Хожабеков Муфтулла Жолмурза улининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Особенности правового регулирования труда лиц, работающих по совместительству”, 12.00.05 – Меҳнат ҳуқуқи. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.PhD/Yu946
Илмий раҳбар: Гасанов Михаил Юсупович, юридик фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.03.
Расмий оппонентлар: Аминжанова Матлуба Ахмедовна, юридик фанлар доктори, профессор, Рзаева Гузал Турғунбаевна, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўриндошлик асосида ишловчи шахсларнинг меҳнат қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ташқи ўриндошлик асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходимлар ҳуқуқий мақомининг ўзига хос хусусиятлари меҳнат шартномасини тузишда асосий иш жойидаги ходимлар учун белгиланган рўйхатдан фарқ қиладиган алоҳида ҳужжатлар рўйхатини (асосий иш жойидан маълумотнома, асосий иш жойидан тасдиқланган меҳнат дафтарчасининг нусхаси, асосий иш жойидаги меҳнатнинг хусусияти ва шартлари тўғрисидаги маълумотнома) шакллантириш зарурлигини асослантирилган;
меҳнат муносабатларининг ҳуқуқий аниқлигини таъминлаш ва иш вақтини самарали ҳисобга олишнинг зарур шарти сифатида иш вақти давомийлиги ва ўриндошлик бўйича иш режимини белгилаган ҳолда бир ёки бир нечта иш берувчилар билан мустақил меҳнат шартномасини мажбурий расмийлаштиришни назарда тутувчи ўриндошлик бўйича меҳнатни ҳуқуқий тартибга солиш концепцияси асослантирилган;
тегишли лавозимга бошқа ходимнинг қабул қилиниши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишга фақат янги қабул қилинаётган ходим учун ушбу иш асосий иш жойи бўлган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкинлиги, бу эса ўриндошликнинг ҳуқуқий табиати ва ходимларнинг асосий иш жойидаги штатдаги лавозимни эгаллашда устувор ҳуқуқини таъминлаш мақсадлари билан боғлиқлиги асослантирилган;
ўриндошлик асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходим билан меҳнат шартномасини бошқа ходимни тегишли ишга қабул қилиш асосида бекор қилиш, бўшаган лавозимга бошқа ўриндош қабул қилинган ёки кўрсатилган лавозим бўш қолган ҳолларда, қонунда назарда тутилган ушбу ишни эгаллаш шарти мавжуд бўлмаганлиги сабабли ғайриқонуний эканлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқотда олинган илмий натижалар асосида қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди:
ташқи ўриндошлик асосида ишга қабул қилишда тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги 434-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2022-йил 1-апрелдаги 12/21-22-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши ўриндошларни ишга қабул қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва иш берувчиларга маъмурий юкламани камайтиришга хизмат қилган;
ходимнинг амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган ҳолда бир ёки бир нечта иш берувчилар билан меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисидаги таклифдан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 435-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2022-йил 1-апрелдаги 12/21-22-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, ишга жойлашиш ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилган;
меҳнат шартномасини МК 441-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан фақат ўриндошлик асосида ишлаган ходимнинг ўрнига ишга қабул қилинаётган бошқа ходим учун бу иш асосий иш бўлган тақдирда бекор қилишга йўл қўйилиши тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 20-ноябрдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 42-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024-йил 18-январдаги 01-30-12-сонли далолатномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши уни суд амалиёти даражасида мустаҳкамлаш орқали меҳнат муносабатлари соҳасида ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлашга ҳамда меҳнат қонунчилиги нормаларини бир хилда талқин қилиш ва қўллашга хизмат қилган; 
ўриндош билан меҳнат шартномаси ўриндошлик асосида ишлаган ходимнинг ўрнига бошқа ходим ишга қабул қилинаётганлиги сабабли бекор қилингач, унинг ўрнига бошқа ўриндош ишга қабул қилинган ҳолда ёхуд бу ходимнинг эгаллаб келган лавозими (бажараётган иши) бўш қолиб кетса (вакант), МК 441-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига биноан меҳнат муносабатларининг бекор қилинишини ғайриқонуний деб деб топиш тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 20-ноябрдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 42-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024-йил 18-январдаги 01-30-12-сонли далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши ўриндошлик асосида ишловчи ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish