Ҳакимова Сабина Шамсиддин қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Энергия тежамкор қуёш қурилмасидан фойдаланиш асосида қовунни қуритиш жараёнини такомиллаштириш», 02.00.16 - Кимё технологияси ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш жараёнлари ва аппаратлари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.PhD/Т5593.
Илмий раҳбар: Мирзаев Шавкат Мустақимович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Бухоро давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро давлат техника университети, DSc.03/2025.27.12.Т.16.05.
Расмий оппонентлар: Қурбонов Жамшед Маджидович, техника фанлари доктори, профессор; Додаев Қўчқор Одилович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: энергия тежамкор қуёш қурилмасидан фойдаланиш асосида қовунни қуритиш жараёнини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«Торпедо» навли қовун бўлакларида сахарозанинг қатламлар бўйича тақсимотини аниқлашнинг экспериментал усули ишлаб чиқилган бўлиб, нД кўрсаткичи ±0,0001 аниқлик асосида қатламлар орасидаги ўртача фарқ ≈5% эканлиги исботланган;
қовуннинг оғирлигини 10,5% га камайтиришни таъминлайдиган, қуёш нурланиши ёрдамида 2 кунлик дастлабки ишлов беришга мўлжалланган энергия тежамкор иссиқхона турдаги қуёш қурилмаси яратилган ҳамда унинг оптимал иш режими асосида маҳсулот сифатини сақлаган ҳолда жараён давомийлигини 20-25% га қисқартириш имконини берувчи усул ишлаб чиқилган;
ички чегара учун симметрия шартини, ташқи чегара учун эса иссиқлик ва масса алмашинувининг экспериментал равишда асосланган шартларини ҳисобга олган ҳолда, бутун қовун ичидаги ҳарорат ва намликнинг ўзгаришини тавсифловчи дастлабки ишлов бериш жараёнининг математик модели ишлаб чиқилган;
дастлабки ишлов берилган хомашё 2,46 %/соат, ишлов берилмаган хомашё эса 1,65 %/соат қуритиш кинетикасига эга бўлган, қовунни қуритиш учун энергия тежамкор қуёш-инфрақизил иситиш қурилмаси ишлаб чиқилган ва унинг оптимал иш режими илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Энергия тежамкор қуёш қурилмасидан фойдаланиш асосида қовунни қуритиш жараёнини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
қовунга дастлабки ишлов бериш усули “Ливадия Бухара” МЧЖ корхонасида жорий этилган (Ўзбекистон озиқ-овқат саноати уюшмасининг 2025-йил 17-декабрдаги 17-123/12-2025-сонли маълумотномаси). Натижада, қуёш нурланиши ёрдамида умумий қуритиш давомийлигини ≈40%га қисқартириш имконини берган;
маиший қуёш-инфрақизил иситиш қуритиш қурилмасида қовун бўлакларини қуритиш усули “Усмон Шер Шамшод”МЧЖ корхонасида жорий этилган (Ўзбекистон озиқ-овқат саноати уюшмасининг 2025-йил 17-декабрдаги 17-123/12-2025-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу усулни қўллаш натижасида олдиндан ишлов берилган қовун намунаси массаси 10,5 % га камайиши ва юқори сифатли қуритилган қовун бўлакларини олиш имконини берган.