган универсал қурилма параметрларини асослаш бўйича олинган натижалар асосида:
дағал ва донли озуқаларни майдалайдиган универсал қурилманинг сифат кўрсаткичларини баҳолашга дастлабки талаблар ва унинг конструксиясини лойиҳалашга техник топшириқ ишлаб чиқилган ҳамда “ҚХМИТИ-Агромаш” МЧЖ да лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 11-ноябрдаги 05/04-04-751-сонли маълумотномаси). Натижада, дағал ва донли озуқаларни майдалайдалашда қўлланиладиган универсал майдалагични ишлаб чиқиш имконияти яратилган; 
универсал қурилманинг тажриба нусхаси Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги “САФАР ОТА” ва “НОДИРА РЎЗИЕВА” фермер хўжаликларида ҳамда Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институтининг тажриба участкасига қарашли сут-маҳсулот фермасида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 11-ноябрдаги 05/04-04-751-сонли маълумотномаси). Синов натижаларига кўра, ишлаб чиқилган универсал қурилма қўлланилганда мавжуд техникаларга нисбатан меҳнат сарфи ва эксплуатацион харажатларни камайиши ҳамда энергия ва ресурстежамкорликка эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish