Титова Наталя Олеговнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Тошкент вилояти балиқчилик хўжаликларида етиштирилаётган балиқ маҳсулотлари (тирик балиқ) хавфсизлигига экологик омилларнинг таъсирини баҳолаш”, 03.00.10 – Экология, 06.02.03 - Хусусий зоотехния. Чорвачилик махсулотларини ишлаб чиқариш технологияси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/В1418.
Илмий раҳбарлар: Атабаева Наргис Каримовна, биология фанлари номзоди, доцент; Курбанов Абдулла Рухуллаевич, қишлоқ хўжалиги фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Балиқчилик илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.B.01.15.
Расмий оппонентлар: Камилов Бахтияр Ганиевич, биология фанлари доктори, префессор; Каримов Бахтиёр Курамбаевич, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: карпсимон балиқларни етиштиришда экологик омиллар ва технологияларнинг уларнинг ҳаётий жараёнларига таъсирини баҳолаш ҳамда етиштирилаётган балиқ маҳсулотлари (тирик балиқ) хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Тошкент вилояти балиқчилик хўжаликларида тирик балиқ маҳсулотлари хавфсизлигига таъсир этувчи гидроекологик, гидрокимёвий ва биологик омилларнинг ўзаро боғлиқлиги баҳоланган; 
сув ҳавзаларининг экологик ҳолати ўзгаришига мос равишда зообентос жамоаларининг трансформация қонуниятлари ҳамда уларнинг табиий озуқа базаси шаклланишидаги биоиндикаторлик аҳамияти аниқланган; 
гидроекологик шароитнинг ёмонлашуви балиқ организмида токсик моддалар тўпланиши ва маҳсулот хавфсизлиги пасайишига олиб келиши, сув муҳитини оптималлаштириш эса экологик хавфсиз балиқ маҳсулотлари олиш имконини бериши илмий асосланган; 
балансланган омухта емлар ва полимолекуляр оқсил комплекси ҳамда хитозан асосидаги биоқўшимчанинг балиқларнинг физиологик ҳолати, яшовчанлиги ва маҳсулдорлигини оширишдаги экологик самарадорлиги тажрибалар асосида исботланган; 
ҳовуз экотизимларини экологик бошқаришга асосланган, гидрологик режимни оптималлаштириш, мелиорация, паразитларни назорат қилиш ва рационал озиқлантиришни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ҳамда уларнинг балиқ маҳсулотлари хавфсизлиги ва экологик барқарорликни оширишдаги самарадорлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тошкент вилояти балиқчилик хўжаликларида етиштирилаётган балиқ маҳсулотлари (тирик балиқ) хавфсизлигига экологик омилларнинг таъсирини баҳолаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосида: 
 карпсимон балиқларни озиқлантиришни оптималлаштириш ҳамда сув ҳавзаларининг гидрокимёвий режимини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги «ТCТ фиш cлустер» МЧЖда жорий этилди (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2025-йил 5-февралдаги 02/23-71-сон маълумотномаси). Натижада ем хариди бўйича ҳисоб-китоб ва сметалар ишлаб чиқилди, омухта емларни мувозанатлаштирилган емлар билан алмаштириш тавсия этилди, озиқлантириш меъёрлари оптималлаштирилди ҳамда хлорелла суспензиясидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бу эса эриган кислород миқдорини ошириш, фосфор даражасини камайтириш, сианобактериялар ривожланишини чеклаш ва табиий озиқа базасини яхшилаш имконини берди. Бундан ташқари, паразитар касалликларни назорат қилиш бўйича профилактик чора-тадбирлар мажмуаси таклиф этилди. Жорий этиш натижасида 2024-йилда балиқлар ўлими 2021-йилга нисбатан 30–35 % га камайди, ёзги маҳсулот йўқотишлари 20–30 % га қисқарди ҳамда ҳовузларнинг экологик ҳолати яхшиланишига эришилган;
карпсимон балиқларни етиштириш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги «Кҳоррот фиш ҳоусе» УКда жорий этилди (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2025-йил 5-февралдаги 02/23-71-сон маълумотномаси). Жорий этиш натижасида автоматик ем тарқаткичлар ва аераторлардан фойдаланиш ҳамда ҳовузларнинг гидрологик режимини оптималлаштириш тавсия этилди. Мувозанатланмаган емлардан фойдаланиш емнинг ўзлаштирилиш даражасини 48 % гача пасайтириши аниқланган. Амалга оширилган тадбирлар натижасида балиқ маҳсулдорлиги 2021-йил даражасига нисбатан 1,5 баравар ошди ҳамда балиқлар касалланиши камайишига эришилган;
 сув ҳавзаларининг гидроекологик ҳолатини яхшилаш ва балиқ касалликларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги «Янги Хаёт Голден Фиш» фермер хўжалигида жорий этилди (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2025-йил 5-февралдаги 02/23-71-сон маълумотномаси). Жорий этиш натижасида рационал озиқлантириш бўйича тавсиялар берилди ҳамда эриган кислород миқдорини ошириш ва биоген элементлар даражасини камайтириш мақсадида хлорелла суспензиясидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Натижада балиқлар ўлими 2021-йилга нисбатан 30–35 % га камайди, ҳовуз экотизимларининг барқарорлиги ва балиқ маҳсулотлари сифати ошди ҳамда фойда 20–30 % га кўпайишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish