Айрим интернет манбаларида Олий аттестация комиссияси фаолияти, жумладан Раёсат қарорларини эълон қилиш, илмий даражаларни тасдиқлаш, диплом ва аттестатларни расмийлаштириш ҳамда бошқа ташкилий жараёнларга оид билдирилаётган баъзи фикрлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Аввало, тарқатилаётган айрим муносабатлар асосланмаган ва бир ёқлама талқинларга асосланган бўлиб, жамоатчиликда давлат ташкилоти фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотишга хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги Фармонига мувофиқ Олий аттестация комиссияси Фанлар академияси ҳузурига ўтказилди. Айни пайтда мазкур Фармон ижросини таъминлаш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида белгиланган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Шу боис тизим фаолияти сусайгани ҳақидаги иддаолар ҳақиқатга мос келмайди.
Олий аттестация комиссияси расмий ахборотларни жамоатчиликка янада тезкор етказиш ва эълон қилиш муддатларини қисқартириш бўйича зарур чораларни амалга оширмоқда.
Жумладан, Раёсат қарорлари билан тасдиқланган илмий даражалар ҳақидаги маълумотларни расмий веб-сайтда эълон қилиш, my.gov.uz ва бошқа давлат ахборот тизимларида акс эттириш жараёнлари бир нечта ахборот тизимлари ўртасидаги интеграциялаш асосида амалга оширилади. Шу сабабли электрон платформаларда маълумотларнинг акс этиши маълум техник муддатни талаб қилиши табиий.
Шу билан бирга, қабул қилинган қарорлар тегишли олий таълим ва илмий ташкилотларга корпоратив ахборот тизимлари орқали ўз вақтида етказилади.
Давлат намунасидаги илмий даража ва илмий унвонлар учун диплом бланкалари ҳамда муқоваларини чоп этиш “Давлат белгиси” давлат унитар корхонаси томонидан тайёрланади.
“Давлат белгиси” давлат унитар корхонаси мазкур маҳсулотларнинг ягона етказиб берувчиси ҳисобланганлиги сабабли “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тўғридан-тўғри шартнома тузилади ҳамда диплом бланкалари ва муқовалари учун тўлов ОАКнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ягона етказиб берувчи томонидан тайёрланган диплом бланкалари ва муқовалари талабгорларга шартномада белгиланган таннарх бўйича, ОАК томонидан ҳеч қандай устама қўлланилмаган ҳолда расмийлаштирилади. Талабгорлардан қабул қилинадиган маблағлар ОАКнинг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамига кирим қилиниб, тўлиқ ҳажмда диплом бланкалари ва муқоваларини харид қилиш мақсадларига йўналтирилади.
Шу муносабат билан, мазкур жараёнда ОАК “Давлат белгиси” давлат унитар корхонаси ва талабгорлар ўртасида фақат ташкилий, ҳисоб-китоб (трансфер) вазифасини амалга оширади ҳамда ушбу хизматдан мутлақо даромад олмайди.
ОАК Ахборот хизмати